ЎзА Ўзбек

25.08.2019 Чоп этиш версияси

Жайдари қўшиқлар

Жайдари қўшиқлар

ВАТАН СУРАТЛАРИ

Болалигимизда Қизилчада чоллар жуда кўп эди. Оппоқ соқолларини силаб, кунгайларда ўтиришарди. Уйда ёки қўшниларникида маъраками, худойими бўлиб қолса, бизга рўйхат тузиб беришарди. Биз эшикма-эшик юриб, боболарни маъракага айтардик.

Кеч туша бошлагач, боболар кириб келишарди.

Бизлар эшакларни боғлардик. Кейинчалик чоллар анча сийраклашиб қолди. Бора-бора чоллар кетиб, бир майдон қишлоқ ҳувиллаб қолди. Буни ҳамма сезди, лекин ҳеч ким бир-бировига айтмади. Балки истиҳола қилишгандир, балки томоғига тиқилиб турган йиғи чиқиб кетади деб қўрққандир... Хуллас, Қизилчада 10-15 йил чолларсиз ҳаёт ҳукм сурди. Бу билан деярли ҳеч нарса ўзгармасада, давралар ҳийла саёзлашди, гурунгларнинг ҳовури бироз сусайгандек бўлди.

...Мана, орадан анча йил ўтиб қишлоқда яна чоллар пайдо бўла бошлади... Албатта, улар осмондан тушаётгани ёки бошқа ердан кўчиб келаётганиям йўқ, улар шу ернинг... чоллари. Жумладан, Сидиқ Бегаев ҳам Қизилчадан. Кечагина ялангоёқ қирдан-қирга чопиб юрган болакайнинг ёши бугун олтмишга қараб кетди. Тўғри, Қизилчада Сидиқ акадан ёши улуғ одамлар ҳам кўп. Қолаверса, у киши ҳақида ёзишга унинг чўпонлиги ҳам сабаб бўлолмайди. Негаки, Қизилчада қайси уруғни олманг, деярли барчасида чўпон қони бор. Мен гоҳида бийдай бу саҳрода чорвачиликдан бошқа яна нимаям қилиш мумкин деб, ўйлаб қоламан.

II

...Шаҳардан ташқари чиқмаган одам чўлнинг улуғворлигини унчалик тушунмайди. “Бу ерларда қандай яшаш мумкин?” деб ўйлайди. “Бир кун ҳам бу ерларда қололмайман”, деб кеккаяди у. Лекин бизлар — чўлнинг шаҳарлик болалари уни соғинамиз. Шаҳарнинг одам тўла кўчаларини кезиб уни қўмсаймиз. Қизилча унча катта эмас. Лекин ҳудуди ўзига нисбатан ҳийла кенгроқ. Кичикроқ вилоят ҳудудининг ярмича келади. Энг яқин қўшни қишлоқ билан ораси 28 чақирим. Шаҳар эса чамаси юз чақиримлар нарида жойлашган. Бу ерларда одамлар бутун бир қишлоқ бўлиб яшаётганига унчалик кўп бўлгани йўқ. Аниқроғи, 30-йилларда совхоз сифатида ташкил этилган. Кейинчалик марказ бўлгани учун тоғдаги овуллардан, чўлдан кўчманчи чорвадорлар келиб шу ерни макон тутишган. Қишлоқнинг “Қизилча” деб номланишининг ҳам тарихи бор. Илгари бу ерларда қизилча ўсимлиги кўп бўлган. Ном шундан қолган.

