ЎзА Ўзбек

22.03.2020 Чоп этиш версияси

ЎзА лойиҳаси: Тафаккурни ўзгартирган асар

ЎзА лойиҳаси: Тафаккурни ўзгартирган асар

ЎзА “Тафаккурни ўзгартирган асар” рукни остида жаҳонга машҳур бадиий, илмий-оммабоп, психологик, тарихий ва фалсафий асарлар таҳлилини бериб боради.

Мақсадимиз – китобхонликка ҳисса қўшиш. Колумнист Севара Алижонова.

Бугун Рэй Брэдберининг “Марсга ҳужум” асари таҳлили билан танишасиз. Унутманг, китоб қаршисида жамики нарсалар нурсиз бўлиб қолади.

БИЗ ЕРЛИКЛАРДА БУЮК ВА ГЎЗАЛ НАРСАЛАРНИ ВАЙРОН ҚИЛИШ ИСТЕЪДОДИ БОР

“Ҳайратга тушиш қобилияти
буюк ишдир, — деди файласуф. –
Космик парвозлар бизларни яна
болаларга айлантириб қўйди”.

“Марсга ҳужум” асари жаҳонга машҳур америкалик фантаст ёзувчи Рэй Брэдберига оламшумул шуҳрат келтирган илмий-фантастик роман ҳисобланади. Турли қаҳрамонлар, ҳикоячилар тилидан йилнома услубида ёзилган, боб-ҳикояларга бўлинган роман аслида 1940-йилларнинг иккинчи ярмида адабий журналларда кичик ҳикоялар кўринишида чоп этилган. Асарда 1950 йилнинг бошларида Америка жамиятини ташвишга солаётган асосий муаммолар, яъни ядро уруши таҳдиди, мураккаблашиб бораётган ҳаётни соддалаштириш истаги, ирқчилик ва цензурага қарши кураш акс этади. Рэй Брэдбери илмий фантастика жанрини жуда яхши кўрган, чунки дунёнинг ҳозирги ҳолатини борича кўрсатиш(хаёлий келажак омилидан фойдаланиш, шу орқали одамларни ўтмишдаги хатоларни такрорлаш ва уларни оғирлаштиришдан ҳимоя қилиш)да бирор бир жанр фантастикачалик чексиз имкониятга эга эмас, деб ҳисоблаган.

Чиндан ҳам, кундалик ҳаётимизда бизга жудаям оддий кўринадиган, қачонлардир оламшумул тасаввурга эга кимлардир томонидан ўйланиб, олимлар ва кашшофлар томонидан турмуш тарзимизга киритилган мингларча ихтиролар замирида фантастика ётади.

Одатий фикрловчи минглаб, ҳатто миллионлаб одамлардан фарқли, ақл бовар қилмас хаёллар билан яшаётган саноқли кишилар бутун инсоният турмушини ўзгартириб юборишга қодир. Ана шундай башарият тафаккурига сезиларли таъсир этган шахслардан бири – ёзувчининг ўзи Рэй Брэдберидир.

Дарвоқе, у асарларида плазмали телевизорлар, банкоматлар ва кузатув камералари ҳақида башорат қилган бўлса-да, уйида телевизор ва телефондан бўлак ҳеч қанақа техника бўлмаган. Рэй Брэдбери машина, компьютер ва интернетдан нафратланишини яшириб ўтирмаган: “Улар бизнинг яшашимизга халақит беришади, улар бизнинг вақтимизни олиб қўйишади. Одамлар компьютерда жуда кўп ишлашади. Улар бир-бирларини тинглаш ўрнига, жуда кўп вайсашади”.

***

1999 йилнинг ёзида AҚШда Марсга биринчи экспедиция йўл олади. Бу орада марсликлар номаълум нарсанинг яқинлашаётганини ҳис қилишади. У ерликлар аслида телепатлар бўлиб, бир-бирларининг фикрларини сўзсиз ўқий оладилар. Аммо Марсга ерликларнинг келиши билан марсликлар уларга мослашиб, хаёллари тилидан учиб чиқа бошлайди. Биринчи ва иккинчи экспедиция аъзолари туб аҳоли томонидан ўлдирилади.

Учинчи экспедиция Марсда Aмерикадаги Огайо шаҳарчасининг худди ўшандай нусхасини, ундан ташқари марҳум қариндошларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайди. Аслида бу марсликлар найранги бўлиб, уларни гипноз қилишади ва йўқ қилиб юборишади.

Aстронавтлар Марсга ўлим уруғини олиб келишади: туб аҳоли сувчечак вирусига қарши тура олмайди. Тўртинчи экспедиция йўқ бўлиб кетган шаҳарларни топади. Экипаж аъзолари орасида ички низо чиқади: улардан бири экипаждагиларнинг ҳаммасини ўлдирмоқчи бўлади. Шу йўл билан у, ерликлар Марсни забт этиш ғоясидан воз кечиши ва у ерга ҳам атом бомбаларини олиб келолмаслигини таъминламоқчи бўлади. Аммо исёнчи ўлдирилади.

