Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.08.2017 16:25 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов спектаклларни жонли эфирда кўрсатишни таклиф этди

Барча соҳа каби санъат ҳам ўз ҳолича тараққий эта олмайди. Бунинг учун ижодкорларга, аввало, эътибор ва рағбат керак. Эътибор ижод қилиш учун етарлича шароит яратиб беришни, рағбат эса санъаткор меҳнатини баҳолаш, ҳар бир асарга, ҳар бир ролга фикр, муносабат билдиришни англатади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида биз бу ҳаёт ҳақиқатини янада теран ҳис қилдик.

Чиндан ҳам тарихий учрашув бўлди. Миллий маданиятимиз, адабиёт ва санъатимизни ривожлантириш бўйича бир-бирига дахлдор шу соҳаларнинг барча йўналиши вакиллари катта даврада жам бўлиб, фикрлашди. Ғоят самимий ва очиқ мулоқот бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг миллий театр санъатини янада ривожлантириш ҳақидаги фикрларини тинглаб, ҳам андак юзим қизарди, ҳам кўнглим тоғдай кўтарилди.

Қаранг, биргина жорий йилда мамлакатимиздаги мавжуд 37 театр фаолиятини таъминлаш учун давлат бюджетидан 81 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилибди. Бунга қўшимча равишда барча ижодий ташкилот қатори ҳар бир театрга ҳомийлар бириктирилди. “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Театр арбоблари уюшмасини қайта тиклашга, ён қўшнимиз «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти Ўзбек Миллий академик драма театрига ёрдам кўрсатишга бел боғлабди. Барака топишсин. Ҳокимликлар ўз ҳудудларидаги театрлар фаолиятини кучайтириш учун 1 миллиард сўмдан маблағ ажратар экан, айни ижодий камолотга етган, пенсия ёшидаги ижодкорлар ҳам нафақасини, ҳам ойлигини, ҳам қалам ҳақини тўлиқ оладиган бўлди – яна нима керак бизга? Ахир бугун манаман деган давлатларда ҳам театр санъати ўз ўрнини шоу-бизнесга бўшатиб бераётган паллада буларнинг бари Ўзбекистонда саҳна санъатидан катта умидлар қилинаётганини, амалий натижалар кутилаётганини англатади.

Аммо биз актёрлар бундай ғамхўрликни қай даражада оқлай оляпмиз? Бу ҳақда ҳар биримиз яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак. Шундан бери онгимдан бир ўй кетмаяпти: нима қилсак, саҳна ростдан ҳам залдан баланд эканини амалда исботлай оламиз?..

Мустақиллик арафасида театрларимиз биноси эскирган, маошу қалам ҳақи кескин камайган эди. Бугун кулгили туюлар, лекин ўша пайтлар оддий декорация ясаш ҳам катта муаммо эди. Агар озгина эътиборсизлик бўлса, ўзбек театри бутунлай йўқолиб кетиши мумкин эди. Минг шукурки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бу фожиага йўл қўймади, давлатимиз энди оёққа тураётган ўта оғир паллада театр санъатини изчил қўллаб-қувватлади – ўзбек театрининг мақоми белгиланди, янги театрлар ташкил этилди, қатор театрлар учун янги бинолар барпо этилди.

Бозор иқтисодиёти талаби экан: одамларни театрга қайтариш учун ўхшаса-ўхшамаса комедия томошаларига муккасидан кетилган пайтлар ҳам бўлди. Бу ҳам ўз даврининг зарурати эди, бироқ ёмони, одамлар куляпти, деб маиший мавзуларнинг ичидан чиқолмай қолдик, енгил-елпи, бачкана, одамга маънавий озиқ, эстетик завқ бера олмайдиган томошалар саҳнани эгаллаб олди. Мана, бугун халқимизнинг турмуш шароити ўнгланиб, онг-тафаккур ўзгарган паллада энди ижодкор зиммасида фақат бир вазифа – юксак савияли асар яратиш қолди.

