ЎзА Ўзбек

15.10.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбек кинорежиссёрлари Авлоний ҳақида атрофдаги “тарихчи қозилар”, “афсоначи чоллар” гапларига ишонмай, асосли манбаларга таяниб кино олмоқда

Ўзбек кинорежиссёрлари Авлоний ҳақида атрофдаги “тарихчи қозилар”, “афсоначи чоллар” гапларига ишонмай, асосли манбаларга таяниб кино олмоқда

Беш-олти китоб ўқиш билан тарихий фильм яратиб бўлмайди. Режиссёр гўёки вақт туйнугидан ўтиб, мозийда яшай бошлаши керак. Кейин эса ижодий гуруҳ аъзоларини бирма-бир замонасидан узиб, қадим ўтмиш бағрига кўчириши зарур. Ана шундагина томошабинни картинадаги воқеаларга ишонтириш мумкин.

Айни кунларда “Авлоний” фильмини суратга олиш жараёнлари қизғин паллада. Юз йил олдинги даврга қайтиб, лекин бугунги талабларга мувофиқ ижод қилаётган режиссёр ва жамоанинг иш авжидаги фикр-мулоҳазалари сизга ҳам қизиқ деб ўйладик.

Музаффар Эркинов,

режиссёр:

­– Қисқа видеоролик оламанми ёки узундан-узун сериал, қаҳрамонларим билан дўст киришмагунимча ишга қўл урмайман. Бусиз барча саъй-ҳаракатларим пучга чиқишини яхши биламан. Абдулла Авлоний билан “ошна” тутинишимизга келсак... Бошида кўнглимга ваҳима солди. Аммо ўзимни тезда тутиб олдим. Чунки қаҳрамонига маҳлиёлик режиссёрнинг фойдасига эмас, зарарига ишлайди кўпроқ.

Мозийга қизиқиш аждодларим, хусусан, Алихонтўра Соғуний ҳаётини ўрганишдан бошланган. Туркистон озодлиги ва миллий бирлиги йўлида курашган бу тарихий шахс қисматини яқиндан билишга интилишим ХХ асрнинг бутун манзарасини чароғонроқ кўриш, теранроқ англашимга туртки бўлди. Биз суратга олаётган янги фильм воқеалари ўтган юзйилликнинг сиёсий зиддиятларга тўла илк чорагида юз берган. Аниқроқ айтсак, Абдулла Авлонийнинг 1919 йили Афғонистонга элчи қилиб юборилиши, сафар таассуротларига қурилган. Қизиқ тасодифки, бу йил мазкур ташрифга бир аср тўлди. Албатта, шунча вақт оралиғида дунё ўзгариб кетди. Манфаатпараст замондошларим бугун Абдулла Авлонийга дуч келиб қолса борми, улуғ маърифатпарварни “осмонда учиб юрган хаёлпараст” дея масхаралаган бўларди. Аслида, бундай зотлар авлодлар ғамини егани, яъни биз учун куйиб-ёнганини тасаввурларига ҳам сиғдира олмайдилар. Фильм жамият онгидаги ана шундай бўшлиқларга кичкинагина ямоқ бўлоладими ёки йўқ, ҳозир мени энг кўп қийнаётган савол шу.

photo5271755963235413210.jpg

Абдулла Авлоний қилган эзгу ишларни ўрганиб чиқишга кўп фурсат кетди. Очиғини айтганда, баъзиларига улгурдим, баъзиларига эса йўқ. Аммо бир савол: биз саноққа улгурмадик, бажармоққа-чи?.. У киши мактаб очди, болаларни ўқитди, дарсликлар, газета-журналлар чиқарди, раҳбарлик, элчилик қилди, шеърлар битди, миллий театрнинг танглайини кўтарди, драмалар ёзди ва саҳналаштирди... Ўҳ-ҳў, айтинг-чи, бари бир инсон учун оғир эмасми?! Хуллас, фильмни шу “оғирлик”ни ҳис этиш ва ҳис эттиришдан бошладик, десам тўғри бўлар.

Мабодо картина биз кутган муваффақият кўчасидан ўтмаса, борки айб меники, менинг зиммамда деб биламан. Сценарийга эса гап-сўз бўлишини истамайман. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Қалдирғоч» қиссаси бадиий асос қилиб олинди. Адибни фақат детектив ва диний-маърифий мавзуларда ёзади деб ўйлар эканман. Янглишганман, нўноқ китобхонлигим оқибати. Тезда асарни ўқиб чиқдим. Китоб қўлимда, аммо хаёлим олисларда бўлди. Суратга олинажак кадрлар, қаҳрамонлар қиёфаси кўз ўнгимда гавдаланди. Ҳали яратилмаган фильмимни томоша қилардим гўё. Оҳ, бу онлар қандай лаззатли эканини фақат режиссёрлар тушунса керак.

