ЎзА Ўзбек

30.11.2018 19:08 Чоп этиш версияси

Жаҳон адабиётининг улуғ намояндаси

Андижон вилоятидаги таълим муассасаларида машҳур адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Қўрғонтепа туманидаги таълим қирғиз тилида олиб бориладиган 30-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бир неча шундай тадбир ўтказилди. Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш области халқ таълими бошқармалари ҳамкорлигида “Қирғиз тилини ўқитишнинг янгича методикаси” мавзусидаги семинарда, “Чингиз Айтматов – қирғиз халқининг улуғ адиби” мавзусидаги адабий-маърифий тадбирда вилоятдаги қирғиз тили ўқитиладиган мактаблар раҳбарлари, қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, Ўш областидан ташриф буюрган меҳмонлар, адабиёт ихлосмандлари, ёшлар иштирок этди.

–Туманимизда қирғиз тилида ўқитиладиган синфлари бўлган 8 та мактаб ҳамда таълим тўла қирғиз тилида олиб бориладиган 1 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби фаолият кўрсатмоқда, – дейди туман халқ таълими бўлими методисти Умидахон Юсупова. – Қирғиз тили ўқитиладиган синфлар барча фанлар бўйича қирғиз тилидаги дарсликлар билан таъминланган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қирғиз тилида дарс ўтадиган ўқитувчиларимизга зарур услубий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Тадбирларда мамлакатимиз умумтаълим мактабларида қирғиз тилини ўқитиш борасида олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва муаммолар, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, Чингиз Айтматов ҳаёти, ижоди ва ижтимоий фаолияти хусусида сўз юритилди.

Адиб ижодий меросининг аҳамияти, асарларида тараннум этилган юксак инсоний фазилатлар, ёзувчининг йирик жамоат арбоби сифатидаги фаолияти, турли халқлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлашга қўшган улкан хизматлари ҳақида қизиқарли маърузалар тингланди.

Тумандаги 24-умумтаълим мактабида “Чингиз Айтматов – жаҳон адабиётининг буюк намояндаси” мавзуида ўтказилган тадбирда ҳам адиб ижодининг ўзига хос қирралари ҳақида гап борди.

Чингиз Айтматов китоблари, унинг ҳаёти, фаолиятига оид, шунингдек, ўзбек ёзувчи ва шоирлари билан ҳамкорлиги акс эттирилган фотосуратлар кўргазмалари ташкил этилди.



Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 125