ЎзА Ўзбек

15.12.2019 Чоп этиш версияси

Жулдур чопонли “қирол”

Жулдур чопонли “қирол”

Эссе

У камида икки юз йил умр кўришини башорат қилади. Тўғри, ўзи шунча йил яшаган кишини кўрмаган, аммо ўқиганки, Тибетда беш юз ёшга кирган одам сайёҳларга дуч келиб қолган. У Тибетда бўлган, мўъжизаларни ўз кўзи билан кўрган, узоқ умр кўриш сирларини ўрганган, қатъий амал қилади ва саъй-ҳаракатларининг самарасини ҳис этиб, узоқ, жуда узоқ умр кўришига ишонади. Бинобарин, у художўй одам, ҳаммаси Яратганга боғлиқ, дейди, аммо ҳаракат қилганни Яратган хуш кўришини ҳам билади ва уни-да қуруқ қолдирмаслигини истайди. Кўпларга ўхшамайдиган бу одамнинг турмуш тарзи жуда қизиқ. Табиатан, тақдирига тан берган бир мулойим мўмин бўлган, аммо ҳаётда қандайдир кучлар далда бериб олдинга ундайверган – мактабда физика ўқитувчиси, кечки техникумда ҳам физика муаллими, дўхтир тоғаси, партком, Гвенияда нўноқ агроном ва бошқалар турли мақомларда унга таъсир қилишган, “қитиқ пати”га тегиб кетишган ва бундай “ҳазил”лар унга туртки, балки тепки бўлиб, олдинга итқитиб юбораверган. Қизиғи – бориб тушган жойида ағнаб қолмаган, балки тикка тушиб, туриб, чангини қоқиб, яна илгари кетаверган. Жадалроқ, олдингидан ҳам жадалроқ кетган.

Отасини яхши эслайди: чапдаст, чаққон инсон эди, сартарош эди, хатна қиларди. Жорий бўлган тартибларимизга кўра, тўй-ҳашамда ўртада юрарди – элнинг эътиборидаги одам эди. Эсини таниганидан ҳалолликка ўрганди, ўргатишди. Қўлидан иш келадиган бўлиб, қўшнининг палагидан иккита бодирингни сўрамай узиб чиққани учун отаси шундай зириллатиб таъзирини бердики, фарзандларига мулойим одамнинг бунчалик дарғазаб бўлишининг сабабини тушунмади. Бодирингларни жойига қўйиб келгач, ойиси насиҳат қилди:

-Болам, бировнинг нарсасини сўрамай олиш уят ҳисобланади, ўғрилик ҳисобланади. Даданг сен туфайли изза бўлмасинлар...

Бола ўйга чўмди, зеҳни очилди, оқ-қорани ажрата бошлади. Икки кун ўтиб, ота уни қошига чорлади, бу сафар эркалатиб, бир сўм берди-да:

-Бор, гузардан қовун олиб чиқ, - деди. Терга ботиб кўтариб келган қовуни жуда ширин эди.

Ўшанда бу жойлар энди-энди ҳовли-жойга берилаётган, уйлар яккам-дуккам эди. Болалигида қорнини дўмбира қилиб чалиб юрадиган Соат ака қариб қолган, у эккан юздан зиёд тутлар шиғил кўкариб, соя ташлайдиган бўлиб қолганди. Ўша тутлардан ҳозир ҳам биттаси пойтахтнинг “Дўмбиробод” маҳалласидаги гузарнинг этагида бор экан. Бешёғочдан кўчирма қилинган уларнинг хўжалигига ҳам шу тутлар орасидан жой беришди. Ўша кунларнинг ҳаётий воқеалари ҳам қизиқ. Ўрни кўл бўлиши лозим бўлган маҳаллани зўрлик билан кўчиришди-да, кўрпа-тўшакдан бошқа ҳеч нарсани олишга рухсат берилмади. Бир ромни кўрпаларга ўраб аранг олиб чиқишди. Жойга эса бошқа биров олдинроқ келиб, киштикор қилиб юришар экан, “Ерни бермайман” деб, роса хархаша қилган, янги кўчиб келганларни босқинчи ўрнида кўришган. Ҳаёт ҳикматини қарангки, орадан юз йилга яқин вақт ўтса-да, икки қўшни ҳамон юз кўришмайди. Авлодлар янгиланди, бироқ хусумат мерос бўлиб ўтаверди, бу томоннинг ярашиш борасидаги ҳаракатларига у томон рақибона муносабат билдириб келди. Бу ҳамон давом этади, гўдаклар эшик қўнғироғини босиб қочишади, ҳовлига тош отишади... Тўй-маъракага ўтиш йўқ. “Мана, биз ўзбеклар нега бирлаша олмаймиз?” – ҳаётий хулоса эса мана шу.

