ЎзА Ўзбек

22.10.2012 15:54 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари

Мамлакатимизда Хитой Халқ Республикаси маданияти кунлари бошланди. Ўзбекистон билан Хитой ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 20 йиллигига бағишланган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Туркистон” саройида Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикаси маданияти кунларининг очилишига бағишланган маросимда мамлакатимизнинг вазирлик ва идоралари, жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, хитойлик санъат намояндалари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Т.Қўзиев ва бошқалар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча соҳалар қатори маданият соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг жорий йилнинг июнь ойида Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиб, икки томонлама имкониятларни янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Маданият кунларининг очилишида хитойлик санъат намояндаларининг концерти бўлиб ўтди. Хитой халқининг мумтоз наволари, замонавий мусиқа ва ранг-баранг рақслар ижроси тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

– Хитой ҳам, Ўзбекистон ҳам – бой тарих ва маданиятга эга мамлакатлар, – деди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Сяо. – Ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан кейин ҳамкорлик алоқаларимиз барча соҳаларда жадал тараққий этаётир. Бугунги кунда муносабатларимиз савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳалар қатори маданий жабҳада ҳам изчил ривожланаётир. 2011 йилда Хитойда Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Унинг мантиқий давоми бўлган, Ўзбекистон билан Хитой ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 20 йиллигига бағишланган мазкур анжуман нафақат маданий соҳадаги, балки давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон маданият ва санъат кўргазмаси залида Хитой замонавий рассомларининг тасвирий санъат кўргазмаси очилди. Хитой маданияти, урф-одатлари, анъана ва қадриятлари, ушбу халқнинг турмуш тарзи акс этган расмлар намойиш этилаётир.


ЎзА, И.Умарова, Отабек Мирсоатов (сурат)
9 520