Мутолаани кечки соат саккизларда бошлаган бўлсам, ярим тунда тугатдим. Бедор тун ижодий хаёллар билан тонгга уланди. Бир неча ҳафта асар таъсирида юрдим. Менимча, бу фурсат Тоҳир Малик билан танишувга ўзимни тайёрлаш билан ўтди. Энг муҳими, кўнглимда айланган ҳайиқиш ариди, жавобсиз саволлар ечилди, тўхтами йўқ иккиланишлар барҳам топди. Адиб билан учрашувга отланганимда албатта розилигини олиб қайтишимга ишонардим.

Хасталик кучини кўрсатган бўлса ҳам, Тоҳир Малик бизни хуш чеҳрада қаршилади. Авлоний ҳақида сўз очилиши билан янаям тетиклашди, гаплари қуюлиб келаверди. Қандай фильмлар суратга олганимни сўради. «Саодат» сериалини кўрган экан, яхши баҳолагани кўнглимни кўтарди. Кейин бирдан кўзимга қараб: «Мен ҳозир сценарий ёзадиган аҳволда эмасман, касалман», деди. Ўртага оғир сукунат чўкди. Сўнгра «Саодат»нинг муаллифи ким эди, балки буниям эплар?» деб ўнғайсиз жимликни аритди. Муқаддас Усмоновани яхши танишини, қачондир университетда дарс берганини эслади. Масала шу тариқа ҳал этилди. Сценарий устида олти ой бош қотирдик. Бу вақт оралиғида Тоҳир Маликнинг хонадони ўз уйимиздек бўлиб қолди.

Абдулла Авлоний Афғонистонга саёҳатини кундалигига кунма-кун ёзиб борган экан. Бу нодир қўлёзма бизга реал воқеаларни тасаввур қилиш, қиссадаги тўқималар билан солиштириш, қаҳрамон руҳиятини яхшироқ англашга имкон яратди. “Қайда борсанг ғолиби мағлубни айлар поймол, Марҳабо, эй ҳуррият, сандан мурувват кўрмадим”, дея ҳайқирган Абдулла Авлонийнинг кўнгилдан кўчирмаларини ўқирканман, кўз олдимда сиёсатнинг чиркин ҳийлаларига алданган оқкўнгил инсон сиймоси гавдаланарди.

Абдулла Авлоний 1917 йилдаги октябрь инқилобини ўзгача умид ва хайрихоҳлик билан қарши олди. Янги тузумга ишонди, мақтовлар битди, бу ҳаяжонлар шеъру мақолаларга айланди. Коммунистларни “мазлумларни қўллаб-қувватловчи”, “халқни маърифатга бошловчи” деб ўйлади. Ҳокимиятнинг азалий қуролсиз қуроли – ваъдаларга алданди. Мазлумлар ҳаёти ўзгармади, эришилган ҳуррият эса миллат учун мағлубиятга айланди. Айнан мана шу кезлари Авлоний кечирган оғриқлар, азобли ички кураш фильмга ҳам кўчирилди.

photo5271755963235413211.jpg

Ҳар бир қаҳрамоннинг ички дунёси, характерлар кесишувига жиддий эътибор қаратдик. Совет ҳукумати Авлонийга қўшиб бир неча вакилини Афғонистонга жўнатади. Биласиз, Амир Омонуллохон 1926 йилгача амир, 1929 йилгача қирол бўлиб давлатни бошқарган, муҳим сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширган. Аммо гегемон давлатларнинг ҳуда-беҳуда аралашуви, миллий ва диний низолар мамлакат бошқарув тизимини издан чиқаради, ғазна талон-тарож этилади, солиқлар йилма-йил ошиб, деҳқонлар қўзғолон кўтаради. Охир-оқибат Омонуллохон тахтдан воз кечишга мажбур бўлади. Аламли томони, орадан бир аср ўтса ҳамки, афғон диёри ҳали ўнгланмади. Фильмда ушбу фожеанинг асл сабабларига, илдизларига эътибор қаратганмиз.

