ЎзА Ўзбек

25.08.2020 Чоп этиш версияси

Жадид адабиёти намояндалари ҳақида фотоальбомлар нашр қилинади

Жадид адабиёти намояндалари ҳақида фотоальбомлар нашр қилинади

Пойтахтимизда “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган мутафаккирлар” шиори остида буюк аждодларимиз, жумладан, XX аср жадид адабиёти намояндалари ҳаёти ва ижоди, тараққийпарвар ғоялари тарғиботига бағишланган онлайн илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир жараёнини ZOOM дастури орқали таниқли адабиётшунос, тарихчи олимлар, тадқиқотчи, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кузатиб борди.

Тадбирда жадидчилик ҳаракати намояндалари ҳаёти, ижоди ва тараққийпарвар ғояларининг илм-фанда тутган аҳамияти, юртимиз ва дунё тамаддуни ривожидаги муҳим ўрни ҳақида маърузалар тингланди. Конференция ва фильмлар яратиш орқали буюк аждодларимиз маънавий-маърифий мероси, жумладан, жадид намояндалари қолдирган меросни тадқиқ қилиш, ватанпарварлик, миллатпарварлик ва тараққийпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш борасида фикр юритилди.

– Жадидларнинг маънавий-маърифий қарашлари жаҳолатга қарши маърифат билан курашда асосий воситалардан бири ҳисобланади, – деди Республика маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Элёржон Жалилов. – Шунинг учун ҳам ўзбек жадидларининг илмий ва ижодий мероси бугунги кун янги авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади.

Конференцияда давлат ҳокимияти органлари, турли ташкилот ва таълим муассасаларига жадид маърифатпарварлари олға сурган тарбиявий, маданий-ахлоқий, адабий-эстетик ғоя ва тушунчаларни “Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси”, яъни замонамиздаги маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал қилишда фойдаланиш, буюк мутафаккир, ўзбек жадидларининг етакчилари таваллуд йилларига бағишлаб хотира фотоальбомини тайёрлаш ва нашр қилиш ҳамда Ўзбекистондаги жадидчилик ҳаракатини дунёнинг бошқа минтақалари, қўшни ва қардош республикалардаги маърифатпарварлик ҳаракатлари билан қиёсий-типологик йўсинда тадқиқ этиш каби таклифлар илгари сурилди.

4 854
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА