ЎзА Ўзбек

13.11.2012 13:24 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – ягона уйимиз

Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг йигирма ва корейс миллати вакилларининг Ўзбекистонда истиқомат қилаётганининг 75 йиллигига бағишлаган маданий тадбир ўтказилди. Жиззах вилояти ҳокимлиги, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси, Республика Байналмилал маданият маркази томонидан ташкил этилган тадбир халқлар дўстлигини улуғловчи байрамга айланиб кетди.

Тадбирда мамлакатимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга улкан эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда туғилиб вояга етган, тақдирини ўзбек халқи тақдири билан боғлаган корейс миллати вакиллари ўз ҳаёт йўллари ҳақида ҳикоя қилиб беришди. Жумладан, 42 йилдан буён педагогика соҳасида ишлаб келаётган мураббий, Пахтакор туманидаги 31-мактаб-интернат директори Ольга Хваннинг ҳаёт йўли ўзбек ва корейс халқи дўстлигининг яққол намунасидир.

– Корейс миллати вакиллари Ўзбекистонда тинч, фаровон яшаб, меҳнат қилишмоқда, – дейди Ольга Хван. – Оғир дамларда уйидан жой бериб, бир бурда нонини биз билан баҳам кўрган ўзбек халқининг бағрикенглигини ҳеч қачон унутмаймиз. Президентимиз Ислом Каримов олиб бораётган одил сиёсат туфайли бу бағрикенглик олижаноблик қадриятлари билан янада мустаҳкамланди. Буни миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътиборда яққол кўриб турибмиз.

Анжуманда “Ўзбекистон – ягона уйимиз” ҳужжатли фильми намойиш қилинди.

Тадбирда ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари, рақслари ижро этилди.


ЎзА, Т.Бекназаров
8 576