Бугун нима учун том маънода юксак савияли спектакллар кам? Бунинг асосий сабаби, аввало, миллий драматургиямиз ва режиссуранинг анча кучсизланиб қолганида. Афсуски, ҳозир етук драматург ва режиссёрларимиз бармоқ билан санарли. Уларнинг кўпи негадир ўзига муносиб шогирд тайёрламаган. Бугун Ўзбек Миллий академик драма театри бош режиссёрсиз ишлаётганининг ўзи ҳам бу муаммо нақадар долзарб эканини англатади.

Спектаклларда бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган, ҳаяжонга солаётган жиддий ижтимоий муаммолар ўз аксини топиши жамиятимиздаги иллатларга қарши курашишда жуда муҳим. Чунки халқ бу иллатларга муросасиз бўлмас экан, бундай муаммоларнинг илдизи қуримайди.

Президентимиз замонавий қаҳрамон образини яратиш масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиққанининг сабаби шу: санъат омма орқасидан эргашиб кетмаслиги керак, аксинча халқни буюк мақсадларга ундаши зарур.

Самарқандлик ҳамкасбларимиз билан тўққиз ой «Мирзо Улуғбек» спектаклини ўйнадим. Бир-биримиздан кўп нарсаларни ўргандик. Бу тажрибани янада кучайтириш керак. Акс ҳолда ҳадеб бир саҳнага чиқадиган актёр ижодий қотиб қолиши муқаррар.

Бугун кўплаб янги спектакллар яратиляпти, лекин нима учун мутахассисларимиз, халқимиз уларни атрофлича таҳлил қилиб, ўз муносабатини билдирмайди? Театр – ҳаракатдаги жараён. Икки марта ўйналган спектакль ҳеч қачон айнан такрор бўлмайди. Ҳар қандай саҳна камчилигини кейингисида тузатиш мумкин. Лекин бунинг учун ижодкорга янги фикр, доимий муносабат зарур.

Бу борада бир таклифим бор. Мана, бугун миллий телеканалларимиз учун беқиёс имкониятлар яратиляпти: тўғридан-тўғри трансляциялар кўпаймоқда. Шундан фойдаланиб, азиз ҳамкасблар, келинглар, спектаклларни ҳам жонли эфирда бир кўрсатайлик. Спектаклдан сўнг ўша саҳнанинг ўзида театр мутахассислари, танқидчилар, ижодкорлар билан саҳна асарларининг таҳлилини ҳам қилайлик. Қани энди имкони бўлса, мамлакатимизнинг турли бурчакларидан оддий одамлар ҳам шу лойиҳага уланиб, дейлик, телерадиоканалга қўнғироқ қилибми ё ижтимоий тармоқлар орқали ёзибми, хуллас, тўғридан-тўғри эфирда спектакль ҳақида ўз фикрини очиқ айтса: «ҳозиргина мана бу спектаклни томоша қилдим, менга мана бу жиҳати ёқди, мана буниси ёқмади», деса, буларнинг барчаси ижодкорларнинг халқ билан мулоқоти бўлади-ку! Энг муҳими, бу билан фикр алмашилади, санъаткорлар яна ҳам ўз устида ишлайди, ижодий ўзибўларчиликка йўл қўйилмайди.

Ҳаётнинг шафқатсиз қоидалари бор: иллатларга қарши муросасиз курашадиган одам ҳаммага ҳам ёқавермайди, унга қаршилик қилишга уринадиганлар, албатта, топилади. Демак, қарама-қаршилик ритми юзага келади. Бироқ ҳақиқий инсон иллатларга қарши ҳеч бўлмаганда қалбида муросасиз курашади. Томошабин саҳнада ўша қаҳрамоннинг фожиасида ё ютуғида бўлсин, ўзини кўрсин, ўзини топсин. Замон қаҳрамони инсонга ўзини аёвсиз тафтиш этишни, қалбини поклашни эслатиб туриши лозим.

