ЎзА Ўзбек

13.09.2018 14:41 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик мусиқачилар Япония саҳналарида маҳоратини намойиш этади

Ўзбекистонлик мусиқачилар Япония саҳналарида маҳоратини намойиш этади
Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтаётган Япония санъат делегацияси вакиллари билан учрашув икки мамлакат маданияти ва санъатининг турли кўринишлари намойиши билан давом этди. 

Мусиқий оҳанг остида расм чизиш ва шеърхонлик ҳам бўлиб ўтди. Япон халқининг миллий анъаналарига кўра, улар мусиқа янграётган вақтда расм чизиб, шеърий намуналар ҳам ўқиб боради. Айни жараён талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Консерватория талабаларининг куй-қўшиқларига эса делегация вакиллари рақс ижро этди. Япон миллий созларида мусиқачи ёшларимиз ўзларини синаб кўрди. Учрашув ушбу йўналишдаги янги лойиҳаларга туртки бўлди.

Тадбир давомида икки давлат ўртасида маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан келишиб олинди. Улар юртимизда ҳар йили ўтказиладиган “Наврўз садолари”, “Она юрт оҳанглари” каби халқаро танловларга катта қизиқиш билдирди. Танлов шартлари билан яқиндан танишгач, улар ушбу танловларда иштирок этиш юзасидан тўлиқ маълумотларни олишди. Келгусида Япония санъаткорлари юртимиздаги танловларда иштирок этиши юзасидан келишиб олинди.

Делегация аъзолари консерваториядаги музейни томоша қилди. Талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Япон мусиқашунослари Котони мукаммал ўрганган ёшлар, япон мусиқасига қизиққан ва ўрганаётган ўзбекистонлик мусиқачиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Эндиликда ушбу йўналишда ижод қиладиган ёшлар Япония катта саҳналарида ўз маҳоратини намойиш этиши мумкин. Бу борадаги келишув тез орада кучга кириши қайд этилди.

Б.Мелиқулова, ЎзА
2 809