ЎзА Ўзбек

13.08.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбекнинг Маяковскийси

Ўзбекнинг Маяковскийси

Бу нисбат, аслида, шоирнинг ижодий фаолияти ва қамровини бироз торайтиргандек бўлсада, мақолани шундай номладик. Майли, гап бунда эмас, муҳими...

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, таълим-тарбиянинг таянч нуқтаси учта бўлади. Бу – такрор, таъсир ва тақлид. Билимнинг онаси такрорлаш дейилади. Такрорлаш билимни мустаҳкамланиб боришига, уни қувваю ҳофизага жо этиб амал қилинишига замин ҳозирлайди. Шунинг учун такрор деган тушунчанинг аҳамияти катта. Aгар такрорламай турсак, ёд олган шеъримиз ҳам, ҳикматимиз ҳам бари эсдан чиқиб кетиши аниқ. Иккинчиси таъсир. Одамзод нимадандир, кимдандир таъсирланади ва шу аснода кимнингдир сўзларини такрорлайди, унинг изидан юради, бу таъсирланиш бадалига бўлади. Чунки адабиётнинг таъсир кучи моҳиятли. Aгар сўз таъсирли бўлмаса у юқмайди, худди дорининг таъсир қуввати бўлмаса, бемор шифо топмаганидек. Демак, ҳамма нарса таъсирчанлик даражаси билан боғлиқ. Тақлид ҳам ана шу тушунчаларнинг илдизи ва мояси билан бевосита боғлиқ. Чунки нимадандир, кимдандир, таъсирланасизми, уни такрорлашга ҳаракат қиласиз, ўзингиз сезган-сезмаган ҳолда унга тақлид қилиб борасиз. Биз болалигимиздан то умримизнинг охиригача ўзимиз сезмаган ҳолда кимдандир таъсирланамиз, кимларнидир такрорлаймиз. Бу юриш-туришимиз, қарашимиз, кийинишимиз, кўринишимиз билан боғлиқ тушунчадир. Такрорламаса, таъсирланмаса инсон тақлид қилмайди. Тақлид қилиш эргашиш, жонлантириш, уни руҳлантириш ва уни янги қиёфада кашф этиш демакдир. Машҳур адиблар О.Генри, Антон Чеховни яхши билсак, Aбдулла Қаҳҳорни, унинг лаконистик услубини ҳам яхши идрок этган бўламиз. Хамсачиликда Низомий Ганжавий ва Хисрав Деҳлавийни етарлича ўргансак, Алишер Навоийни, ҳазрат Навоийни қанча чуқур ўргансак, Фузулий ва Огаҳий ижодиётини ҳам шу даражада билишимиз мумкин. Худди шу маънода, Владимир Владимирович Маяковский ижодиётини, шеър ўқиш манерасини қанчалик чуқур ҳис этсак, бугунги суҳбатимиз мавзуининг меҳвари, иқтидорли ижодкор Усмон Aзимовни ҳам шу даражада яхши идрок этамиз.

Рус поэзиясининг дарғаларидан бири Владимир Маяковский шеъриятда зинапоясимон услуби билан алоҳида ўрин тутгани ҳолда, унинг шеър ўқишдаги ҳаракатларини, инсоннинг қалбу қиёфатига кўчиши ва ундан таъсирланиши қай даражада аҳамиятли бўлса, Усмон Aзимовда ҳам худди шу ҳолатни сезмаслик мумкин эмас. Талабалик пайтларимизда Усмон Aзимов билан шеърхонлик кечалари, ижодий мулоқотлариуюштирилганида, биз уларни Маяковскийга ўхшатардик. Улардаги шеър ўқиш манераси, қошларнинг чимирилиши, юзу кўзлардаги ғазабнок ва жанговар ифода, гулдурос пафос бехосдан Маяковскийни ёдга соларди. Шоирнинг шоирдан таъсирланиши бежиз эмас эканки, Усмон Азимов ўзининг ватанпарварлик руҳидаги шеърлари учун Грузиянинг Маяковский номидаги давлат мукофотининг лауреати бўлган. Бу демак, шунчаки эргашиш, айтиш мумкин бўлса, тақлид эмас, унинг юзу кўзи, қалбу қиёфати билан Ўзбекнинг ҳаётини акслантиришга монанд бир ҳолат сифатида изоҳлаш ўринли эмасмикан. Аниқроғи, рус адибининг ижодий услубига бўлган юксак муҳаббатдан дейиш жоиз. Шу тобда Абдулла Қаҳҳорнинг «Чеховнинг кўзойнаги билан ўзбекнинг ҳаётига назар ташлагани» борасидаги иқрори ёдга келади. Усмон Азимовнинг Маяковский ижодиётига бўлган меҳри ҳам шу даражада бўлганлиги аниқ.

