ЎзА Ўзбек

09.01.2020 Чоп этиш версияси

Иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг 75 йиллигига бағишланган тарихий фильм суратга олинмоқда

Иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг 75 йиллигига бағишланган тарихий фильм суратга олинмоқда

“Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига асосан Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган “Илҳақ” тарихий бадиий фильми реал воқеалар асосида суратга олинмоқда.

Агентлик хабарида қайд этилишича, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг ушбу янги картинасида Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Хонобод қишлоғилик Зулфия ая Зокирова тақдири ҳикоя қилинади.

Зулфия аянинг беш ўғли: Холматов Исоқжон, Холматов Аҳмаджон, Холматов Муҳаммаджон, Холматов Ваҳобжон, Холматов Юсуфжонлар урушдан қайтмаган.

Бирин-кетин ҳамма аянинг ўғилларидан қора хат келади. Ая айниқса кенжаси Юсуфжон учун қаттиқ куюниб ўтган экан. Чунки фақатгина Юсуфжон ҳали уйланмаган, ундан зурриёт қолмаган эди. 

Қишлоқдошлардан кимнингдир боласидан қора хат келса, уни ”сени битта боланг ўлди, қаддингни тут, ана Зулфия беш паҳлавонидан айрилиб ҳам сабр қилаяпти” деб бир-бирларига таскин беришган.

Урушдан сўнг ая келинларига “хоҳласанглар турмуш қилинглар” деган, аммо келинлари рад қилишган экан. Келинлар жуда эрта, ёш бева қолган бўлсалар-да, бир умр эрларига садоқатда, Зулфия аянинг бағрида яшаб ўтишган.

Кейинчалик Зулфия аянинг ўғилларидан фақат иккитаси ҳақида маълумот чиқади. Муҳаммаджон Холматовдан келган йўқолган “қора хат“ топилиб, у 1945 йил 24 февраль куни Польшанинг Вембрандава районида ҳалок бўлгани ва ўша ерга дафн қилингани, кенжа ўғил Юсуф Холматов эса танкчилар командири бўлганлиги, Ленинград қамалини ёриб ўтиш учун бўлган жангларнинг бирида танки ёниб кетиб, оғир яраланганлиги, госпиталда вафот этганлиги маълум бўлади. Юсуф Холматов Пискарев қабристонига дафн этилган экан.

Бадиий фильм ушбу аянчли реал тақдирларни ҳикоя қилади.

Маълумот ўрнида, “Илҳақ“ бадиий фильмининг бир қисми “Беларусфильм“ билан ҳамкорликда суратга олинади.

6 276
ЎзА