ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон саҳнасида "Современник" театри ​

Ўзбекистон саҳнасида "Современник" театри ​

Шу кунларда мамлакатимизда "Катта гастроллар. Рус театрлари хорижда” дастури доирасида Москванинг “Современник” театри гастроллари бўлиб ўтаяпти. 

Мазкур ижодий сафар муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси билан биргаликда матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилова ва бошқалар Ўзбекистон ҳамда Россия халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда ижтимоий-гуманитар, маданий-маърифий алоқалар муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади. 

Агар ижодий сафарнинг илк босқичида "Современник" театри Олмалиқ шаҳри аҳолиси учун ўз спектаклларини тақдим этган бўлса, эндиликда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ва Ўзбекистон давлат ёшлар театрида "Уч опа-сингил" ва "Неформат" спектакллари намойиш этилади.

"Современник" театри 1970 йилда Ўзбекистонга гастроль сафари билан келган, труппа Тошкент, Бухоро, Самарқанд шаҳарларида спектакллар намойиш этган эди. Мазкур театр 1956 йилда бир гуруҳ ёш актёрлар томонидан ташкил этилган. Урушдан кейинги мамлакат тарихида у ижодий ҳамфикр шахсларнинг эркин бирлашувидан ташкил топган ва ўзини ажралмас бадиий жамоа сифатида ҳимоя қила оладиган илк театр бўлди. 

Театр асосчилари – Олег Ефремов, Галина Волчек, Игорь Кваша, Лилия Толмачева, Евгений Евстигнеев, Олег Табаков ва уларга қўшилган бошқалар Москва бадиий театр мактаби-студиясининг битирувчилари эдилар. Ёш театр дастурининг мақсади – ўз замондошлари билан замонавийлик тилида гаплашиши кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Тез орада “Современник” ёшлар ва зиёлиларнинг севимли театрига айланди.

Унинг репертуарини ҳар доим замонавий муаллифлар яратган. Фаолиятининг дастлабки ўн йилида “Современник” ўз асарларида замонавий дунёнинг воқеликлари ва муаммоларини акс эттирувчи драматургларнинг пьесалари ёрдамида томошабинлар билан мулоқот қиладиган театр бўлишга интилди. 

Ижодий жамоа ўзининг кўп йиллик тарихи давомида қатор гастроллар уюштирди. Театр жамоаси Сибирь ва Ўрта Осиёда, Узоқ Шарқ ва Кавказортида, Болтиқбўйи ва Уралда бўлган. У Шарқий Европанинг барча мамлакатларида, яқинда Италияда, Германияда, АҚШда, Швейцарияда, Финляндияда бўлди. “Современник”нинг гастроль тарихида 1996 ва 1997 йилларда Нью-Йоркдаги Бродвейда бўлиб ўтган гастроли алоҳида ўрин эгаллайди. 

– Ўзбекистонда бугунги кунда яхши маънодаги янгиланиш жараёнлари юз бермоқда, – деди "Современник" театри директори Игорь Попов. – Маданият ва санъатнинг барча жабҳаларида ижобий маънодаги эътибор натижасида ривожланиш яққол кўзга ташланмоқда. Биз бу ижодий сафарга узоқ ўйланиб ўтирмасдан дарҳол отландик. Ўзбекистонлик театр мухлисларининг самимияти, илиқ муносабати эҳтиромга муносибдир.

Ижодий жамоанинг юртимизга сафари асносида спектакллар намойиши, учрашувлар, маҳорат дарслари, ижодий мулоқотлар кўзда тутилган. 

3 409
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири