Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.09.2017 20:02 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик корейс миллатига мансуб рассомларнинг кўргазмаси очилди

Ўзбекистонлик корейс миллатига мансуб рассомларнинг кўргазмаси очилди Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги ҳамда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистонда яшаётганлигининг 80 йиллигига бағишлаб кўргазма очилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга дипломатик корпус вакиллари, санъатшунослар, рассомлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюн, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Искра Шин ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстона алоқалар икки халқнинг ўзаро ишончли ва манфаатли муносабатларига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистонлик корейс миллатига мансуб рассомларнинг кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Бадиий академияси Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси билан биргаликда мамлакатимиз ва Жанубий Кореяда турли кўргазмалар ва лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. «Korean Festival-2017» доирасида ташкил этилган ушбу кўргазма мамлакатимизда аҳил-иноқ яшаб келаётган корейс миллатига мансуб юртдошларимиз вакиллари – таниқли рассомлар Николай Шин, Николай Пак, Анатолий Лигай, Александр Ли, Искра Шин, Лана Лим, Елена Ли, Владимир Ким, Татьяна Ли, Светлана Шин, Светлана Цой ижодига бағишланган.

Юртимиз ҳаёти ва табиатини тасвирларда талқин этаётган Татьяна Ли турли кўргазмалар иштирокчиси ва ғолибидир.

– Қуёш тафтидек меҳри иссиқ Ўзбекистон мен учун азиз ва қадрли Ватандир, – дейди у. – Шу заминни мўйқалам воситасида таърифу тавсиф этишдан сира чарчамайман. Икки халқ ўртасидаги ўзаро яқинлик ва ўхшашликлар бизни янада бирдамликда яшашга ва ижод қилишга ундайди. Отам Александр Ли, онам Галина Ли, синглим Мария Ли-Софи ва менинг ижодимизда ўзбек ва корейс халқларининг турмуш тарзи, яқинлиги, урф-одатларини тасвирлаш етакчилик қилади. Бу биз учун ҳам ғурур, ҳам катта масъулиятдир.

Кўргазмада муаллифларнинг рангтасвир, графика йўналишларидаги бир юз элликка яқин асари томошабинлар эътиборига ҳавола этилган.

Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
1 856






Все о погоде - Pogoda.uz