Ҳаёт уни кўп нарсаларга ўргатди. Саккизинчидан кейин мактабда ўқишини давом эттиришига отаси қатъий қарши турди. Оилада ўн болани боқиш осон эмас эди, тўнғичи сифатида уни қаватига киришини истади ота ва ўзига югурдак қилиб ишга олди. Ўзи ҳам шунга кўникди, бир умр одамларнинг хизматида бўлишга бутун вужуди билан рози бўлди. Югурдаклик унга ёқарди, ўйнаб-ўйнаб, дикирлаб-дикирлаб юмушларни бажарарди. Бундан ота ҳам хурсанд, избосари пайдо бўлганидан ғурурланарди. Ўзи ҳам бир умр белига лунги боғлаб, қўлида устара билан мижозларнинг хизматида бўлишни дилдан истарди. Бола зеҳнида ҳамма нарса тошга ёзилган битикдай муҳрланиб қолган. Меҳмонларнинг қўлига қанча сув қуйишдан тортиб уларга қандай муомала қилишгача отаси қаттиқ сингдирди. Ва яна дедики, “Ҳеч қачон бошингдан дўппини ташлама. Дўппи ҳам ризқ, ҳам кўрк”. Отанинг гапини васиятдек қабул қилди, уни бир умр ёдида тутди, ҳозиргача дўпписи бошида. Эҳ, у кунлар қандай фараҳли эди. Эртанги кунини ўйламас, бўлгани шу, деб ҳаммасига кўникканди. Аммо у ижтимоий индивид эди, унинг борлигидан, ҳаётидан тузум бохабар эди ва давлати келажаги юзасидан меҳрибонлик қиларди. Қулоғидан судрагандек, кечки мактабга жалб қилишди. Ўқиш азоб эди, ўлганининг кунидан, отасига дакки беришларидан безиб, мактабга борарди. Дарс қилишга эса асло рағбати йўқ эди. Бир куни физика ўқитувчиси Ғулом Исҳоқов унга яқинлашди-да:

-Ҳали ўқимаганинг учун кўп-кўп пушаймон қиласан, - деди. Ақли ул-бул нарсага етиб қолган эди, анча ўйлади: “Устоз нега айнан менга шундай деди, бошқага эмас?”. Ҳаракатларини тартибга солди, дарсларга қизиқди ва бошқалардан афзал томонлари борлигини ўзи ҳам сезиб қолди. Ўқиши керак экан. Кечки мактабни “аъло” баҳоларга тугатди ва қизиқишига мос тарзда алоқа билим юртининг кечки бўлимига ҳужжат топширди. Ҳам отасига қарашди, ҳам билимини, малакасини оширди. Билим юртини эса “қизил диплом” билан битирди, унга бошқа талабалардан истисно тариқасида 4-разряд уста ҳужжатини ҳам беришди.

Диплом билан Тошкент шаҳар алоқа тармоқлари бош бошқармасига ишга келди. Кадрлар бўлими бошлиғи, ҳам партком котиби ўрис аёл унга синовчан қаради-да (очиғи, алоқа соҳасига маҳаллий кишилардан ишга кам қабул қилинарди, чунки соҳа “нозик” ҳисобланарди), “Нега 4-разряд, бекор гап. 3-разряд билан қабул қилинасан” деди. Шикоятга ўрин йўқ. Бир йилдан кейин тартиб бўйича навбатдаги разрядга имтиҳон бўлди. У 4 эмас, 5-разрядга имтиҳонга кирди ва муваффақиятли ўтди. Бу ютуқ, эҳтимол, унинг ўзини кўрсатишдаги биринчи қадам бўлгандир. Кейинчалик ҳам кўп марта ўзининг ҳақлигини тортишувларда исботлашига тўғри келди.

Алоқачилик касби унга кўп нарсаларни рўбару қилди. Гарчи у пайтларда ҳам уй телефонларига эҳтиёж кўп бўлса-да, кам, борлари эътиборли кишиларда эди. Ишкал чиққанда уни чақиришар, шунда у дарвозадан қайтмас, балки касб тақозаси билан ичкарига, ҳатто хос хоналарда бўларди. Унга хилват қилинган бу жойлар кўп синоатлардан сўзларди, аммо ота тарбияси, тийнатидаги ҳалоллик табиатига қози эди, қаллоблик ёки хиёнат ҳақида хаёл ҳам сурмасди, бироқ кишиларнинг ички турмуши ҳақида теран ҳикоялар сўзларди кўрганлари. Машҳур олим Қори-Ниёзий домла, унинг рафиқаси Пошшаой хола, айниқса, ёдида қолган. Шу тахлит кўзи пишиб борди, отасига дастгирликни ҳам эсдан чиқармади. Маҳалланинг иссиқ-совуғида баковулнинг ёнида бўлди.

У ижтимоий индивид эди, жамият унга ғамхўрлик қилар, фаолиятини кузатиб борарди. Унинг куч-қуввати ватанга керак бўлиб қолган экан, ҳарбий хизматга чақиришди. Бўйин тоблаш йўқ, кетди. Касб тақозаси билан энг махфий бўлинмалардан бирига тушди, батальон ўрмоннинг ичида, тўртта кузатув пунктидан ўтиб борилади. Иншоотларнинг ҳаммаси ер остида, минглаб ҳарбийлар ўзлари ҳам тушунмайдиган машғулотга банд, дунёнинг қайси бир нуқтасинидир нишонга олиб, тепкини босай-босай, деб туради, бироқ тепки босилмайди (тепки босилса, балки қиёмат қўпардими?). Кунлар эса ҳарбий тайёргарликлар билан ўтади. Вақти-вақти билан бўлинмалар ўртасида мусобақалар бўлиб туради. Бундай маъракаларда унинг оти илдам чопади, суяги меҳнатда қотган чайир бола, барча турларда пешқадамлар сафида бўлади. Ҳатто навбатдан ташқари рағбатлантирилиб, уйига ҳам келиб-кетди. Айниқса, унинг мерганликда ошиғи олчи эди. Мингдан зиёд аскарнинг ичида биринчилардан эди.

Эсидан чиқмайди – навбатдаги ҳарбий кўпкураш мусобақасида ғолибга уйга таътил ва бошқа сийловлар эълон қилинди. Беллашувларда илғорлар сафида эди. Ниҳоят, мерганлик. Унинг довруғини бутун полк билади. Даъвогарлар ҳам топила қолди. Отиш бошланди, ўқ, урилган нишон сони ва вақт ҳисобланади. Энг юқори натижа ҳозирча тўрт ўқ билан уч нишон, беш дақиқа. Унга навбат келди, кўнгли ниманидир сезгандек бўлди, қуролни бир очиб кўрди, нилига ...тупроқ солинган, қоқиб ташлади-да, отишни бошлади. Ўнта ўқдан биттаси ҳам нишонга тегмади. Ҳамма ҳайрон (баъзилар хурсанд). Мусобақани минорадан дурбин билан кузатиб турган батальон командири ҳам ҳайрон қолган бўлса керак, яна ўнта ўқ беришни буюрди. Афсуски, бу сафар ҳам натижа ноль бўлди. “Қуролни алмаштиринг!” ҳайқирди командир. У ҳақиқий ҳарбий эди ва ҳалол билан ҳаромни ажрата оларди. Мерган ҳам хижолатда ёниб турибди, бу қанақа шармандалик. Унга бошқа қурол беришди ва, ишонасизми, учта ўқ билан уч дақиқада учта нишонни урди! Ўқ траекториясини дурбиндан кузатиб турган командир ўқлар бир жойга текканини кўриб турган экан. Ва унинг милтиғи мерганини бураб қўйишган экан. Бутун полк олдида ғолибни эълон қилишди, яна навбатдан ташқари уйга таътил. Бу – иккинчиси.

Брянск ўрмонларидаги ҳаёт ҳам ортда қолди. Бу ерда у чинакамига пишиди ва ҳақиқат тантанасига ичида ўлмас ишонч пайдо бўлди. Кўп миллатли жамоа уни шунга ишонтирди. Қайтишда икки марта тилхат ёзди: бири, одатдагидек, бу жой ҳақида маълумотларни сир тутиш ва, иккинчиси, зарурат туғилганда уни ҳарбий ҳаракатларга фавқулодда жалб этиш мумкинлиги ва шартли паролни айтиб борган одамнинг буйруғига сўзсиз итоат қилиши ҳақида эди. (Орадан ўн йил ўтиб, ярим кечаси кимдир дарвозани урди, ўша сўзни айтди ва машинага босиб олиб кетди. Икки кундан сўнг қўйиб юборишди: операция – Қобулга, шоҳ саройига десант тушириш муваффақиятли амалга оширилган, уларга зарурат қолмаган экан). Буларнинг ҳаммаси хотирага айланди, она юртга ошиқди, қадрдон маҳалла уни бағрига олди.

Ўзбек маҳалласининг ўзи бир академия, ҳали унинг сирлари, хазиналари тўла инкишоф этилмаган. Тарихи теран, ўзига бино қўйган, доим дабдабага интилган халқнинг бугуни шу масканда шаклланади, шу баробарида келажаги ҳам шу жойда ҳал бўлади. Одамлар даврасида ибратли ҳикоялар сўзланади, марҳумлар эсланади, зурриёдларга кўз тушганда уларга баҳо бериш билан бирга оилавий тарихлари ҳам тилга киради: “Фалончининг отаси, раҳматлик, бундай одам эди, у эса ундай эди; манов тоғасига тортибди, анов бобосининг айнан ўзи”. Ана шу миш-мишлар сенинг келажагингга берилган ҳужжат, балки манглайингга битилган ёрлиқ бўлади. Қадами шахдам алоқачини ҳам кузатиб юришарди, бир кун тамизли оқсоқоллардан бири юмшоққина дашном берди:

-Бинойидек йигитсан, катта ўқишларга ўқиб, ўзинг ҳам катта одам бўлмайсанми? Лаган ташиш, дастурхон ёзиб юриш сенга чўт эмас.

-Нима деяпсиз, мулла ака? Ўқиш осон нарса эканми, бунинг нимаси ўқийди? – пойгакроқдан овоз чиқди. Бу одам билиб гапирдими ёки аламини тўкдими, буниси аниқ эмас-у, аммо гап йигитнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқиб кетди. Найзанинг заҳри узоқ вақт кетмади.

У гўё қирга чиққанди, теваракда бепоён кенглик ястаниб ётган, йўлни энди ё қуйига, ё тепага – чўққига олиш лозим эди. Қуйига тушиш яна таъналарга нишон бўлиш, ўзлигини йўқотиш туюлди ва чўққини кўзлади: “Институт дипломини олиб келиб, шу одамни бир мулзам қилмасам, ...” – бу ёғи эсида қолмаган, аммо онт ичгани рост. “Ўқиганда ҳам энг зўрига ўқийман, - мулоҳаза қиларди у, - ўқиш менга чўт эмаслигига қойил қолдираман”. Пединститут, мединститут, яна бошқаларини хаёлдан ўтказди, ҳаммасида ҳар ким ҳам ўқиши мумкиндек туюлди, у унча-бунча одамнинг қўли етмайдиганини топади. Ўша пайтда алоқа институтининг мавқеи баланд, кириш қийин, ҳаммани олавермасди, шуни танлади – ҳам соҳасига яқин, ҳам яхши ўқиганларни ўқитувчи қилиб олиб қолар экан.

Кечки бўлимнинг ўзбек гуруҳига эллик олти киши ҳужжат топширди. Деярли ҳаммаси нозик жойларда ишлайдиган ёки махсус йўлланма билан келган талабгорлар. Имтиҳонлар қаттиқ ўтди ва ўн бир киши қабул қилинди. Уларнинг сони бир гуруҳ ташкил қилишга етмасди, шунинг учун рус тилида таҳсил олувчилар билан бирга ўқийдиган бўлишди. Бу ҳам яхши, ҳам ёмон эди, чунки барибир ўзга тилда тушунчаларни тўла қабул қилиш қийин, яхшилиги бу тилда зарур адабиётлар етарли эди.

Иш қийин эмас, ўқиш завқли, фақат вақт етмайди. Югуриб-елиб, ўйнаб-кулиб ҳаммаси давом этаяпти. Ишхонадан ўқиш жойигача трамвай ўттиз минут юради, иш эса кечроқ тугайди ва ўқишга ўн беш минут кечикиб боради. Ишдан ҳам олдин чиқа олмайди, трамвайни ҳам чоптириб бўлмайди – чидашдан бошқа йўли йўқ. Бу ҳолга устозлар ҳам кўникиб қолишди. Тўртинчи босқичда амалий физика устози - ҳурматли профессор кечикканлар диққатни бўлмаслик учун рухсат сўраб ўтирмай кираверишини тайинлаб қўйган. Шундай бўлса-да, унинг нуқул кечикиб келаётганини сезиб юрар экан, бир куни олдига чақирди:

- Доим биринчи фарага кечикиб келасан, тинчликми?

-Иш жойидан олдинроқ чиқа олмайман.

-Агар хоҳласанг, сенга қулай иш топишда ёрдамлашаман, - деди-да, устоз ўз лабораториясида мудирлик бўш эканлигини эслатди. Қараса, маоши баландроқ, яна ўз институтида, иккиланмай рози бўлди.

Лабароторияда ходимлар билан тез чиқишиб кетди, уни хос давраларига ҳам таклиф қилишадиган бўлишди. Биринчи марта устозлардан Турсунбой Улканбоев улфатлар даврасига бошлаб борди. Бундай давраларга унча-бунча одам кира олмас эканми, жамоанинг нуфузли аъзоларидан ўша пайтда партком котиби бўлиб турган зот, ўсмоқчилиб: “Синалмаган тойчоқни бошлаб келибсиз?” деди. Турсунбой ака эса пинагини бузмай: “Менга ишонгандай ишонаверинг” деб қўйди. Бошқа бир сафар эса партком яна кесатиб: “Буни қоровул қилиб қўйсанг, пашшани ҳам киритмайди” деди зардаси қайнагандек. Бу сафар андак алам қилди, ўзини ортиқча сезди. Сабабини Турсунбой акадан сўраган эди: “Сизни ёқтирмас экан” деди бир оз ийманиб.

Бундай муносабатни ўз шаънига ҳақорат деб билди ва институтдаги бутун фаолиятини тафтиш қилиб чиқди: партком билан асло “сен-мен”га бормаган, ҳатто олдини кесиб ўтмаган эди. Фақат бир нуқта мавҳум қолаётганди. Ўтган мавсум уни ҳам қабул комиссиясига аъзо қилиб олишди. Ёзма ишларни олиб келди-да, сейфга солиб қулфлаб ташлади, фақат раиснинг топшириғи билан очиш тайинланганди. Ходимларнинг бири эса шундай таклиф билан кирди: “Фалончи шошиброқ ишлаган экан, ишини буниси билан алмаштириб қўяйлик, темир сандиқни оч”. “Йўқ!” деди қатъий. “Битта “Жигули” нақд, нодон”. Барибир кўнмади, кўна олмасди, бошидаги дўпписи йўл қўймасди - табиати шунақа эди. Ҳаромнинг ўзидангина эмас, шарпасидан ҳам жирканарди... Кейин мулоҳаза қилди: “Демак, ўша ходимни партком юборган экан-да. Ўзи келса очардим, нега ўзи келмаган? Жиноятни бировларнинг қўли билан қиларкан, галварс!”. Кўз олди тиниб кетди ва шартта бўшаш ҳақида ариза ёзди: “Кимларга эътиқод қўйиб, этагини ўпиб юрибман?!”

Аризасини ўқигач, ажабланган бўлса керак-да, ректор чақиртирди:

-Аризани ўзинг ёздингми? Нима бўлди? Сени Ленинградга, аспирантурага юборишни мўлжаллаяпмиз, минг кишининг ичидан танлаб; бунақа омадни одамлар йиллаб кутади. Аризангни қайтариб ол.

-Қайтариб ололмайман, кетаман.

-Нимага кетасан, сабабини айт! – Сабабини айта олмайди, ўзбекчилик, “Партком шунақа одам экан” дея олмайди. Ректор “Айт!” дейди. “Оилавий сабабим бор, узр”, деди. “Оилавий масала нозик”, деди раҳбар ва аризага қўл қўйиб юборди.

Кетди. Тошкент шаҳар телефон тармоқлари инспекцияси бошлиғи ўринбосари бўлди. Бу ерда ҳам сояси ўзидан олдин пайдо бўлган экан. Ўша разрядини туширган букри ўрис кампир ҳамон партком, ходимлар бўлими бошлиғи. “Сен менга тегмасанг, мен сенга тегмайман” дегандек жим ишлаб юрди. Кўп ўтмай, бошлиқ ўрни бўшади. Ўрта маълумотли одамни в/б қилиб қўйишди, уни ўтказишмади. Ҳамиятига тегди, алам қилди, ўз ғурурини биларди ахир. Кейин бир номердан улаб олинган бошқа номер билан ғалва очилиб қолди. Буни партком қилган экан (рақамлар кам, у бир танишига яширинча улаттириб берган экан), уни обдон инспекция қилиб, раҳбариятга хат киритди. Жанжал чуқурлашиб кетди. Муҳит булғанди, ишлаб бўлмайдиган вазият юзага келди. Яна тўғрилиги, ҳақиқатпарастлиги, ноҳақликка чидай олмагани панд берди. Охири яна бўшаш ҳақида ариза ёзди.

Маълумки, бир жойга мушт тушаверса, зарбага қарши акс таъсир уйғониб, ўша жой ҳам чидамли бўлиб бораверади, ҳам қотиб бораверади. Мабодо у ҳаракатдаги куч бўлса, ҳам характери чиниқади, ҳам касб малакасини ошириб боради. Шундай қилиб, бесабаб зарба урадиганлар ўзлари сезмаган ҳолда ўзларига душман (рақиб) тайёрлайдилар. Рақиб бўлиб танилиш, яъни қарши курашишга тушиш учун ўша зарбаларни жисмда мужассамлаштирадиган (синтезлайдиган) қувват лозим, билъакс, ўша қувват ишламаса, калтаклар тушган жойини ё тешиб юборади, ё йиқитади. Зарба олганни “ўлдирмай” сақлаб қолган ўша қувватни ирода дейишади. Унда ирода ота насиҳати, оиланинг пок муҳити ва армияда кўрган, кечирган воқеликлари эврилишларида роса тобига келганди. Ҳатто у зарбалар олишдан завқланадиган, ожизларнинг жиззакилиги – мансабини пеш қилиб, човут солишларидан куч оладиган тоифа кишилари (“стоик”лар)га ўхшаб қолаётганди. Бу ҳислар ботинда эди, зоҳирда эса у яхши мутахассис эди. Яхши мутахассисларга ҳар доим талаб кучли бўлган.

