ЎзА Ўзбек

10.09.2019 Чоп этиш версияси

Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон!

Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон!
​Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу! 

ЖОНИМ ИЧРА ЖОНИМДУРСАН

Бу дунёда жаннатмонанд ерлар бисёр,
Бу дунёда оқу қаро эллар бисёр,
Аммо йўқдир бу дунёда сендек диёр,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

Тупроғингда аждодларим изи қолган,
Боболарим терларининг тузи қолган,
Ҳар гардида момоларим кўзи қолган
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

Ўзбек элим, нури дийдам, қароғимсан,
Ўзбек элим, осмониму тупроғимсан,
Ҳам қувончим, ҳам бахтиму фироғимсан,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

Бешигингда аллаладинг дунёларни,
Дунё очган неча–неча даҳоларни,
Болам дединг юраклари адоларни,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

Соҳибқирон қўлларида қалқон бўлдинг,
Улуғбекнинг нигоҳида осмон бўлдинг,
Мирзо Бобур юрагида армон бўлдинг,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

Қўли қадоқ деҳқон элим, султон элим,
Кўкси юртга доим балогардон элим,
Ўз юртига соҳибқирон ҳоқон элим,
Жоним ичра жонимдурсан, Ўзбекистон.

ВАТАН

Дилингизда бўлсин қувончи ғами,
Китобларда эмас, қоғозда эмас.
Бўзда яшайсизми, Бухородами,
Сиз билан баробар у олсин нафас.

Болангизни белаб қўйинг туш пайти,
Толлар беланчакни учирсин кўкка.
Аммо сиз бошида аллалар айтинг,
Ватан туйғусини солинг юракка.

Айтинг, далаларда эгилган лаҳза,
Айтинг, қуёш қонга ботиб ётганда.
Айтинг, қувончу ғам солганда ларза,
Айтинг, оқ кўйлакли тонглар отганда.

Жанозада йиғлаб аллалар айтинг,
Айтинг, шуурлару курашлар аро.
Токи қалбимизда жўш урган туйғу
Фарзандлар қалбида берсин акс-садо.

Она Тўмариснинг шонли қисмати,
Жалолиддин тиғи таратган жаранг,
Бизнинг юраккача, балки, етмасди,
Бўлмаганда, халқим, алланг — хотиранг.

Беруний юлдузи, Сино каҳкашони
Фалакдан йўлимиз ёритиб боқсин.
Маҳмуд Торобийнинг муқаддас қони
Фарзандлар қалбида жўш уриб оқсин.

Ҳазрат Соҳибқирон тузукларидан
Кўчиб, фикрларни ёритсин сурур,
Дилларни чароғон этсин Навоий
Қалами таратган ҳикматли шуур.

Мирзо Улуғбекнинг расадин тоқи,
Юрган йўлимизга нурлар тўшасин,
Ватан деб жон берган ҳар ботир хоки
Дилда нафас олсин, дилда яшасин.

Ватан – юракдаги қувонч, қайғу, шашт,
Уни тирик сақлар юракдаги сас.
Ватан – бамисоли қуёшга ўхшаш,
Ватан ҳам одамдек олади нафас.

Хуршид Даврон,
Ўзбекистон халқ шоири

6 397
ЎзА