Усмон Азимовнинг шеърияти ажабтовур, қолипларга тушавермайдиган ижодиёт. Буни унинг тафаккур тарзида, мулоқот услубида, ижро оҳангида, ҳамма ҳам бирданига маъқуллайвермайдиган ҳолатларда кўриш мумкин. Усмон Aзимовдаги ҳақиқатпарварлик, жайдари фалсафа, бошқача айтганда, ҳақ сўзни дангал айтиш илинжидаги «рандаланмаган ғадир-будир» кескин фикрларни ҳамма ҳам бирдек қабул қилавермайди. Синчковлик билан назар ташласангиз, унинг шеъриятидаги буюк бир қудрат, ички бир пафос сизни ҳам, ўқиганларни ҳам бефарқ қолдирмайди, балки руҳлантиради.

Тўғри, тақлид муқаллидлик санъатида ижобий тушунча. Унда таниқли шахслар, машҳур санъаткорларнинг овози, кўриниши, хатти- ҳаракатига ўхшата олиш орқали шу санъатнинг моҳияти ифода этилади. Аммо, тақлид тушунчаси чинакам санъат ва адабиётнинг тараққиётига ғов, тўсиқдир.

Ташқи қиёфа ва ички туйғулар билан ҳаётда ўхшаш инсонлар кўп. Мабодо, Маяковский ҳаёт бўлганларида, ундан сизнинг ролингизни ким ижро этишини истардингиз десалар, у ҳеч иккиланмасдан Усмон аканинг номзодини кўрсатган бўлардилар. Албатта, ҳазил.

Усмон ака бадиий ижодда тақлидга нисбатан муросасиз. У ижодий жараёнда тақлидни хуш кўрмайди. «Назаримда, биз Шукур акани ўқиб адабиётга кириб келдик, шекилли. Мен биринчи марта Шукур акани ўқиганда ҳайрон қолганман-ки, адабиёт дегани бу осмондан бир нарсани тўқиб чиқармас экан, мана шу атрофдаги муаммолар, атрофингдаги одамлар, атрофингдаги сўзлар худди ҳаётдагидек, ҳаётда қандай бўлса... демак адабиёт мана шундай бўлиши керак эканда, деб ҳайрон қолардим! Истеъдод бетакрор бўладида! Дейлик, Шукур Холмирзаевдек яна битта ёзувчи чиқса, мен олиб ўқимайман шахсан, тақлидчи деб ўйлайман. Шерали Жўраевдек бир қўшиқчи чиқса, уни ҳам мен эшитмайман. Истеъдод бетакрор бўлади.» Ушбу мулоҳазалари ўзларининг ижодига ҳам баббаравар тааллуқлидир.

Ҳақиқатни ҳақлаб

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳам Усмон Азимовнинг мухлислари кўп. Таълим муассасамизда бош ҳисобчи бўлиб ишлайдиган Илҳомжон Ҳасанов деган дўстимиз бор. Ўзаро учрашиб суҳбатлашадиган бўлсак, ёхуд улфатлар билан бир пиёла чой атрофида жам бўлсак, айниқса, адабиёт, шеърият ҳақида гап кетса, Усмон Азимовнинг номини тильдан қўймайди, шеърларини ёддан ўқишдан асло, чарчамайди. «Нега фақат Усмон Азимовдан сўз очаверасиз, мухлис бўлса, сиздек бўлсин десак,» «ҳақиқатни дангал айтиши ва ёзиши, жайдари ҳикматлари, ялтоқ адабиётни хуш кўрмаслиги менга ёқади,»- дейди доим. Ҳатто, унинг интернет тармоқларида «Усмон Азим ижоди» каналини бошқариб бориши унга жуда кўп талаба ва магистрантларимизнинг аъзолиги кишини мамнун этади. Бу эса ўз навбатида нофилологик йўналишда бўлса ҳам, таълим муассасамизда давлат тили, адабиёт, санъат ва маънавият масалаларига эътибор юқори эканлигини англатади.

