Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 15:15 Чоп этиш версияси

Ўзбек театр хонандаларини италиялик дирижёр эътироф этди

Ўзбек театр хонандаларини италиялик дирижёр эътироф этди Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан санъатнинг турли йўналишларига оид ютуқларимизни кенг тарғиб этиш мақсадида ранг-баранг ижодий-мусиқий кечалар ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай мусиқий тадбир – опера санъати кечаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Италиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси, "Ўзбекистон – Италия" дўстлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Итальян композитори Жоаккино Антонио Россини хотирасига бағишланган мазкур ижодий кечада унинг "Севильялик сартарош", "Золушка" сингари асарларидан намуналар янгради.

XIX аср итальян ижодкорлари орасида Ж.Россини алоҳида ўрин эгаллайди. Маэстро ўша даврда итальян операсини наинки ривожлантириш, балки уни ислоҳ этиш билан бирга Европа опера санъатининг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшди. Қирққа яқин асар муаллифи бўлган Ж.Россини ўзидан бой мусиқий мерос қолдирган.

Мазкур мусиқий кечанинг ўзига хослиги шундан иборат бўлдики, концертга италиялик санъаткор Эдди де Надаи дирижёрлик қилди.

– Ўзбекистондек мафтункор диёрга бир неча марта келганман, – дейди Эдди де Надаи. – Ҳар сафар юртингиздаги мусиқий тадбирларда иштирок этишга оид таклифларга бажонидил розилик билдираман. Юртингизда санъатнинг ғоят қадрланиши, мазкур театр хонандалари асарларни оригинал тилда, яъни итальян тилида катта маҳорат билан ижро этиши таҳсинга лойиқ.

Назокат Усмонова, ЎзА
4 943