Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.10.2012 16:57 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда корейс фильмлари фестивали

Пойтахтимизда Алишер Навоий номидаги санъат саройида Ўзбекистонда Корея Республикаси кинофестивали очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 20 йиллигига бағишланган мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан ташкил этилди. Анжуманда мамлакатларимиз кино ижодкорлари, санъатшунослар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, кино ихлосмандлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Т.Қўзиев ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар соҳада ҳам изчил равнақ топаётганини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Кино санъати халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлаш, эзгу ғояларни тарғиб этишда беқиёс ўринга эга. Ўзбекистон билан Жанубий Корея кино ижодкорлари мамлакатларимизда ўтказиладиган кинофестивалларда мунтазам иштирок этиб келаётир.

– Ўзбекистон билан Жанубий Корея ҳамкорлиги савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий ва гуманитар соҳаларда изчил тараққий этмоқда, – дейди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чон Дэ Ван. – Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон бой маданияти ва тарихи билан жаҳонга машҳур. Ўзбек кино усталари суратга олган қатор фильмлар нуфузли халқаро кинофестивалларда совринли ўринларга сазовор бўлаётгани эътиборга молик. Мазкур фестивалда намойиш этиладиган корейс фильмлари ўзбекистонлик кино мухлисларига манзур бўлади, деган умиддаман.

Кино анжумани давомида кореялик кино усталарининг “Марафончи”, “Бугун”, “Ҳаётимиздаги энг яхши лаҳза” ва “Буюк ошпаз” фильмлари намойиш этилади. Уларда корейс халқининг турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналари, санъати ва маданияти ҳамда ёшлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинган. 


ЎзА, Нодира Манзурова
10 375