Дарҳақиқат, Усмон аканинг ҳақиқатпарварлиги, истеъдодсиз қаламкашларга нисбатан муросасозлигини маърифий суҳбатларидан, адабий қарашларидан сезиш қийин эмас. БиБиСи мухбирининг саволларига берган жавобларида бу фикр янада ойдинлашади:

«Энди мартабаталаб, обрўталаб одамлар ҳамма жойда топилади. Шу жумладан адабиётда ҳам топилади. Энди улар ҳар хил йўллар билан бир нарсалар ёзишга ҳаракат қилишади, улар ўткинчи нарсалар. Ман сизга мисол қилиб аниқ-аниқ айтаман, мана ҳозир йўқ бўлиб кетди, мактабда бизни зўрлаб ёдлатишган шеърлар бор, бошқалар бор, қанча романлар ёзилди. Энди ҳаммаси йўқ бўлиб кетди. Лекин, истеъдоднинг ўз ғурури бўлади, истеъдоднинг ўзининг бир фазилати бўладики, у унақа нарсаларга кўп қараб ўтирмаса керак, деб ўйлайман. Хатоми, тўғрими, шу кўнглига ўзи рост деб ўйлаган гапни бир бадиий тарзда, бадиий юксак тарзда, ўқувчига таъсир қиладиган даражада айта олади, деб ўйлайман.»

Файласуфлардан бири шундай ёзганди. «Ҳақиқат абадий қидирувдаги нарса». Гап ҳақиқатни рўйи рост айта билишда. Тўғри, Ҳазрат Навоийнинг бу борадаги кинояомиз ушбу ҳикмати ҳам бежиз эмас. «Хирадманд чин сўздан ўзгани демас, Вале барча чин ҳам дегулик эмас». Яъни, ақлли одам тўғри сўздан бошқани демас, лекин ҳамма тўғри гаплар ҳар доим айтилавермайди дегани бу.

Усмон Азимов ҳақиқатни ўзига хос пардаларда, рамзларда, ўзига хос усулларда айтади. Унинг ўз шеъриятида ҳам шунга дахлдор мисолларни топиш мушкул эмас.

Кенг дунёнинг торлигин ҳам билдим,
Куйласанг ҳақ ёрлигин ҳам билдим.
Қафасда куйлаш борлигин билгандим,
Куйлашда қафас борлигин ҳам билдим.

У ҳатто, шеърий тўпламларидан бирига шундай ном берганди. «Иккинчи апрель». Одатда, бугунги кунда биз кулги, хурсандчилик, мутойиба куни деб юритиладиган 1 апрелни бир пайтлари алдоқчилар куни сифатида нишонлардик. Ҳазил йўсинида бир-биримизни алдаб, мазах ҳам қилардик. Назмий мажмуадаги шеърларидан бирининг номини иккинчи апрель деб номлашида ҳам рамзий маъно бор. Бундан кейин тўғрисўз бўлайлик, ёлғондан юз ўгирайлик деган маъно, ҳақиқатга чорлов, ростни дейишга даъват ҳам бор эди. Ёлғончи оламда бўлсада, ёлғончи одам билан келишмайди шоир. Мана унинг адабиёт, жамият, сиёсат тушунчаларининг ўзаро муносабатига доир мулоҳазалари. «Жамият ҳақида гапиргандан кейин, жамият билан боғлиқ бўлганидан кейин, албатта, жамиятдаги яхши нарсани яхши, ёмон нарсани ёмон, ҳақиқатни айтишга ҳаракат ҳозир ҳам борку энди, илгари ҳам бўлган. Агар адабий жараён шу тарзда кечадиган бўлса, албатта бўлади. Лекин, дейлик, адабий ялтоқлик бўладиган жойда бунинг адабиётга ҳам, жамиятга ҳам алоқаси йўқ, бу маълум бир шахсларнинг, маълум бир шахсга хушомадига ўхшаб туюлади. Ва буни адабиётга ҳам, идеалогияга ҳам ҳатто алоқаси йўқ, деб ўйлайман.»

Бахшиёна бадиаларга бахшида

Тоғ чўққидаги қори билан, инсон виқори билан ғурурланса бўлади. Ўзбекистондаги энг баланд чўққи Бойсун тоғларида. Бу чўққилар тоғнинг салобатини, залворли эканини кўрсатади. Ташбеҳий тарзда айтиш жоизки, тоғнинг улуғ қояси, инсоннинг қутлуғ ғояси буюклик манбаи. Бойсун тоғи чўққилари ва этакларида руҳланиб, улардан илҳомланиб, завқ-шавқ олган адиблар ижодида ҳам сўлим Бойсуннинг бўйи басти, баланду пасти намоён бўлгандек.