Кобулга Абдулла Авлоний билан бирга маслаҳатчи Борис Николаевич, ўринбосар Ушинский, Москва вакили Бравин Захарович ва унинг соҳибжамол котибаси Валентина Николаевна ҳам боради. Барчаси сафар асносида очилади: кимнинг кимлиги, душманнинг ҳокимлиги... Тоҳир Маликнинг детектив сюжет қуриш тажрибаси жуда қўл келди, томошабин фильм охиригача сирлар ортидан эргашади. Хуллас, Абдулла Авлоний босқинчилар ҳеч қачон эл бўлмаслигига қатъий инонади, янги тузумдан жирканади, унга хизмат қилишдан орланади. 1921 йили элчилик ваколати тугатилгач, сиёсий фаолиятдан буткул воз кечиб, умрининг охиригача мактабда болаларга дарс беради.

Абдулла Авлонийга қарашлар турлича: кимдир ёқлайди, кимдир қоралайди. Режиссёрнинг вазифаси – ҳаёт ҳақиқатларини образли кўрсатиб бериш. Атрофдаги “тарихчи қозилар”, “афсоначи чоллар”га эмас, асосли манбаларга ишонган маъқул. Ўтмишнинг устидан ҳукм ўқишдан тийилган яхши. Агар ҳаммага қулоқ тутаверсанг, бир қадам ҳам олға силжий олмайсан. Чалкашликларни янаям чигаллаштирганинг, шубҳаларни янаям кучайтирганинг қолади, холос. Қатъиятсиз лашкарбошига ўхшаб жамоангни майдонга дадил бошлаб киролмайсан. Режиссёр фильм ишлар экан, ғалабага ташна саркарда каби бўлиши керак.

Постсовет халқларида ўз тарихи ва миллий қадриятларига пастроқ қараш шаклланган. Мустабид тузум даврида ўтмиш фақат қора буёқларда кўрсатилди, асарлар ёзилди, кинолар ишланди, ташвиқот қилинди. Ачинарлиси, бу сиёсат сочган заҳар ҳамон одамлар қонида айланиб, онгида яшаётир. “Авлоний” фильмини суратга олиш жараёнида ҳам советча қарашларга дуч келдик. Масалан, нуқул эски либослар тиқиштирилар, янгиларини ҳам кимдир чанг қилиб, ғижимлаб берар эди. Тарихда боболаримиз кир-чир, йиртиқ-ямоқ кийимда юрган эмиш. Бу мени қаттиқ ғазаблантирди. Фикримда қатъий турдим ва фильм учун атайлаб беш юзга яқин либос тикилишига эришдим. Ҳар бир кадрда халқимиз улуғворлигини кўрсатишга, миллий маданиятимизни кўз-кўз этишга уриндик.

Хоразм, Бухоро, Қўқонда ойлаб кезиб, съёмка учун муносиб жой изладик. Учта вокзал, йўллар, кўприклар, саройлар декорациялари махсус қурилди. Ҳар бир детал устида соатлаб фикрлашдик, баҳслашдик, тарихий китобларни, интернетни титдик. Мингдан ортиқ кадрларни чизиб, кетма-кетликда жойлаб чиқдик. Шундай қилиб фильмни аввал қоғозларда яратдик.

Бадиий кенгаш муҳокамасида бу картинани эплолмаслигимни юзимга айтишди. Аммо ўша пайтда ўзимга ишончим анча баландлаган, уддалашимга кўзим етарди. Шукрки, айни чоғда фильмнинг саксон фоизи тайёр. Қийинчиликлар қўрқитмаса, инсон кўп нарсага эриши мумкин, буни бошимдан ўказмоқдаман.

photo5271755963235413212.jpg

Актёр танлаш борасида ҳам икки оғиз тўхталсам. Режиссёр бўйнида қанча қарздорлик қолса, ҳаммаси истеъдодли актёр учун бўлади. Томорқасидаги санъаткорлар билангина кифояланишга ҳаққи йўқ унинг. Шу боис республикамизнинг қаерига борсам, театрларга кирдим, ижодий таркиб билан танишдим, спектакллар томоша қилдим. Ёш актёрдан тортиб таниқли ҳамкасбларгача суҳбатлашдим, видеога олдим. Тошкентга қайтгач, барчасини аввал ўзим, сўнг жамоа билан кўриб чиқдик ва келишган ҳолда асосий киносиновга номзодларни чақирдик.

Абдулла Авлоний ролига тасдиқланган Алишер Йўлдошев Хоразм вилоят мусиқали драма театрида ишлайди. Уни кўришим билан бош қаҳрамон сиймосини яратиш учун асосий номзод топганимни англадим. Аммо ҳеч кимга билдирмадим. Театр гримчиларидан Алишер акага соқол қўйишни илтимос қилдим. Кейин бир Авлонийнинг суратига қарадим, бир актёр қиёфасига боқдим. Энг кераги, чеҳрасида мен излаган самимият бор. Ўша ёруғликни бошқалардан топа олмай ҳалак эдим. Устоз Тоҳир Малик: “Улуғларнинг ролини ўйнайдиган актёрларга жиддий эътибор беринг. Номи нопок, ичи кир одамлар ижросида булғанмасин улар”, дея умри охирида омонат вазифа юклаганди.

Ниятим – киномиз харитасини кенгайтириш. Аммо бу миллий менталитетимизга қарши туриш орқали бўлмаслиги керак. Ўзимизнинг томошабинлар меҳр қўйса, ўйлайманки, жаҳон ҳам тан олади, бизга мухлислик қилади. Буни англаган режиссёр қадриятларга қарши бормайди, танлаган йўлидан оғишмайди. Абдулла Авлоний айтганидек: “Ростлиғ ҳақнинг ризосини топар, Тўғри йўлда йўқ бўлурму ҳеч чопар?”

Нигора Пўлатова,

л ибосчи:

– “Авлоний” фильми мен учун ҳақиқий мактаб бўлмоқда. Шу пайтгача тарихий кинога “қайчим ўтмас” ишдек қарар, хато қилишдан қўрқардим. Аммо суратга олиш бошлангач, ҳаммаси ўзгарди. Ҳозир иштиёқ, ғайрат ва илҳом билан ишламоқдамиз.

Биринчи қадамни қаҳрамонларнинг ҳаёти ва яшаган даврини ўрганишдан бошладим. Ўзимга керакли маълумотларни ёзиб олдим. Сўнгра хомаки эскизлар чизиб, ранг танладим. Шуниси муҳимки, ранглар қаҳрамон руҳиятига мос тушиши шарт. Либос актёрга характерни очишга ёрдам бериши лозим.

Абдулла Авлоний образи устида узоқ бош қотириб, еттита кийим тайёрладик. Тошкентдан йўлга чиқиши, саҳро, сарой, пароход ва отда юриши учун махсус либослар тикилди. Барчаси ўша даврдаги уст-бошлардек чиқди деб айтолмайман. Чунки ҳар бир ишга ижодкор руҳи сингади. Босиқроқ рангларни хуш кўрганим боис чизмаларимга бу ўз-ўзидан кўчади.

Фильмда замонавий дизайн ва анъанавий услубларни уйғунлаштиришга уриняпмиз. Ҳар бир қаҳрамонга индивудал ёндашдик. Майда тақинчоқдан тортиб сарой ҳашаматини яратишгача баҳамжиҳат меҳнат қилмоқдамиз. Яхши жамоа билан ҳатто машаққатлар сезилмас экан. Олис чўлу саҳроларда ишлаш осон бўлмади, аммо уддаладик. Баъзан танлаган кийиминг камерада бўғиқ кўриниб қолади, чироқларнинг ҳам фойдаси тегмайди, шунда режиссёр “ Бўлмайди!” дейди қатъий ва сен зудлик билан янгисини яратишинг керак. Барча маҳтал кутади, қанча нигоҳлар кузатувида ишлашинг керак: қайтадан чизишинг, эскиз олишинг ва тикувчига қўшилиб тикишинг керак. Аммо, боя айтганимдай, ишимни барча қийинчиликлари билан севаман, қадрлайман.

Қаҳрамон Маткаримов,

р ассом:

– Болалигимдан одамовиман, издиҳомни жиним суймайди. Балки, ёлғиз ижод қилиш учун ҳам рассомликни танлагандирман. Аммо тақдир ишини кўрингки, ҳозир энг серташвиш ва сершовқин санъат тури – кино ичидаман.

“Авлоний” фильмига чақиришганида бошида рози бўлмадим. Аммо режиссёр Музаффар Эркинов мени муваффақиятга ишонтира олди. Кейин ўзим жадал киришиб кетдим. Ишни ҳар бир ҳолатни қоғозга туширишдан бошладик. Мингдан ортиқ кадрлар чиздик, ўхшамаганини ўчирдик. Очиғи, кўпидан кўнглим тўлмади, қайта-қайта уриндик ва ҳамон изланишдамиз.

Кадрда кўришни истаган деталингни замонавий мавзудаги фильмга бемалол қўшишинг мумкин, тарихий картинада эса бунақа “ижодкорлик” кетмайди. Барчаси манбаларга таянган бўлиши, мозий ҳақиқатларига тўғри келиши лозим. Шуниси мураккаб-да!