Яна бир муаммо ҳақида кўп йиллардан бери гапирамиз: айрим актёр-актрисаларимиз учун театр шунчаки хоббига айланиб қолган. Улар тўйдан, чарлардан бўшамайди, яна баъзида «нега менга унвон берилмаяпти?», деб ҳайрон бўлади. Санъаткор учун ижод қисмат ё тақдирга айланса, унвон ҳам, шон-шуҳрат ҳам ўзи келади.

Президентимиз юксак унвонларнинг нуфузи ва обрўсини сақлаш лозимлиги ҳақида сўз юритар экан, аччиқ бир ҳақиқатни таъкидлади: «ижодни пулга, мол-дунёга алмаштирган одамдан санъат шафқатсиз ўч олади». Чиндан ҳам шундай. Бугун, айниқса, ёш ҳамкасбларимиз бу ҳаёт ҳақиқати мағзини чақишини истардим. «Репетицияда ишлатилмаган пичоқ саҳнада қўлни кесади», дер эди устозларимиз. Театрда ишлаётганимга 51 йил бўлди. Шукур Бурҳоннинг қанча даккисини эшитсам ҳам устозим этагини қўйиб юбормаганман, лекин бугун айрим ёш ҳамкасбларимизни озгина танқид қилсангиз, сиз билан ҳатто гаплашмай қўяди.

Театр актёрларимиз учун том маънода ҳаёт мазмунига айланишида «устоз-шогирд» мактабини кучайтиришимиз керак. Яқинда махсус санъат ўқув маркази ташкил қилдик. Кўп истеъдодларни кашф қиляпмиз. Айни пайтда фақат пул ё шон-шуҳрат учун актёр-актриса бўлишни хоҳлаган ёшларимизга ҳам кўп дуч келяпмиз. Яқинда бир йигитча келди. Савол бердим: «Охирги марта қайси пьеса ё романни ўқидинг?». У айтдики, «сиз тушунмаяпсиз, мен актёр бўлмоқчиман, бунинг учун китоб ўқиш шарт эмас-ку». Ёки бир синглимиз келди: чеҳраси, қадди-басти саҳнага ҳам, кинога ҳам мос, аммо ундан «Мирзо Улуғбек ҳақида нима биласиз?», деб сўрасам, юзимга ўзга сайёралик одамни кўраётгандай анграйди. Тушунтирдим: «саҳна чиройли қош-кўзлар билан эмас, истеъдод, меҳнат ва билим билан забт этилади, синглим. Қачон китоб ўқишни ўргансанг, кейин келарсан».

Балки шу укамиз ё синглимиз бошқа касбда ном қозонар, эл-юртга фойда келтирар, лекин уларнинг албатта актёр ё актриса бўлиши шарт эмас-ку! Ёшларимизга бу ҳақиқатларни бугун айтмасак, қачон айтамиз?!.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувидан катта куч-қувват олдик. Бу бизни кўплаб янги ғояларга ундамоқда. Энди вазифамиз – шу пайтгача санъатимизда йўл қўйган хатоларимизни обдон таҳлил қилиб, истиқлол туфайли қадр топган миллий шаънимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, миллий анъаналаримиз ва эзгу фазилатларимизни камол топтириш йўлида қўлни қўлга бериб ишлашдан иборат. Ишонаманки, шунда юксак савияли, ўзбек драматургияси ва санъати асрларга етаклаб ўтадиган спектакллар яратилади. Ўшанда маданият соҳасига масъул бўлган раҳбарларимиз бу саҳна асарларига Президентимизни ҳам бемалол таклиф қила олади.

Эркин Комилов,

Ўзбек Миллий академик драма театри актёри,
Ўзбекистон халқ артисти.

ЎзА
4 268






Все о погоде - Pogoda.uz