ЎзА Ўзбек

15.12.2019 Чоп этиш версияси

Жавлон Жовлиевнинг шижоати

Жавлон Жовлиевнинг шижоати

Ҳозирги замон ўзбек насри, ҳикоянавислиги ҳақида сўз борганда албатта ёшлар ижоди, уларнинг янгича уринишлари барчамизни қизиқтиради. Боиси, ҳамма замонларда ёшлар ижод, илм дунёсига янгича қарашлар, янги овоз билан кириб келяпти.

Адабий жамоатчилик яқинда Ёзувчилар уюшмаси томонидан бир гуруҳ ёзувчиларнинг асарларини чоп этишга ташаббус кўрсатганидан хабари бор. Улар орасида “Ўзбеккино “ миллий агентлиги масъул ходими, Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари қатнашчиси, умидли ижодкор Жавлон Жовлиев ҳам бор. Ёш муаллифнинг “Биринчи китобим” сериясида чоп этилган илк китоби “Икки қалб учрашуви” деб номланган.

Ушбу китобдан асосан ”Бухоро, Бухоро, Бухоро”, ”Аёл”, “Қизлар билан учрашувим”, “Озодлик”, ”Икки қалб учрашуви” ҳикоялари ўрин олган.

“Бухоро, Бухоро, Бухоро” ҳикояси бир йиллар чамаси олдин “Ёш куч “ журналида чоп этилган эди. Очиғи, ўшанда бу ҳикояни катта изтироб билан ўқиган эдим. Бир пайтлар қадим Бухорода ўзига тўқ бой оиланинг мусофирчиликдаги азоблари, хўрланиш, йўқчилик, азоблари ҳикоя қаҳрамонини тез улғайтириб қўяди. Акаси, онаси оғир касаллик туфайли вафот этади. Кейинчалик бутун бошли оила пароканда бўлиб кетади. Айниқса, болаларга Бухоро тасаввури, онанинг зорланиб йиғлаши, йўқчилик азоблари, шунчалик таъсир қиладики, улар дунёқарашида олисдаги Бухоро шу қадар сирли ва мўъжиза бўлиб туюлади.

Ҳикояда воқеалар аста секинлик билан ривожлана боради. Охирида ҳали бола тасаввури билан Бухоро сўзининг маъносини уқмаган ҳикоя қаҳрамони бир асрга яқин ва қаторасида, тўқсон йилдан сўнг Бухоро жамолига етишади. Бунгача у кўрган азобларга шерик бўлиб китобхон сифатида изтироб чекасиз, ”йиғлайсиз”. Айниқса йўқчиликдан заводда оғир меҳнатга мубтало болакайлар ҳаёти (аслида уларда болалик йўқ) сизни бефарқ қолдирмайди. Ҳатто атир ҳиди уфуриб турган ит ҳам улардан қадрли. Аммо, ҳикоя қаҳрамони шундай азобли меҳнат, йўқчилик азобларига дош бериб китобга ошно бўлади, билими ва шижоати билан ҳаёт йўлларида катта ғалабаларга эришади. Назаримда, шу ерда ўзбекдай матонатли миллат йўқмикан бу дунёда, деган ўй хаёлимга келди. Тўрт ўғилнинг отаси ўзига тўқ донгдор инсоннинг, ватангадолик азобини кўриб ўсган собиқ мусофирнинг Бухоро соғинчи ҳикояда ажойиб тасвирланган. Жавлон Жовлиевнинг қаҳрамонлари каби кимсалар, қадим Мовароуннаҳр кенгликларида қанчалар эди?

Гарчанд ҳикоя катта бадиий безак, ўхшатиш, тасвирларга унча тўла бўлмасада, асрлар қаъридаги миллат оҳини сизга етказиб беради.

Китобдан ўрин олган яна бир ҳикоя ”Озодлик “ деб номланган. Асар воқеалари яқин тарихда Гдлян ва Иванов зўравонлиги даврида жабр чеккан туман машина трактор парки бошлиғи, ихтирочи оддий инженер , бегуноҳ инсон, тўрт боланинг отаси Эгамберди Жонтемировнинг бошидан ўтган қийноқлар, унинг телба ҳолидаги изтироблари, бегуноҳлиги, оила дийдорига муштоқлиги, тортган азоблари шу қадар маҳорат билан тасвирланган. Шу ерда Жавлоннинг диалог шаклидаги суҳбат орқали асар қаҳрамонларининг дунёқарашини очиб бериши намоён бўлади. Ҳикоянинг энг дардли нуқтасида терговчи, гуноҳсиз маҳбуснинг ғурурига тегади, унинг оиласини бадномликда айблайди... энди чидолмаган маҳбусда куч пайдо бўлади. Кишанланган қўллари билан терговчини бошини қисиб, ”тинчитиб “ ташлайди. Ҳикояда Жавлон отасини соғиниб ичиккан болалар соғинчи, саводсиз эрини қайтиб келишини интизор кутаётган аёл образини маҳорат билан очиб беради.

Ўқувчиларни ўзига тортадиган яна бир ҳикоя “Қизлар билан учрашувим” деб номланган. Аввало, ҳикоя номи мақолага ўхшаб қолган. Эҳтимол, Жавлон бундан кейинги ҳикояларига сарлавҳа қўйишда бундай жўнликдан қочар. Аммо, Жавлон етим ўсган қаҳрамон, тоғаси қўлида вояга етган уйланиш дардида юрган бўлажак куёвнинг бошидан кечирган воқеаларини шу қадар характер яратган ҳолда тасвирлайди.

Шу боис Жавлондан кейинчалик яхши драматург етишиб чиқишини ҳис қилдим. Аслида ҳам Жавлон Ўзбекистон Давлат санъат институтини тугаллаган, кино адабиёт ва санъатга яқин ижодкор. Умуман олганда, ёш носир укамизнинг китобидаги изланишлар замондошларимиз, адабиёт мухлисларини қувонтиради. Албатта, китобда, асарда маромига етмаган, нуқталар, каттароқ бадиий тасаввур, фантазия ва қаҳрамон характери, ички қиёфаси, сўз бойлиги, мукаммал ҳикоянависликка ҳали етмаган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Аммо, келажаги порлоқ ижодкор укамизга келгусида омад, ижодий баркамоллик талаймиз.

Ўлжабой Қаршибоев

3 802
ЎзА