ЎзА Ўзбек

04.01.2020 Чоп этиш версияси

Ўзбек шарқшунослиги: бугуни ва эртаси

Ўзбек шарқшунослиги: бугуни ва эртаси

Ҳар бир жабҳанинг тараққиёти ўша соҳа мутахассисларининг уқуви, малакаси, дунёдаги шу йўналишнинг ривожланиш тендинцияларини қанчалик ўзлаштираёганлиги билан белгиланади.

Юртимиз олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг бош вазифаси ҳам ана шундай кўникмаларни эгаллаш ва ўз соҳалари бўйича касби комиллик даражасига етишишдан иборатдир. Шу ўринда ҳозир давом этаётган талабаларнинг қишки таътил кунларидан унумли фойдаланган олий таълим вакиллари ўз йўналишлари бўйича илмий йиғинлар, конференциялар, семинар-тренинглар, очиқ маърузалар ҳамда соҳалари бўйича билим ва кўникмаларни ўстиришга эътибор қаратмоқда.

Шундай тадбирлардан бири бугун – 4 январь куни Тошкент давлат шарқшунослик институти Шарқ филологияси факультетида бўлиб ўтди. Бу ерда факультет профессор-ўқитувчиларининг “Ўзбек шарқшунослиги: бугуни ва эртаси” мавзуидаги анъанавий йиллик илмий конференцияси ташкил этилди.

Унда ўзбек шарқшунослигининг ривожланиш тадрижи, унинг тарихи ва бугуни, замонавий илмий тасаввурлар асосида шарқ тиллари ва адабиётлари тараққиётининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш ҳақида сўз борди.

– Конференция иши “Ҳозирги замон шарқ тиллари”, “Шарқ халқлари адабиёти”, “Мумтоз филология” ва “Таржима назарияси ва чет тилларини ўқитиш методикаси” сингари кенгашларда бўлиб ўтди, – деди Тошкент давлат шарқшунослик институти Шарқ филологияси факультети декани Қудратилла Омонов. – Илмий йиғинда факультетнинг юзга яқин профессор-ўқитувчилари ҳамда шарқ мамлакатларидан келиб, факультет илми толибларига сабоқ бераётган хорижлик мутахассислар ўз соҳаларининг муҳим муаммоларига қаратилган маърузалари билан қатнашди. Албатта, бу каби тажриба алмашиш факультетимиз жамоаси учун яхши имконият бўлди. Улар бир-бири билан мулоқотда бўлиб, келгуси режаларини баён этди.

Анжуманда мумтоз мерос масалалари, глобаллашув шароитида унинг жамият ва шахс тарбиясидаги ўрни, синхрон таржима муаммолари, хорижий шарқ тилларини ўрганишнинг психологик аспектлари, шарқ тиллари ўқитишнинг замонавий технологиялари, когнитив лингвистика, компьютер лингвистикаси, корпус тилшунослиги, лингвокультурология каби соҳаларни чуқур ўрганиш ҳамда тадқиқ этиш масалалари бўйича далилларга бой, қизиқарли маърузалар тингланди.

– Тадбирда араб ва ўзбек тилларида сўз ясалиши бўйича маъруза қилдим, – деди мисрлик олим Саид Хабаши. – Албатта, ҳар икки тилда ҳам сўз ясалиши ўзига хосдир. Бунинг ўзига яраша мураккабликлари ҳам бор. Бироқ астойдил тилни ўрганишга аҳд қилган қизиқувчилар учун бундай тартиблар қийинчилик туғдирмайди. Мен шу институтда ўзбек талабаларига араб тилидан дарс бераман. Бу ерда яхши илмий муҳит яратилган. Бугунги анжуман ҳам шундан далолат бериб турибди.

3 485
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА