ЎзА Ўзбек

14.09.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбек тили халқаро минбарларда баралла янграмоқда

Ўзбек тили халқаро минбарларда баралла янграмоқда

Жорий йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз бир йил тўлади. Халқимиз миллий ғуруримиз ва фахримиз бўлган ўзбек тилини ардоқлаб келади.

Дарҳақиқат, ўзбек тили халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг бебаҳо маҳсулидир.

31 йил аввал «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Қонунининг қабул қилиниши ўзбек тили учун, бу тильда сўзлашувчи халқимиз учун муҳим тарихий воқеа бўлди. Бу мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди.

Бугун ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Тилимизга бўлган халқаро эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда. Бу мамлакатимизда давлат тилининг ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасидир.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда давлат ва ҳукуматимиз томонидан миллий ғуруримиз ва фахримиз рамзи бўлган ўзбек тилини ривожлантиришга янада кенг аҳамият қаратилмоқда.

Жумладан, 2019 йил 21 октябрь куни мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида Президентимизнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармонда давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини оширишга қаратилган вазифалар назарда тутилди.

Жорий йил 10 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонун билан «21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни» этиб белгиланди.

Ушбу байрам она тилимизга эътиборни юксалтириш, унинг бойлигини намойиш этиши, нафақат ўзбек халқи, балки бошқа миллатларни ҳам бебаҳо бойлигимиз ҳисобланган тилимиз ва маданиятимизни ўрганишга илҳомлантиришда хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, бугун ҳар бир соҳада миллий манфаатларимизни таъминлаш, маданиятимизни, азалий қадриятларимизни, шу жумладан, она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ хизмати органлари ва унинг таркибидаги ташкилотларда ҳам давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ва ҳужжатларнинг фақат давлат тилида олиб бориш бўйича тегишли вазифалар белгиланган. Давлат тилида иш юритиш борасида белгилаб берилган барча вазифалар ижроси таъминланиб, тўлиқ назоратга олинган. Бундан ташқари, солиқ тўловчилар билан муносабатларда уларга ҳурмат билан мурожаат қилиш ҳар бир солиқ хизмати ходими олдига қўйилган асосий вазифадир.

Халқимиз тарихан дипломатик ишларда етакчилардан бўлиб келган. Шу боис солиққа оид муносабатларга киришишда, солиқ низоларини ҳал этишда, солиқ тўловчиларга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришда муомала масаласи биринчи ўринга қўйилган.

Сухроб ЗИЁДУЛЛАЕВ,
Давлат солиқ қўмитаси давлат солиқ катта инспектори

3 154
ЎзА