ЎзА Ўзбек

08.11.2016 20:16 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари бошланди

Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари бошланди Юртимизда Махтумқули ғазаллари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби. Худди шундай, Туркманистонда Алишер Навоийни танимас киши топилмайди. Бу тил, урф-одат ва анъаналаримиз ўхшашлиги, тарих, маданият ва қадриятлардаги муштараклик туфайлидир. Ўзбек-туркман халқлари ўртасидаги ришталар ҳамиша дўстона, самимий, барқарор...

Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари бошланди. Шу муносабат билан Туркманистон маданият вазири ўринбосари А.Шомуродов раҳбарлигида бир гуруҳ санъат ва маданият намояндалари мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.

– Фестивалдан кўзланган асосий мақсад, халқларимиз ўртасидаги адабий, мусиқий, маданий ҳамкорликни, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишдан иборат, – дейди А.Шомуродов. – Бу тадбир азалдан туташ дўстлик йўлларимизни янада кенгайтиришидан мамнунмиз.

“Дўстлик ва биродарлик йўлларимиз кенгайсин!”. Бу – нафақат халқларимиз кўнглидаги хитоб, балки Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида бўлиб ўтган Туркманистон маданияти кунлари очилиш маросимининг номи ҳамдир. Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Жалолов, Туркманистон маданият вазири ўринбосари А.Шомуродов ва бошқалар халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари барқарор ривож топаётгани, бунда маданий соҳадаги ришталар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Адабий-мусиқий тадбирда томошабинлар туркманистонлик қардошларимизнинг бой мусиқий мероси намуналаридан баҳраманд бўлди.

Концерт “Деҳистон” рақс ансамблининг миллий рақс дастури билан бошланди. Туркманистон халқ артистлари Парахат Шихимов, Какадурди Тожимов, Какагелди Чориев, Шагули Аллабердиев ва Акжагул Аннанова ижросидаги туркман миллий куй-қўшиқлари ўзбек тингловчиларига манзур бўлди. Концертда “Соҳибжамол”, “Маралим”, “Сумбар куйи” каби туркман халқ қўшиқлари, “Гўрўғли”, “Тоҳир ва Зуҳра” достонларидан парчалар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Туркман миллий куй-қўшиқлари ҳамюртларимизга хушкайфият бағишлади.

– Ўзбек халқи – менинг акам, укам, синглим, қариндошим, – дейди Туркманистон халқ артисти, бахши Парахат Шихимов. – Бизнинг санъатимиз, фольклоримизда ҳам шундай яқинлик бор. Концертда куйланган “Гўрўғли”, “Тоҳир ва Зуҳра” достонларидан парчаларнинг ўзбек санъат ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олиниши ана ўша яқинлик, биродарлик нишонасидир.

– Туркманистонда ўзбек адабиёти севиб ўқилади, – дейди “Дунё адабиёти” журнали масъул котиби Екатерина Гелдимуродова. – Муштарийларимиз талабига кўра шу йил журналимизда Миркарим Осимнинг “Темур Малик” асарини чоп этдик. Фестиваль натижасида ўзбек-туркман ёзувчи ва шоирларининг адабий ришталари мустаҳкамланиши, икки халқ адабиётидан қилинаётган таржима асарларнинг кўлами ва сифати ортишидан умидвормиз.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигида Туркманистон делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Фестиваль давомида Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида туркманистонлик мусаввирлар, ҳайкалтарошлар, уста-ҳунармандларнинг ижод намуналари кўргазмаси, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада икки мамлакат шоир ва ёзувчиларининг ижодий учрашувлари, Алишер Навоий номидаги кино саройида туркман кинофильмлари намойиши ташкил этилади.

Туркманистон делегацияси Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари – Темурийлар тарихи давлат музейи ва «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройи билан танишиши, «Ҳазрати Имом» мажмуасини зиёрат қилиши кўзда тутилган.

Севара Алижонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
7 390