Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.11.2017 12:18 Чоп этиш версияси

Жиззах қўғирчоқ театрида “Кашмир қўшиғи” асари саҳналаштирилди

Жиззах вилояти қўғирчоқ театрида атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Кашмир қўшиғи” асари саҳналаштирилди.

Шароф Рашидов қаламига мансуб “Кашмир қўшиғи” қиссаси табиатнинг жонланиши, ҳаётнинг курашдан иборат табиий ҳаракати маҳорат билан тасвирланган асарлардан биридир. Кўҳна ҳинд диёри афсонаси асосида яратилган асарда Кашмир ва Жамму халқларининг бой ўтмиши, юрт озодлиги ва мустақиллиги йўлидаги қаҳрамонона курашлари табиат тимсолларида акс эттирилган.

Театр ижодий жамоаси асардаги бу эзгу ғояларни қўғирчоқлар ҳаракати орқали ўзига хос бадиий талқин этиб, болалар қалбига етказишга ҳаракат қилди.

Янги саҳна асарининг тақдимот маросимида театр мутахассислари, адабиётшунослар, педагоглар иштирок этиб, унинг режиссураси ва ижроси ҳақида сўз юритди. Қисса мазмуни, эзгу ғояси унинг қаҳрамонлари – асаларилар шоҳи – Бамбур, гуллар маликаси – Наргиз, ёвуз, емирувчи куч – Бўрон, зироат зараркунандаси – Хоруд ўртасидаги кураш қўғирчоқлар орқали қизиқарли, болалар руҳий дунёсига мос талқин этилгани барчада катта таассурот қолдирди.

– Атоқли адиб Шароф Рашидовнинг табиий ҳодисаларга башарий маъно бериб яратган ушбу асари саҳналаштирилгани театримиз жамоаси учун муҳим ижодий ютуқ бўлди, – дейди вилоят қўғирчоқ театри директори С.Лутфуллаев. – Ишимизга асосий баҳони жажжи томошабинлар беради. Театрнинг ёш томошабинлар ҳузурига гастроль сафарларини ушбу янги асар билан бошлашни режалаштирганмиз.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
1 914






Все о погоде - Pogoda.uz