ЎзА Ўзбек

22.12.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигида Аҳмад Яссавий ҳақида фильм суратга олинади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигида Аҳмад Яссавий ҳақида фильм суратга олинади

Бугун “Ўзбеккино” Миллий агентлигида Қозоғистон маданият ва спорт вазири Актоти Раимкулова ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўртасида ҳамкорлик алоқалари хусусида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган яссавия тариқатининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий ҳақида ҳамкорликда фильм суратга олишга келишилди.

Шунингдек, 2020 йилнинг бошида Қозоғистонда ўтказилиши мўлжалланаётган “Ўзбек киноси кунлари”, хусусан, фильмлар намойиши бўйича ҳам келишувга эришилди. 

Ушбу фильм Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги тарихида ноёб воқеа сифатида қардошлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда. 

Актоти Раимкулова “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида олиб борилаётган ишлар, янги лойиҳалар билан танишди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган сиёсати бизни лол қолдиради. Мен мамлакатингиз билан маданий алоқалар олиб боришдан жуда хурсандман. Ўйлайманки, кино соҳасида ҳамкорликда амалий ишларни олиб борсак, бу иккала давлат учун ҳам манфаатлидир”, – деди Қозоғистон маданият ва спорт вазири Актоти Раимкулова.

“2020 йилда Қозоғистонда “Ўзбек киноси кунлари” ўтказилиши ҳудудлар ўртасидаги кино соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади деб ўйлайман, – қўшимча қилди Қозоғистон маданият ва спорт вазири, – икки мамлакат кино индустрияси раҳбарлари ва киноижодкорларнинг бундай бирлашуви албатта бесамар кетмаслиги керак”. 

“Қозоғистон киноижодкорлари томонидан суратга олинаётган фильмлар бугунги кунда кўплаб халқаро фестивалларда юқори ўринларда эътироф этилмоқда. Дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда Ўзбекистон-Қозоғистон киноижодкорларининг бирлашуви муҳим аҳамият касб этади. Зеро, кино санъати орқали ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш мумкин. Бу эса сифатли киноларимизни кўпайишига, халқларимиз янада яқин бўлишига хизмат қилади”, дейди “Ўзбеккино” раҳбари.

Учрашув сўнггида Актоти Раимкулова “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қошидаги “Кино санъати” музейига ўз эсдалик совғасини топширди. Фирдавс Адбухолиқов ҳам ўз навбатида ўзининг “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” деб номланган 10 жилдлик асарларини (китобларини) Қозоғистон маданият ва спорт ишлари вазирига совға сифатида тақдим этди.

“Мамлакатингизнинг бой тарихи билан танишиш, бетакрор урф-одат ва анъаналарини ўрганиш, меъморий ёдгорликлари мисолида асрий тамаддун ютуқларидан баҳраманд бўлиш истагида эдим. Ушбу китобларингиз билан мени бениҳоя шод этдингиз,” – дея Актоти Раимкулова ўз миннатдорчилигини билдирди.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Турли йирик тадбирларнинг ўтказилиши халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, азалий дўстлик ришталарини улуғлашдек муштарак мақсадларга эришишида муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги учрашув ҳам шу ҳамкорлик анъаналарининг давоми бўлди. 

“Ўзбеккино“ Миллий агентлиги ахборот хизмати

5 941
ЎзА