Афғонистон амири Омонуллохон саройини чизишда “Бу деталлар саройда ишлатилганми ёки йўқ”, дея роса бошим қотди. Иккиланиш онлари ижодкорга оғир, ўз-ўзидан қаламинг қўлдан тушади: соатлаб сукутга чўмасан, интернет титасан, китоб ағдарасан, тарихчилар билан маслаҳатлашасан. Шунда ҳам бўлмаса, бир неча кун ҳеч нима чиза олмайсан. Тарихий фильм, мажозан айтганда, рассом учун бўёғи қиммат, сершовқин картина экан.

Баъзида сенинг кўриминг режиссёр нигоҳидан фарқ қилиши табиий. Рассом ҳар бир кадрдаги жозибани, рангларни, ўзаро мутаносибликни нозик илғай олиши ва буни режиссёрга исботлаб бериши керак. Энг муҳими, гоҳ осон, гоҳ қийин кечган съёмка кунларидан сўнг бир-биримизни табриклай оляпмиз, демак, жамоа ўзига ишоняпти. Ишонч бор жойда эса иккиланишлар тезда ғойиб бўлади.

Равшан Мирзакамолов,

тасвирчи:

– Томошабин фильмни оператор нигоҳи билан кўради. Ижодий жамоа меҳнатини кўрсатиб бериш бизнинг зиммамизда. Масъулият елкадан босиб туради. Баъзида бир кадрни суратга олиш учун соатлаб уринамиз, шундаям тасаввурдаги тасвир чиқмаслиги мумкин. Нимадир камдек, етишмаётгандек туюлаверади. Режиссёр нигоҳидан ҳам буни пайқаш оғир. Ёқимсиз ҳолат...

“Авлоний” фильмида кенг масштабли саҳналар кўп. Тўғрисини айтсам, юзлаб актёрларни бир кадрга муҳрлаш операторларнинг орзуси, аммо бу жудаям мураккаб иш экан. Туркманларнинг ҳужум саҳнаси, тўпларнинг гумбурлаши, пароходдаги талотўпларни умумий планда акс эттириш, яна қаҳрамон кўзлари орқали таҳликали вазиятни ифодалаш, минимал хато қилишга тиришиш, илҳақ одамларнинг ўткир нигоҳлари... Босим қанча юқори бўлмасин, кўнгил тўлмагунча, қиёмига етмагунча қайта-қайта суратга тушираверамиз, тушираверамиз...

Амударё бўйлари, бепоён саҳролар, кенг водийлар минг йиллар мобайнида ўзгармай келмоқда. Шу манзараларни борича тасвирга олишга ҳаракат қилдик. Табиатнинг табиий руҳи картинамизга кўчиб ўтишини истадик.

Маҳбуба Эсонова,

пардозчи :

– Аслида, Тошкентга ранг-тасвирчи рассом бўламан деб келганман. Аммо тақдир мени грим санъатига буриб юборди. Таҳсил давридаёқ одамларнинг юзига ва ундаги бўёқларга кўпроқ эътибор қилардим. Устозларимга ҳам асосан шу ҳақда савол берардим. Танишларимни бирор қиёфага солиб кўришни истардим. “Кел, сенга соқол тақайлик” , “Бурнингни бироз катта қилайлик”, дея дўстларимни ҳоли-жонига қўймасдим. Инсоннинг юзига яширган кайфияти – ниқоблари билан танишганим сари мато-мойбўёқлар мендан нари кетиб, одам қиёфасида жонли образлар яратиш санъати ҳаётимга айланди-қолди. Шу-шу, қирқ йилдан бери гримм столидаман.

Тарихий фильмларда гримчининг меҳнати яққол кўринади, образ яратиш истеъдоди намоён бўлади. Шунинг учун бу жамоага катта иштиёқ билан қўшилдим. «Авлоний» фильми ёзнинг ўтли кунларида суратга олинди. Иссиқ ҳарорат ишимизни икки ҳисса қийинлаштирди, кўзлаган образинг қуёш тиғига узоқ бардош бермайди, бўёқлар терга қўшилиб оқиб тушади, шу боис режиссёрнинг ёнида аскар каби сергак туришинг керак. Қаватимда икки шогирдим бор: ёш ва чаққон қизлар, аммо сира улгурмаяпмиз. Учаламиз қўлимизда елим ва бўёқ билан ҳар бир кадр ортида бормиз. Томошабин фильмни кўрганда гирмчилар меҳнатини ҳам унутмайди деган умиддамиз!

Жавлон Жовлиев


10 482
ЎзА