Сув хўжалиги вазирлиги тизимига ишга кирди. Ҳам обрўли, ҳам масъулиятли жой. Телефондан ташқари ҳаво алоқаси, радиостанциялар орқали боғланишлар йўлга қўйилган. Беш йил давомида бирон марта узилиш бўлмади, дея олади. Бутун меҳрини, зеҳнини бериб ишлади. Шу жойда қадрини топганини мамнуният билан эслайди. Бир кун вазир Исмоил Жўрабеков чақириб қолди (бу одамга у эркин эди, ишончини оқлаганди-да). Ён тарафдаги столда тўрт-беш киши гаплашиб ўтирибди. “Қани, менинг ўрнимга ўтиринг-да, барча радиостанциялар билан алоқага чиқинг-чи, ҳаммаси ҳушёрмикан?” деб топшириқ берди. Вазирнинг креслосига ўтиришга қимтиниб турган оддий ходимга “Тортинмай, ишингизни қилаверинг” деди-да, суҳбатга киришиб кетди ўзи. Бу масъул топшириқдан олдинги сўнгги синов экан.

Уммонга яқин бўлган Гвения давлати шоличиликни ривожлантириш учун Иттифоқдан ёрдам сўраган, Ўзбекистонлик қирқдан зиёд мутахассис шу давлатда фаолият кўрсатаётган экан. Муттасил алоқани йўлга қўйиш учун у учта радиостанцияни муваффақиятли ўрнатди ва уларнинг ишига кўз-қулоқ бўлиб тура бошлади. Ҳаёт жуда қизиқ эди, бутунлай унга таниш бўлмаган дунё. Одамлари “тандирнинг тагига жуда узоқ қолиб кетган”иданми, кўмирдек қора, мамлакат табиатида икки фасл – қурғоқчилик ва намгарчилик ҳукмрон. Мусулмон динига эътиқод қилишади. Аммо ҳаёт ҳамма жойдагидек бир хил. Уларда порасиз иш битмайди. Бу борада бизнинг ишкалларимиз ҳам етиб борганди. Не ҳолки, шоликорлар гуруҳига раҳбар бўлиб борган агроном таниш-билиш орқали “ўқимай диплом” олган эркатойлардан экан (мумай даромад учун боргандир-да), худди қарама-қарши зарядлардек бир-бирини осон топишди (ўзи, шундай бўлади: қаллоб одамнинг турқи ҳам, хатти-ҳаракати ҳам бир қарашдаёқ ҳалол одамга, бу томоннинг “тоза”лиги у томонга бирдан ёқмай қолади). Гаплари чиқишмай қолди, сохта одамларни қабул қила олмасди. Унинг дўпписи бор эди, Тошкентдан олиб келганди. Йиғинларда кийиб чиқса, ҳамма қизиқар, бир ушлаб кўришга ҳавасманд бўларди.

Очиғи, агрономнинг олифталиги унга ёқмасди. Мана бу воқеа охиргиси бўлди: бир сафар ўзбекча қилиб палов тайёрлашди. Гуруч кўпроқ ташланган эканми, анчаси ортиб қолди. У шу атрофда сўлаги оқиб юрган оч болаларга бир лаган ош берди. Шуни раҳбар кўриб қолди ва “Сен йўриқнома талабларини буздинг, изингга қайтариб юбораман”, деб туриб олди. Марказдан жавоб келиши керак, кунлар азоб билан ўта бошлади. Шу орада уларнинг эккан шоли уруғи чириб кетиб (билими ғовлаган агроном ер шароитини билмай, уруғни чуқур ташлатган экан), шоли униб чиқмади ва маҳаллий газетасида фельетон эълон қилинди. Бу ёмон шармандалик эди. Гуруҳнинг ҳаммаси чақириб олинди. У эса ишини давом эттираверди. Яна бир синовдан тақдирнинг ўзи ютуқ билан сийлади. Икки йилга яқин ишлаб, юзи ёруғ бўлиб қайтди.

Бу ёғи билим юртида устозлик, автобус бекатида электриклик, шунақа юмушлар билан умр давом этди. Орада бир ўсал бўлиб ётиб қолди. Куннинг бир пайтида ваража келади, қоқшоқ, бадан оловда ёнади, ҳарорат қирқ бир. Манаман деган ҳаким на даволайди, на диагноз қўяди. Охири бир тажрибали фельдшер “ малярия” деди, шундай бўлиб чиқди. Иккита укол билан қоқшоқ йўқолди-ю, узоқ даволанишига тўғри келди. Шунда халқ табобатига мурожаат қилди ва ҳақиқий шифони ундан топди. Ўзиям, китобларнинг тит-питини чиқариб юборди. Айниқса, ҳинд йогларининг жисмоний тарбияси уни қизиқтириб қолди.

