ЎзА Ўзбек

16.05.2018 06:40 Чоп этиш версияси

Ўзбек делегацияси кино соҳасида муҳим келишувларга эришди

Ўзбек делегацияси кино соҳасида муҳим келишувларга эришди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази ташаббуси билан Канн халқаро кинофестивали доирасида ташкил этилган ўзбек миллий павильонида Ўзбекистон делегацияси бир қатор муҳим келишувларга эришди.

Жумладан, бу йилдан Тошкент шаҳрида халқаро миқёсда ўтказиладиган “PROlogue-2018” кинофестивалига фильмлар йиғишда кўмаклашиш учун германиялик тажрибали мутахассис Бернд Будер билан ўзаро келишувга эришилиб, шартнома тузилди.
Бернд Будер халқаро кинофестивалларга фильмларни йиғиш ва саралаш бўйича катта тажрибага эга бўлиб, Ўзбекистонда илк маротаба халқаро мақомда ўтказиладиган кино байрамига бутун дунёдан энг сара фильмларни жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилади.


Яна бир муҳим ҳужжат Ҳиндистоннинг йирик кинокомпанияси “Picture Perfect” президенти Вивек Сингҳания билан имзоланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ шу йилдан бошлаб “Picture Perfect” кинокомпанияси Ҳиндистонда ўзбекистонлик кино ижодкорларининг фильмлари фестивалини ташкил этади, қолаверса мазкур мамлакатда ташкил этиладиган фестиваллар доирсидаги кино бозорида юртимиз кино маҳсулотларини продюсер ва дистрибьютерлар эътиборига ҳавола этади.

Яна бир ўрнатилган ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Грузия миллий кино маркази ҳар икки мамлакат кино индустрияси ривожлантирилади. 


Зураб Магалашвили – Грузия миллий кино маркази директори: “Биз Ўзбекистон билан ҳам маданий, ҳам бизнес ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Яъни бугун имзолаган меморандумимизга кўра, ҳар икки ташкилот фильмлар дистрибьюцияси билан шуғулланадилар. Ўзбек фильмлари Грузия, грузин фильмлари Ўзбекистон кино прокатига киритилади. Ундан ташқари ҳамкорликда фильм ишлаб чиқарилади”.


Маҳфуза Ортиқова, ЎзА
7 158