Яхши назм, бахшиёна базм Усмон Aзим билан боғланиб турган пайтда, шуни айтиш жоизки, у халқ оғзаки ижодиётини хуш кўради. Aйниқса, достон термаларини ёддан айтиш, бахшилардан эшитиш завқини ҳеч нарсага алишмайди.

Сўз санъатининг бошланиши фольклордан экан, демак, ёзма адабиётнинг шаклланишида манба, озиқ сифатида оғзаки ижодиётнинг ўрни катта. Aдибларнинг аксарияти оғзаки ижодиёт намуналарини ўз асарларида муайян ғоя ва мақсадни ифода этиш воситаси сифатида қараганлари рост.

Ҳазрат Навоийнинг «Ёзмоқта бу ишқи жовидона, Мақсудим эмас эди фасона» -деганларида ҳам ана шу мантиқ бор.

Усмон Азимов ижодиётида бахшиёна услубнинг устуворлиги ҳам бежиз эмас. Усмон ака «РИВОЯТ» деб номланган шеърида улуғ бир ҳақиқатни эртак тили билан айтгандек бўлади.

Бу йўл ёлғиз эмас – учга бўлинди…
«Борса, келмас» олди менинг кўнглимни.
Гарчи «Борса, келар» айлади имо,
Менга буюрмаган қайтмоқни худо.

«Ё келар, ё келмас» ўйиндир мужмал,
Мен бирдан қисматни этмоқчиман ҳал.
Тақдирга тик қараш бандасин расми:
Ўйла: «Борса, келмас» умрдир, асли…


Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар икки йилда ташкил этилиши режалаштирилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали жаҳоншумул моҳиятга эга бўлди. Президентимизнинг «Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги қарори бу борада катта аҳамият касб этгани сир эмас. Фестивалнинг биринчи сони бахшиларнинг қадим макони — Сурхон воҳасида ташкил этилганидан Усмон ака ҳам барча қатори хурсанд бўлдилар. Болалигидан қалбини ром этган бахшиларнинг жўшиб ёнишию дўмбиранинг хонишидан тониши асло, мумкин эмас эди шоирнинг. Акс ҳолда, бахшичилик санъатига, бахшилар табиати ва тийнатига хос ушбу ўринли хулоса ва қатъий мулоҳазаларни билдирармиди шоир.

«Бахши дўмбирасини қўлга олдими, бас, - деб ёзади Усмон ака, - гўёки ўзини унутгандек қадим замонларга руҳан кўчиб ўтади. Улар аждодларимиз қаҳрамонликлари, баҳодирларини ўз кўзлари билан кўриб тургандек жунбушга келганча куйлашлари бизни ўзлигимиз, тарихимиз ўзанларига етаклайди. Бахшиёна топқирлик, бадиҳагўйлик эса ҳар қандай санъатни самоларга олиб чиқиб, унга илоҳийлик бахш эта олиш қудратига эга бўлади. Бу — мўъжиза!»

Усмон аканинг қалбини ғурурга тўлдирган яна бир жиҳат ҳақида сўзламасдан ўтиш ноўрин. Сурхондарё вилоят мусиқали ва драма театри саройининг очилишида Президентимизнинг шахсан иштироклари ва у ерда Усмон ака қаламига мансуб «Алпомишнинг қайтиши» спектаклининг намойиш этилиши айрича шукуҳ бахш этгани рост. Ҳар йили театр мавсумининг очилиши ўша асар билан бошланиши, спектакль ниҳоясида томошабинларнинг ўринларидан турган ҳолда «Алпомиш! Алпомиш! Яшасин, Алпомиш!» дея фахру ифтихор билан олқишлашларини кузатиш ғоят мароқли.

Усмон Азимов адабиётнинг пойдевори бўлган тил ва нутққа эътиборли бўлишга чорлайди. Сўз товуш ва маънонинг диалектик бирлигидан иборат экан,унинг ўрни муҳимлиги борасида қимматли мулоҳазаларни билдиради. Бахши, шоиру ёзувчи сўз орқали манзара яратади, қалбларга йўл топади. Атоқли адиб Юсуф Хос Ҳожибнинг «Сўзнинг ўрни сир», «Ардам(одоб) боши тил» деган ҳикматларидан илҳомланиш асносидаги мазкур мулоҳазалари ғоят эътиборлидир.