III

Илгари қизилчаликлар сурув-сурув қўй боққан. Кейин бирови айтган: “баримиз қўй боқаверсак, дунёнинг қўйиям етмайди”, Шундан қизилчаликлар аста-секин совхозга муаллим бўлиб, дўхтир бўлиб келган. Лекин “Баримиз чўпон бўлаверсак...” — дея бирови бекор айтган. Негаки, ҳаммаям чўпонликни эплайвермайди. Сидиқ акага шуни айтсам, кулади. “Туври” деб кулади. “Бунга кўп ўқув керак” дейди. Кейин менга кўкрагини ишириб қарайди. Мен буни сезаман. У озроқ ҳаволандимми, деб истиҳола қилади. Олов “чирс-чирс” ёнади. Олов осмонга ўрлайди. Атроф бепоён, олис-олисларда чироқлар милтирайди. Осмон тўла юлдуз. Борлиқ шундай сукунатга чўмганки, гўё лой этигинг билан қип-қизил гилам устида юриб кетаётгандек безовта сезасан ўзингни. Бироздан кейин олисдан “тиқ-тиқ” деган овоз келади. “Қўй ўрлади” дейди Сидиқ ака. Бу “тиқ-тиқ” серкага осилган қўнғироқдан келган бўлади. Серка ёвшанни узиб-узиб ейди. Шунда қўнғироқ силкиниб “тиқ-тиқ” овоз беради. Чўпонлар атайлаб қўнғироқни беш-олти яшар серкага ёки этлиров қўчқорга осади. Йўқса, мундайроқлари чарчаб қолади. Шу серканинг жонига тўзим берсин-ээртаю-кеч “тиқ-тиқ”. Ўйимни Сидиқ акага кўчирмоқчи бўламан. Лекин унинг важоҳати ўзгаради. “Ё бисмилло” дейди тиззаларига суяниб. “Кўрсатган кунингга шукр” дейди қоматини тик тутиб. Кейин яна “Ё пирим” деб ерга энгашади. Ердан пўстинини олиб қоқади. Қозиққа қараб юради. Арқонни силтаб-силтаб тортади. Ёвшан буталари тубига шамол уйиб ташлаган хас-хашакни искалаб-искалаб еяётган отга бу ёқмагандай бўлади. “Ме-ме жонивор, ме-ме” деб отни эркалайди Сидиқ ака. От бўйнини эгиб тек қотади. Сидиқ ака пўстинини отнинг устига ташлайди. Айилини тортгандек бўлади. Отга сувлиқ босади. Лекин тинмайди. Отнинг олдига тушиб хиргойи қилади:

Энди мастон бу фалакка учади,

Қанотлари кун нурини тўсади.

Ҳар панжага саксон ботмон тош олиб,

Ғир кетидан яшиндай бўп боради.

Ўҳ-ху зўрку, дейман мен. Ҳа, деб Сидиқ ака уялганнамо бўлади. “Онда-сонда шуйтиб...” дейди у. Яна битта айтинг, овозингиз яхши экан, дейман. Кейин ўзимнинг бу гапимдан афсусланаман. У киши бунга парво қилмайди. Овозини баралла қўйиб, айтади:

Қорақумда кўрди

ғирнинг чангини,

Ғир жонивор чўзиб

тошлар чангини.

Устига кеб мастон

давра айлади.

Юборайин ўлдиратган

тошингни...

Даланинг одамлари бағри кенг. Майда-чуйдаларга ўралашавермайди. Аммо мен шу гапни яқинда бир шаҳарлик ҳофиз жўрамга айтиб, балога қолдим. “Нега прикол қиляпсан?!” деб нақ бир ой гаплашмай юрди.

