ЎзА Ўзбек

22.05.2018 19:50 Чоп этиш версияси

Ўзбек тили ва адабиёти ривожида янги давр бошланган кун

Ўзбек тили ва адабиёти ривожида янги давр бошланган кун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилганига икки йил тўлди.

“Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган эди Абдулла Авлоний.

Шу боис, қадимий ва бой тарихга эга она тилимизнинг ҳар томонлама тараққий топиши ва адабий тил сифатида катта майдонга чиқиши учун барча чоралар кўрилаётир.

Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 13 майдаги фармонига асосан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетлари ҳамда Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил топган эди.

Мазкур университет ўзбек тили ва адабиётининг замонавий илм-фан тараққиётида тутган ўрни ва роли билан боғлиқ долзарб мавзуларда муҳим илмий тадқиқотлар олиб бориш, кўплаб луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар нашр этиш, соҳа мутахассислари, илмий-педагог кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган.

Университетнинг учта – ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш, ўзбек филологияси, ўзбек-инглиз таржима факультетларида бакалавр, адабиётшунослик, лингвистика, матншунослик ва манбашунослик, ўзбек тили ва адабиёти йўналишларидаги магистратура босқичларида 1 минг 200 дан зиёд йигит-қиз тил ва адабиёт йўналишида ўз билимини мустаҳкамламоқда.

Мазкур олий таълим муассасаси ўзбек тили ва адабиёти, унинг ўзига хос хусусиятлари, илмий-назарий, фалсафий-эстетик асослари, замонавий таълим технологияларини чуқур ўзлаштирган, давр талабларига жавоб берадиган юксак малакали илмий ва педагог кадрлар тайёрлашда етакчи таълим муассасаси ҳисобланади.

Илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган бўлғуси таржимонлар ҳам айни шу масканда таълим олмоқда.

Университет жамоаси ўзбек тили ва адабиёти, фольклорининг тарихан шаклланган адабий, лингвистик мактаблари ва таълимотларини, мумтоз ва замонавий методларини, буюк аждодларимизнинг ўзбек ва жаҳон тилшунослиги ривожига қўшган ҳиссаси, уларнинг илмий мероси, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари, ўзбек тили ва адабиётининг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ илмий муаммоларни тадқиқ этиб боради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 23 декабрда университетга ташрифи чоғида педагогларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имконият ва қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни уй-жой билан таъминлаш борасида кўрсатмалар берган эди. Шу асосда университетнинг юксак салоҳиятли, билимли, муваффақиятларга эришган, фидойилиги билан ўзини кўрсата олган 20 нафар педагогига пойтахтимизнинг Сергели туманидан уй-жойлар берилди. Шулар қаторида университетнинг магистратура бўлими бошлиғи Элдор Шерманов ҳам бор.

– Ўн тўрт йилдан буён талабаларга дарс бериб келаман, – дейди Э.Шерманов. – Аммо узоқ йиллар давомида тўрт фарзандим билан ижарада яшадик. Қийинчиликлар бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан биз, педагогларга кенг имконият берилди. Уй-жойли бўлдик. Бундан буён ҳам ўз ишимда юксак натижаларга эришишга ҳаракат қиламан.

Университетда 12 кафедрада бир юз элликка яқин фан доктори ва PhD даражасига эга юқори малакали мутахассислардан иборат ўқитувчилар жамоаси фаолият юритиб келмоқда.

Таълим жараёни тўлиқ ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ҳолда ташкил этилган. Университет видеоконференция зали, синхрон таржима ва овоз ёзиш хоналари, ахборот-ресурс маркази замонавий технологиялар билан жиҳозланган.

Мазкур олийгоҳ юртимиздаги шу йўналишдаги факультетлар учун таянч таълим муассасаси бўлиб, дунёнинг 69 университет ва институти билан илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

– Бу йил ушбу университет талабаси бўлиш ниятидаман, – дейди Зиёда Воҳидова. – Рақобат кучли бўлишини билганим учун ўз уст
имда мунтазам ишлаяпман. Агар ўзим қизиққан соҳада талабалик насиб этса, юқори натижаларга эришишга ҳаракат қиламан.

Зиёда каби ушбу университет талабаси бўлишни истовчилар кўп. Шижоатли, билимли, юксак салоҳиятли йигит-қизлар ҳар соҳада юртимиз ривожи, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
6 196