ЎзА Ўзбек

08.11.2012 18:40 Чоп этиш версияси

Замонавий рақслар ва маҳорат сабоқлари

“Ўзэкспомарказ”да IV Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танлови давом этмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Форум юниор спорт” маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловда юртимиз ва хорижий мамлакатларнинг болалар бадиий жамоалари қатнашмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг ижодий-интеллектуал қобилиятини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси томонидан ўтказилаётган турли грант дастурлари, фестиваллар, ижодий кўрик-танловлар ушбу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.

Бу йилги Замонавий хореография ва спорт пластикаси халқаро танловида юртимиз ва хорижий давлатларнинг 30 дан зиёд миллий ва замонавий рақс жамоалари ўз дастурлари билан иштирок этмоқда.

– Халқаро танловнинг мукаммал ташкилий ва бадиий жиҳатлари, ранг-баранглиги, юксак савияси бизда катта таассурот уйғотди, – дейди Россиянинг "Задумка" болалар рақс жамоаси бадиий раҳбари Елена Колотовкина. – Биз халқингизнинг санъатни юксак қадрлашига гувоҳ бўлдик. Яратилган шарт-шароитлар Ўзбекистон фарзандларининг ҳар томонлама баркамол улғайишига хизмат қилмоқда.

– Барча ижодий жамоанинг мазкур танловга юқори даражада тайёргарлик кўргани яққол сезилиб турибди, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Гули Ҳамроева. – Қолаверса, мазкур ижодий танлов болаларнинг миллий ва замонавий рақс турларига қизиқиши тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён этмоқда.

Барча қатнашчилар томонидан тайёрланган дастурлар ҳакамлар эътиборига ҳавола этилди. 150 нафардан ортиқ ижрочилар Street Art рақсларининг турли йўналишлари бўйича ўзаро беллашди. Тошкентдаги экология боғида барпо этилган махсус майдончада роллер, скейтер ва велосипедчилар слалом ва фристайл бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

Ижроси энг яхши деб топилган жамоалар гала-концертда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Юртимиз ва хорижий хореографлар иштирокида ўтказилган маҳорат сабоқлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.


ЎзА, Назокат Усмонова, Сарвар Ўрмонов (сурат)
11 846