ЎзА Ўзбек

13.12.2019 Чоп этиш версияси

Жанна ҚОДИРОВА: Ўзбекистон, ўзбек санъати ҳамиша қалбимда

Жанна ҚОДИРОВА: Ўзбекистон, ўзбек санъати ҳамиша қалбимда

Исроилда ўзбек рақси санъати мактаби очилгани, у кўплаб мамлакатларда концерт дастурлари билан чиқиб ҳатто Халқаро танловлар ғолиблари қаторидан жой олгани ҳақидаги хабар Ўзбекистонгача етиб келганди. Исроилга сафаримиз дастурига ана шу мактаб фаолияти билан танишиш ҳам киритилди.

Тель-Авивдан эллик чақирим Ғазо томон юрилганда мўжазгина шаҳарча бўлиб, “Шарқ юлдузлари” рақс ансамбли шу ердаги маданият саройида фаолият юритар эди.

Одатдагидек бир томон девори тўлиқ кўзгу билан қопланган раққосалар машқ хонаси ғала-ғовур.

– Бир-икки, бир-икки. Диана, оёқни тўғрила, Галит бошни тик тут. Бир-икки, бир-икки... Мария кўзларинг ёнсин, ҳаракат жозибаси кўзларингда ҳам акс этсин. – Ичкаридан ўрта ёш, ҳаракат ва сўзлаши ўзига ярашган чаққон аёлнинг жарангдор овози эшитилар эди.



Биз чамаси 20-25 нафар қизалоқлар билан мураббийнинг машғулотини кузатиб турдик. Сўнг тўсатдан “опа”нинг кўзи бизга тушди.

– Вой, ватандошларим келибди-ку! – опа югурганича биз билан қучоқ очиб кўришди. – Бир оз кутинглар, мен ҳозир, – деди опа, қизиқиш билан бизга термулиб турган қизалоқлар ёнига чопар экан.– Бир-икки, бир-икки. Элла, қўлларингни мана бундоқ нафислик билан бурасан!

Жанна Қодирова Марғилон шаҳрида туғилиб ўсган. Шу ерда болалигидан рақс сирларини ўргана бошлади. Санъат билим юртининг хореография бўлимини тугатганда у Фарғона вилоятининг машҳур раққосаларидан бири сифатида танилганди. Кейин балетмейстр сифатида иш бошлади. Ўзбек халқ куйларига ўзига хос жимжимадор ҳаракатлар киритиб рақсларни саҳналаштирди. Тез орада унинг қобилияти тилга тушди.

Вилоятнинг бош тадбирларида, мустақиллик куни, Наврўз байрамларида асосий саҳналаштирувчи раққоса сифатида ўзини кўрсатди. Ўнлаб шогирдлар етиштирди. Мукофот ва эътирофларга сазовор бўлди. 2003 йилга келиб эса... Тақдир уни Исроилга етаклади. Ўзбекистондаги Бухоро яҳудийлари илгариги йиллари бу мамлакатга оммавий равишда кўчиб келганди. Мана энди Жаннахон ҳам қизи Наргиза Қодирова билан Тель-Авивда.

– Мен ўзбек рақси билан тарбияландим, у билан ҳаётим чамбарчас боғлиқ эди. Шунинг учун келибоқ болалар рақс ансамблини ташкил этдим. Унга “Шарқ юлдузлари” деб ном бердик, – дейди Жанна Қодирова. – Аввалига қўрққан эдим, иштирокчилар келмасмикан, деб. Йўқ тез орада ансамблимиз шаклланди. “Тановар”, “Лазги”, “Муножат” каби ўнлаб рақсларни саҳналаштирдим. Ўзбекистондан миллий кийимлар келтирдик. Баъзиларини шу ерда ўзимиз тикдик. Дастлаб Исроил, сўнгра Европа мамлакатларига гастрол уюштирдик. Сочида бўлиб ўтган Халқаро фестивалда эса ўзбек рақсларини ижро этиб Гран При мукофотига сазовор бўлдик. Ҳозир ансамблимизда юзга яқин қатнашчи бор.

Биз яна машғулотни кузатамиз. Дастлаб 5-10 ёшли, сўнгра 10-14 ёшли ва ниҳоят 14-17 ёшли яҳудий қиз ва қизалоқлар шу қадар завқ билан рақсга тушардиларки, уларни Ўзбекистондаги болалар ансамбли қатнашчиларидан фарқлай олмасдик.

– Яна бир гуруҳ – катталар рақс ансамбли ҳам бор, – дейди Жанна Қодирова. – Улар ўзбек рақсларини севиб ўрганадилар.

Қизиқ бўлар экан, узоқ Исроилда Ўртаер денгизи соҳилларида тиллақош ва қўнғироқ таққан яҳудий қизлари муқом билан хиром этиб турса!

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куни муносабати билан Исроилнинг Ор Иуд шаҳридаги муҳташам санъат саройида тантанали тадбир ва фарғоналик ҳамда маҳаллий санъаткорлар иштирокида катта концерт уюштирилди. Унинг асосий ташкилотчиси жонкуяр Жанна Қодирова ва қизи Наргиза бўлди.

– Орзуим “Шарқ юлдузлари” ансамблининг Ўзбекистонда концертларини ташкил этиш, – дейди балетместр. – Мен ҳозир ўзга юртда яшасамда, Ўзбекистон, ўзбек санъати ҳамиша қалбимда.

Муҳаммаджон ОБИДОВ

3 534
ЎзА