«Ҳар бир сўзда сир бор. Биз эса ана шу сўзлардан фойдаланаётганда доимо ҳушёр бўлишимиз керак, — дейди шоир. — Турли сўзларни бир бирига қориштириб юбориш ярамайди. Сиз хоҳ иқтисодчи бўлинг, хоҳ бошқа соҳа вакили бўлинг ўзингиз танлаган йўналишингизда шахс, олим сифатида ривожланишингиз учун ҳам ўз сўзингиз ва нутқингизга эътиборли бўлишингиз лозим.» Бу барчага дахлдор фикр.

Таржимаи ҳол, тарих - тақдир тимсоли

Адабиётни бу ҳаётдан ҳам гўзал ҳаётдир дея англаган адибнинг, Ўзбекистон халқ шоири, драматург, «Дўстлик» ордени соҳиби Усмон аканинг ҳаётий фаолияти ва ижодиётини эътибордан соқит қилиш инсофдан эмас. Улар бирданига Усмон Азим бўлган эмас. Мухтасар йўсиндаги таржимайи ҳол ана шундан шоҳидлик беради.

У 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Газа» қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон радиоси Адабий-драматик эшиттиришлар Бош муҳарририятида (1976–1988), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида (1988–1989), Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида (1991–1994), «Савдогар» газетасида (1995–1999) турли вазифаларда ишлади. 2003 йилдан ҳозирга қадар Ўзбек Миллий академик драма театрида адабий бўлим мудири вазифасида хизмат қилиб келмоқда.

Ижодкорнинг 1979 йилда чоп этилган «Инсонни тушуниш» илк шеърий китоби билан адабий жамоатчилик эътиборини қозонди. Шундан сўнг, «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари», «Дарс» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса», «Узун тун» (1994), «Бор эканда, йўқ экан» (1995), «Куз» (2001), «Фонус» (2007), «Юрак» (2009) каби шеърий китоблари, «Жоду» (2003) насрий тўплами, «Адибнинг умри» (2011), «Жимлик» (2012) драматик асарлари босилди. Адибнинг «Сайланма»си (1995) ҳамда қатор шеърий китоблари адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. «Куз» ва бошқа ўнлаб тўпламларига кирган шеърлар, достонлар ифодаларга бойлиги, жўшқин ва жозибадорлиги, гоҳ шодон, гоҳ маҳзун оҳанглари билан китобхон қалбидан жой эгаллаган.

Усмон Азим моҳир таржимон ҳамдир. У ўнлаб хорижлик шоирларнинг ижодидан намуналарни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган. Ўз навбатида, унинг шеърлари ҳам француз, немис, инглиз, поляк, эстон, грузин, македон, литва, турк, тожик, рус, қозоқ, қирғиз ва кўплаб бошқа тилларга таржима қилинган. Кўплаб шеърлари таниқли ҳофиз ва хонандалар томонидан кўйга солиниб, ижро этиб келинган.

Адиб ижодининг илк даврида радиодраматургияда («Бахтли бўлайлик», «Ҳужжатли фильм учун сюжет», «Баҳодир ва малика» пьесалари) ўзини синаб кўрган шоир, кейинги йилларда драма жанрига қўл урди. «Кундузсиз кечалар» (1998), «Алпомишнинг қайтиши» (2000), «Бир қадам йўл» (2002), «Ўтган замон ҳангомалари» (2003), «Адибнинг умри» (2005) номли пьесалари саҳналаштирилди. Миллий театримиз саҳнасида қўйилган «Кундузсиз кечалар» спектакли Андижонда ўтган халқаро театр фестивалида «Энг яхши спектакль» номинациясига сазовор бўлган.

Бугун муборак 70 ёшни ҳақлаган ва оқлаган Усмон акага метиндек ирода, куч-қудрат, сиҳат-саломатлик, оиласи, ва мухлислари бахтига доим омон бўлишларини ва ўзлари хуш кўрадиган «узлуксиз илҳом» ҳамиша ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Рузимурот ЧОРИЕВ,
педагогика фанлари номзоди, доцент.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
Филология фанлари номзоди, доцент.

11 359
ЎзА