ЎзА Ўзбек

28.11.2019 Чоп этиш версияси

Жонга пайванд Аму ва Сир дарё бор...

Жонга пайванд Аму ва Сир дарё бор...
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!


Ўзбекистон

Шафақлар ол – яхши кундан нишона,
Ажиб толеъ – ажинсиз бир пешона,
Сен руҳимнинг бешигига парвона,
Субҳидаминг жонсизларга берар жон,
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон!

Инсонларинг кўнглида минг Дунё бор,
Жонга пайванд Аму  ва Сир дарё бор,
Тунларингда ҳатто ёруғ зиё бор,
Порлоқ шамдек қуёш мангу меҳрибон,
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон!

Ватан, десам томиримда қон жўшар,
Меҳринг билан дилимда вулқон жўшар,
Хумо қуши дил осмонимда учар,
Удир мангу ҳаётимга соябон,
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон!

Сенда топдим ризқу рўзим, нонимни,
Шарафлардан сарбаланд бу шонимни,
Тарозуга  қўяйми, айт, жонимни,
Сенинг севгинг қурмиш дилимга макон,
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон!

Субҳидаминг жонсизларга берар жон,
Порлоқ шамдек қуёш мангу меҳрибон,
Сенинг севгинг қурмиш димлга макон,
Удир мангу ҳаётимга соябон,
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон!

Хушбўйистон

Оқшомлари кўзингда юлдуз,
Жилваланар қуёш эрталаб.
Насимида гулларнинг атри,
Димоғингни майин эркалар.
Ерда якка хушбўйистон бу
Она юртим Ўзбекистон бу!

Тоғлар, бир ён чўлу бўстони,
Қўй-қўзига тўлиқ яйловлар.
Шакарлутфли туркий забони,
Сарватидан битмас пайровлар.
Олам ечолмаган чистон бу
Она юртим  Ўзбекистон бу!

Билак билан ишни чарчатган,
Каъба кўнгил шу инжа феълга
Фарзанд этдинг, минг бора шукур,
Шу камтарин, заҳматкаш элга.
Ўзбекларга якто макон бу
Она юртим Ўзбекистон бу!

Лайлаклар ҳам қурмиш ошиён,
Чаманида булбуллар бисёр.
Шу муқаддас заминга, Тангрим
Дуоларинг мудом бўлсин ёр.
Авлиёлар битган макон бу
Она юртим Ўзбекистон бу!

Қандай шоир бўлмаслик мумкин,
Бир гиёҳдай кўкарган бўлсанг.
Шавкат бобомерос кўксингни
Ғурур билан кўтарган бўлсанг.
Шоиристон ҳам шеъристон бу
Она юртим Ўзбекистон бу!                               

Амирқул КАРИМ,
шоир

5 042
ЎзА