Сидиқ ака йўртиб юради. Менам қадамимни тезлатаман. Бироз толиқаман. “Отни мининг, чарчаб қолманг” дейман. “Э, от ийиғимди чиғариб жуварди”, — дейди Содиқ ака. Мен ўзимдан уялиб кетаман. “Сигарет еб қўйибди мени, сигарет еб қўйибди” дейман ичимда. Ўртоғимнинг фалон грамм никотин отни ўлдиради, деган гапи келади хаёлимга. “От шу гавдаси билан ўлардай заиф бўларкан-да” ўйлайман ўзимча. Ўгирилиб отга қарайман. У судралиб келади... Сидиқ ака сурувни овулга қараб тўғрилайди. Кейин мени чақиради. Ерга пўстинни, тўнни ташлаймиз. Сидиқ ака ёнбош олади. “Ча ҳай, ча” деб қўяди сурувга қараб. Кейин бир майдон орага жимлик чўкади. У нос чекади. Шунда мен айтаман: “Кечасиям қўй ортидан юриб, нима азоб, ўзиям юраверади. Биров ўғирлаб кетмас...” “Бу ёғи тирами, ука, тирамо, — ўсмоқчилайди Сидиқ ака. — Қўйди кўпамжотқизмаш керак. Қочмай қолади. Бир жили шундай бўлди. Тобим бўмай қўйға чиқмадим. Қаровсиз жонивор гўр бўлама. Барининг ети суягига жобишиб қоған. Устма-уст қўчқорға ҳайдайман. Барибир бўмади. Қўй қочмай қолди. Кейин кўкламда дириктирди сўкинганини кўрсанг. Худди мен тувдирмай ўтиргандай бир ўшқиради, бир ўшқиради. Тобим бўмади десамамқўймади. “Сени ишингдирайкўмда кўраман. Қозоғистон нонини жеп, Грузияни чойини ичиптирамо бўйи хотинингни қўйнидан чиқмағансан, сен баччағар” деб ўшқиради. Хотин, бола чоғанинг олдида айтди шу гапларни. Бир орим қўзиди энди, бир орим қўзиди. Ҳе ўша... ол қўйингди, жасадингга, — деб қўл силтаб кетдим. Шундан кейин анча қорасини кўрсатмай қўйди. Саратон оралаб келдиёв чамамда. Кечирдим Сидиқ, кечирдим. Баримис бир товди кийигимис, сенинг тўёғингга урса, менинг шохим зириллайди. Кел, энди ўтган гап ўтди. Сенам эсингдан чиқар ишдан гаплашайлик. Мана тирамоям кеп қолди... Ҳа, шундай гап ука. Тирамода қўйди ҳайдамасанг, қўй қочмай қолади, қочмағандан кейин тувмайди. Кейин бошингда жонғоғиайтанимга ўхшаган бўмоғир гаплар айланади...

IV

Сидиқ ака отадан жуда эрта қолди. Унга қўшилиб отадан яна икки қиз, бир ўғил қолди. Болаларни Жупор кампир катта қилди. Укасини Сидиқ ака ўзи уйлади. Аслида Сидиқ ака Қизилчадан эмас, Жодир деган қишлоқда туғилди, у Қизилчадан бир тоғ нарида. Ҳозир у ерда ҳеч ким яшамайди. Юқорида айтганимиздек, колхозлаштириш даврида кўплаб майда қишлоқликлар қатори жодирликлар ҳам “Қизилча” ва бошқа совхозлар марказларига кўчирилди... Аммо Сидиқ ака “Мен қизилчаликман” дейишни яхши кўради. Ахир сиз Жодирда туғилгансизку, десам, шундайликка шундайку-я, лекин барибир қизилчаликман-да дейди.

Сидиқ аканинг “Қизилчаликман” деганида жон бор. Чунки у шу ерда эсини таниди. Жажжи оёқчалари илк бор шу ернинг тупроғини кўрди. Совхоз марказидаги мактабда ўқиди. Шу ерда тўйи бўлди... Олдин-олдин одамларнинг қўйини боқди. Кейинчалик ёрдамчи чўпон бўлди. Мана қарийб йигирма йилдирки — бош чўпон. Одатда, газетада бировлар ҳақида ёзилган мақоласини ўқисанг, қаҳрамоннинг умуман ташвиши йўқдай. Гўё у умуман бошқа ердан тушган одамдай таассурот қолдиради. Йўқ, шошманг, бизнинг қаҳрамон ундай эмас. Қолаверса, у “Мана, ўрнак олинг”, деб кўрсатадиган намуна ҳам эмас... Сидиқака оддий одам. Айтганимдай, унинг бошига кўп кўргуликлар тушди. Қирчиллма ёшида ёстиқдошини бериб қўйди. Уч бола етим қолди. Анча вақт ёлғиз турди. Уйланай деса, норасидаларини ўйлади, ўгай она оналик қилармикан деб... Қирчиллама йигитнинг сўққабош юриши қишлоқдагиларга эриш туюлди. Қариндошлар, ошналар ўртага тушди. Охири уйлантиришди. Каттақўрғонга куёв бўлди у.

