ЎзА Ўзбек

26.11.2019 Чоп этиш версияси

Ўзбек фильмларида миллат қандай қиёфада кўрсатилади?

Ўзбек фильмларида миллат қандай қиёфада кўрсатилади?

Аввалги давр фильмларида ўзбек миллатини саводсиз қилиб кўрсатишга уринишлар бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқларда фикр-мулоҳазалар билдирилибди.

Халқимиз аввалги давр фильмларини ўзгача иштиёқ ва соғинч билан томоша қилиши сир эмас. "Маҳаллада дув-дув гап", "Суюнчи", "Сен етим эмассан", "Шум бола", "Келинлар қўзғолони" каби миллий киноларимизда ўзбек халқи ориятли, мард, чапани ва юксак самимият эгаси сифатида гавдалантирилган. Ушбу фильмларнинг ҳали-ҳануз катта қизиқиш билан кўрилиши ҳам миллий киноларимизда ёлғон йўқлиги ва халққа яқинлигидандир.

Билдирилган мулоҳазалардаги "халқни саводсиз қилиб кўрсатишга уриниш" ҳолати ҳам бироз далилланмаган эътироз. Ахир "Суюнчи" фильмида Анзират буви набираси Абдуллани "профессор" бўлишини бежизга қайта-қайта қулоғига қуймайди.

"Маҳаллада дув-дув гап" фильмида ҳам қаҳрамонлар олий таълим даргоҳида ўқийдиган илми толиблар бўлади. "Келинлар қўзғолони" фильмида эса барча ўғиллар ҳам, келинлар ҳам зиёли инсон экани кўрсатилади. Бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин.

Аввалги давр фильмларидаги содда одамларнинг гап-сўзи ҳам маъноли, тузли экани билан уларни зиёлилардан қолишмаслигига гувоҳ бўламиз. Ахир "Келинлар қўзғолони" фильмидаги Фармонбибини, "Суюнчи" картинасидаги Анзират бувини "саводсиз қилиб кўрсатилган" деб бўладими?!

Бугунги давр фильмларига келсак, киноасарларда халқнинг "саводлилик" ёки "саводсизлик" даражаси эмас, аксинча, ижтимоий ҳаётдаги муаммолар, бугунги давр одамининг ҳаёти, ўй-ташвишлари, кечинмалари очиб берилади.

Кейинги йилларда яратилаётган фильмларда ҳам миллат ўз ҳолича, бор камчилигу ютуғи билан тасвирланмоқда. Ҳақиқий киноасарда ҳар бир образ, ҳар бир характер ёлғондан холи бўлади. Халқимиз миллий киноларимизда ўзини танисагина, фильмни севиб томоша қилади.

Шундай экан, бу дунёни тарк этган устоз киноижодкорлар руҳи ҳурмати, халқимиз қалбидан жой олган миллий киноларимиздан эгрилик изламайлик. Ушбу кинофильмлар вақт ва томошабин синовидан ўтиб келаётган фильмлардир. Зеро, доно халқимиз ёлғон асарга харидор бўлмайди.



4 317
ЎзА