Турли жисмоний ва руҳий машқлар орқали физиологик фаолиятга таъсир кўрсатиш йогларда ҳар бир одамга хос махфий ҳаётий куч мавжудлигига бўлган ишончга асосланган. Бу куч (кундалини деб аташади) қадимий ҳинд табобатига кўра, одамнинг энг муҳим асаб марказларидан бири жойлашган умуртқа поғонасининг пастки қисмида ғужанак бўлиб олган илон каби мудраб ётар эмиш. Жисмоний машқлар бу кучни уйғотиб юборгач, у тананинг юқори қисмларига кўтарилиб, ҳаётбахш куч (уни прана деб юритишади) билан бирлашармиш ва одамга фавқулодда куч-қувват бағишлармиш. Бу даражага етишган одам мутлақ руҳ билан туташа олади ва баданига кирган зирапчани нигоҳи билан чиқариб ташлашга қодир бўлади. Бу таълимот ва унга амал қилишнинг бошланғич натижаси касал вужудига қувватни қайтарди, машқлар орқали мутлақ руҳга етишишга интилишни канда қилмади. Турмуш тарзида, еб-ичишда темир интизом ҳукмронлик қилди. Ичиш-чекишдан бир умр итдан қочгандек қочди. Шу билан ўзини озод сезди, эркин бўлди. Ҳамон шу кайфият ва эътиқодда.

Муҳаммаджон Турғунбой ўғли Маҳкамов ўтган йўлларига совуққон назар ташлайди. Ўзи бўлган мамлакатлар: Ҳиндистон, Тибет, Малайзия, Сингапур, Таиланд таассуротларини эслайди – сафар қилишни яхши кўради. Йиллар уни роса чийратган, ҳатто зарбалар тошга айлантирган, деса ҳам муболаға бўлмайди. Фақат, эътиборлиси, қалби таъсирчан, ҳамон яхшиликдан завқланиб, ёмонликка дуч келса, титраб кетади. “Бу хислатлар қон билан кирган, жон билан чиқади”, дейди у қатъий. Шундай тарбия берган отасидан миннатдор, фақат отани эслаганда кўзига ёш келади – у ҳам одам-да! “Отамни суннат қилишларга “Волга” машинамда олиб боришни орзу қилардим, Африкадалигимда мени кутмай...”. Отаси оқсоқол бўлиб турган маҳалланинг пок муҳитини қумсайди.

Ўз-ўзидан бир савол кўндаланг келади: нега ҳозир одамлар ёмонликка нисбатан бепарво бўлиб қолишди? Тўхталмай жавоб беради: “Эътиқод сусайиб кетди!”. Давоми аниқ мисоллар билан: “Олдин никоҳсиз оила қурилмаган. Баъзи халқларда никоҳсиз туғилган болани ўлдиришган. Энди сиз мулоҳаза қилиб кўринг: ҳозир аҳвол қай даражада? Битта ҳароми бутун бир халқни бузади... Ҳеч кимдан гина қилиб бўлмайди”. “Булар ҳамма айтиб юрадиган гаплар-ку. Қулоқларимиз ҳам ўрганиб қолди”. “Ҳамма бало шунда-да”.

Кеннайи олхўри мураббосидек қуюқ овқатни дастурхонга қўяди. Унда қизил лавлаги, туршак ва қовурилган тухум. “Бундай овқатларни мен емайман, ўзлари...” дейди уй бекаси хижолатомуз. Чой аллақачон совиб қолган, мезбон ҳам илтифот қилмоқчи эмас. У амал қиладиган тизимнинг пировард мақсади ҳамда унга эришиш усуллари йогларни тамоман худбин қилиб қўйишини, улар инсоннинг жамият билан муносабати – ижтимоий моҳиятини тушунмасликларини фан эътироф этган. Умуман, унга биз кўниккан кўп нарсалар бегона, қовурма шўрвани асал қўшиб ичади, дуккакли экинларга картошкани, гуручга гўштни қўшиб пишириш мумкин эмас, дейди. Одеялни электр токига тиқиб ухлайди (матосига турмалин, яъни ёқут тоши майдаланиб, пуркалган эмиш, уни бирданига ёпиниб бўлмаскан, куйдириб юбораркан; машқ қилиб, дастлаб беш дақиқа...), нархи етти юз минг сўм. Эгнида бронжелетга ўхшаш нимчаси бор, тўрт ярим миллион сўм туради, шим, бош кийими билан тўққиз миллион сўм туради, дейди.