Сидиқ акага шаҳар унчалик ёқинқирамайди. Далада ўсган-да. “Қайси жили бир Тошкентга бордим, — ўсмоқчилайди у. — Нима бало одамларди қиладиган иши жўқмаертадан — қора кечгача, кўчада журади...”, “Э, улар ишга боради, келади...” гапни бўламан мен. “Сен гапнинг бердисини эшит ука, мен атайна кўниминнан деразадан қараб турдим. Бир зайл у ёқдан-буёққажуради, — қизишади Сидиқ ака. — Ўв баччағарди ули, бекор бўлсанг ке қўй боқ, умрингди журип ўтказасанма. Яна буларди бари олипта... Сенгаям нуқси урган”, — жағлланади Сидиқ ака.

V

Сидиқ аканинг “сенгаям нуқси урган” дея жаҳлланишининг боиси бор. Бир кўклам совхозга областдан “комиссия” келади. Сутдай оппоқ “Волга” қўтоннинг олдига келиб, тормозланади. Ичидан биринчи бўлиб директор тушади. Орт эшикни очади: қориндор, юзлари қип-қизил ширакайф “комиссия” тушади. У керилиб, эснайди. Кейин Сидиқ акага қарайди. Сидиқ ака қўли кўксида, жилмайиб туради. Шунда “комиссия” “Нега тиржаясан, жўра, ит яшамайдиган ерда қандай яшаяпсан?” — дейди. Сидиқ аканинг хўрлиги келади. “Комиссия”ни бўралаб-бўралаб сўккиси келади. Яна директорни аяйди. Директор: “Жон Сидиқжон, ундай қилма”, дегандай мўлтирайди. Дардини ичига ютади. Уйга келиб, хотинини сўкади. Кейин хотинига раҳми келади. Олис-олисларга термулади. Ҳўнграб-ҳўнграб йиғлагиси келади. Аммо йиғласам болалар эшитади дейди, ори қўзийди... Отга миниб, қамчини босиб, уради. Жонивор шамолдай елади. Эгасини баланд-баландга олиб кетади.

VI

Сидиқ аканинг ёши олтмишга қараб кетди, ўғил уйлантирди. Яна уч ўғил, икки қизи турибди бу ёқда... “Ҳусанимминан, Тойирим қўлтиғимга кирди. Энди ишим анча женгиллашди”, — дейди Сидиқ ака.

...Мен ҳали Сидиқ акани олтмишга қараб кетди, дедим. Ҳадемай у кишиям оппоқ соқол қўйиб, чоллар сафига қўшилади. Давраларнинг тўрида ўтиради. Сидиқ акага шуларни айтаман. У киши ҳумор қилади. Мен яна айтаманки, бир майдон қишлоқ чолларсиз қолди.

“Ҳа, — дейди Сидиқ ака, — буни барига уруш сабаб, не-не одамларимиз кетиб, қайтиб келмади. Шуйтиб сен айтмоқчи бир майдон қишлоқ бўшаб қоғандай бўлди. Мана ўлмасак кўрарканмиз. Энди эркимизди қўлимизга олдик. Манов кенг далалардибари энди ўзимизники бўлди”.

VII

Бир дўстим айтди:

— Чўл — бу қўшиқ.

Мен айтдим:

— У қандай қўшиқ?

Айтди:

— Кўнгилни ўртагувчи, бағирни тўлдиргувчи қўшиқ.

Мен айтдим:

— Унда у ерларда юргувчи чўпонлар ким?

Айтди:

— Улар ҳам қўшиқ. Энтиктирувчи, соғинтирувчи содда бир қўшиқ.

Шаҳарнинг баланд иморатидан туриб, Ҳей, менинг қўшиқларим, содда жайдари қўшиқларим! дея ҳайқиргим келди шунда менинг.

Ўрол СОДИҚ


11 905
ЎзА