-Нархлари жуда қиммат-ку!

-Э, ҳаммасидан қиммати “саломалайкум”.

-Нима бу? У ҳам кийимми?

-Уф, ҳар куни эсон-омон юриб, бир-биримиз билан “Ассалому алайкум” деб кўришиб туришга нима етсин. Шундан қимматбаҳо нарса борми?

-Ўзингиз каби фалсафангиз ҳам жумбоқли. Хейли донишмандсиз. Нега ҳаққингизни қаттиқ талаб қилмагансиз, исён кўтармагансиз?

-Нима қилайлик, бўлганимиз шу. Бошимни кўтаришга мажолим етмайди. Муросаю мадоранинг қулиман. “Оч қорним – тинч қулоғим”, яна “Кофир тўқ – мусулмон тинч”. Бизга шуларни сингдиришган. “Отангни ўлдирганга онангни бер” – бунга нима дейсиз?.. Ўзбекчилик удумлари курашни инкор этади. Мен бошқаларга халақит бермасам, бўлди.

Ҳаётининг бошида тақдирига тан берган бир мулойим мўмин бўлишни хоҳлаганди, йиллар неча чиғириқлардан ўтказди-ю, келиб-келиб айни шу қолипга тушиб қолди. Бу мақомни ўзи танлади, бошқасида ҳикмат кўрмади.

– Шу ҳам одамми? - дейсизми, ундай деманг, хафа бўламиз. Эҳ, унинг эҳтирослари! Муҳаббатга йўғрилган кечинмалари ёндиради. Бор-йўғи икки марта ўйланган. Фарзанд туғдиришда отасининг ярим йўлида тўхтаган. Африкада тирикчилик оғир. “Бир сафар эркак ўзининг хотинини олиб келди. Ёш аёл, чол “Тўртинчи хотиним, сенга совға. Битта тушёнка берсанг бўлади” дейди. Тушёнкани бердим-у, аёлни қабул қилмадим. Негр ғулдираб, сўкиниб бораяпти. Тушунмайди”. Ҳа, бундай одамларни тушуниб бўлмайди, тушуниш қийин. Бунақалар “қор одам”дек гап. Айниқса, ҳозир. Уларнинг уруғи камайиб кетди. Чунки “Ҳақиқат” ноёб нарса-да. Ҳам камёб, ҳам шафқатсиз. Кўпларга ёқмайди. Ундан қўрқишади, юзма-юз бўлишдан қочишади. Улар ҳам ўзларини четга олиб туришади, бошқаларни мулзам қилиб қўймай, деб тортиниб юришади.

...Эрта баҳорда чаппар урган ўрик гуллари кўзни қувонтиради: оппоқ, бодроқдек. Жараённи қарангки, уларнинг ҳаммаси тўкилиб кетади, тупроққа қоришади. Хазон бўлган чечаклар ҳақиқатини топадими? Турғунбой ўғли ҳақиқатини топдими? Кейин мева - ўрик пайдо бўлади. Уни қуритиб, туршак қилишади. Бужмайган юзни туршакка ўхшатадилар. Ҳарир гул япроқларининг охири – туршакчилик. Унинг ҳам келган манзили шу бўлдими? Бу даражадан хафа эмас. Шу муҳитда у эркин. Яйраб ўтказади кунларни. Уй тўла китоб. Уларни тинмай варақлайди, ёқиб қолган китоб муаллифини излаб топади. Унга ҳайрат билан: “Шу китобни ёзган сизми?” дейди болаларча анграйиб қараб. Худди эртанинг кафолатини топгандек, Хизрни учратгандек мамнун бўлади, кейин шаҳар кўчаларидан сокин, ўйчан одимлайди. Унинг ёнида зирҳланган танкадек иккита баҳайбат ўзбекона, қоп-қора машина тўхтайди. Машиналардан қориндор одамлар тушиб келади-да, шимини кўтариб, бир-бирига яқинлашади.

– Бахо, кеча ошда кўринмадинг? – дейди бири белкуракдек кафтини ҳамроҳи билан шапиллатиб уриштирар экан. Уларга парво қилмайди, бунақалар шунинг учун дунёга келган, шу кайфияту ташвиш билан ўтиб кетади. Маромини ўзгартирмай йўлида давом этади. Унинг бошида дўпписи бор эди.

...Подшо либосини ўзгартириб, жулдур чопонлар кийиб, шаҳар айланарди. Уни ҳеч ким танимасди, билмасди. У эса ҳаммани танирди, биларди...

Ҳаким САТТОРИЙ

10-18 ноябрь 2019 йил

4 133
ЎзА