Қизил сайёра ўзлаштирилади, дарахт ва экинлар экилади, электр энергияси ўтказилади. Ернинг нусхаси яратилади. Шундай қилиб, бир марслик янги келганлар билан бирга яшай бошлайди, аммо улардан бирини танлай олмай, азоб-уқубатдан вафот этади. Марсдан юзга яқин марсликлар чиқиб кетишади.

Ерда эса ядро уруши бошланиш арафасида. Яқинлари ва ўз ватанлари ҳақида хавотирга тушган одамлар(уч кишидан ташқари) яна Ерга қайтиб келадилар.

20 йил ўтгач, бир оила Марсга қўнади ва янги ҳаёт қуриш, Ердаги Катта Урушни унутиш учун ўзларига ўхшаган яна бир нечта ишқибозларнинг келишини кутади...

***

Фантаст ёзувчи инсонларнинг Ерга, табиатга муносабати издан чиққани, ҳатто Марсни ҳам Ерликлар эгаллаб олгани, куни келиб Марснинг бошига ҳам шу кунларни солиши ҳақида изтироб чекиб ёзади. Инсонларнинг ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаши ортидан ҳеч нарсадан тап тортмаслиги, Марсда яшай туриб, Юпитер, Сатурн каби яна бошқа сайёраларни ҳам кўздан қочирмаслиги, иложи бўлса, агар ҳаёт аломатлари топилса, ўша ёққа кўчиб ўтишни режалаштиришлари ҳақида киноя билан ёзади. Асардан олинадиган хулосалар кўп. Энг муҳими эса, инсон ўзи яшаб турган Заминга, табиатга хиёнат қилмаслиги, уни асраб-авайлаши лозимлигидир.

Асар шунингдек, тасаввурингизга ҳар куни ҳам келавермайдиган ўхшатиш, фантастик хаёлларни акс эттиргани билан ўқишли, завқли. Масалан, Рэй Брэдбери Марс сайёраси ва марсликларни қуйидагича тасаввур қилади:

...Мистер Aаа темир пиёласидан электр алангасини ҳўплаганча тош терилган йўлакдан овозлар келаётганини эшитди.

...миссис К. биллур деворлардан етилиб чиққан олтин меваларни емоқда...

...аёл беихтиёр гўшт бўлакларини қайнаб турган оловга ташлади.

...мана бу шарфинг, – эр унга шиша идишчани тутди.

...уларнинг юзлари чинакам марсликлардек тоза, қорачадан келган эди. Кўзлари олтин тангалардек сап-сариқ, овозлари майин ва ёқимли. Илгари улар кимёвий олов билан суратлар чизишни яхши кўрардилар, шароб дарахтлари лиммо-лим тўлиб оққан анҳорларда сузишни ёқтиришарди, кейин эса тонггача хилватгина хонада нур таратиб турган портретлар тагида суҳбат қурар эдилар.

...сиз ғирт марслик экансиз! Кўзларингиз сап-сариқ, баданингиз қорача…

...сиз ҳатто кўзингиз рангини алмаштирмоқчи ҳам бўлдингиз – сариқ ўрнига кўкни, баданингиз қорачадан келган эмас, балки қизғиш! Мана бу костюмингизни қаранг, қўлингизда эса, олтита ўрнига бешта бармоқ бор! Нима ҳам дердик, руҳиётдаги оғишлар таъсири остида мутлақо биологик метамарфозадан бошқа ҳеч нарса эмас!

Ўз навбатида марсликлар бизни шундай тасаввур қилишлари мумкин экан:

...қоп-қора сочлар, кўм-кўк кўзлар, оппоқ бадан.

...учинчи сайёра (Ер)да ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Олимларимиз шуни аниқлаганларки, у ерда ҳавода кислород ҳаддан ташқари кўп. У ерда одамлар яшаганида қандай зўр бўлар эди-я! Қанақадир ғалати кемаларда коинотда саёҳат қила олишганда нур устига нур бўларди.

...Ер бошдан оёқ денгиз, денгиздан бошқа ҳеч нарса йўқ. У ерда ҳеч қандай қуруқлик йўқ.

Китобхон бу сатрларни ўқиркан, беихтиёр ўзини Марсдадек ҳис этиши, тасаввурнинг чексиз оламига шўнғиши табиий. Фантастик асарлар мутолааси ўқувчига-да қотиб қолган тасаввурларини жонлантириш, дунёга бошқача нигоҳ билан қараш, ўзи кириб, қамалиб қолган қобиқларни ёриб ташлаш имконини бериши билан ҳам қимматли.

Асардан иқтибослар:

Биз ерликларда буюк ва гўзал нарсаларни вайрон қилиш истеъдоди бор. Агар биз Мисрда Қарноқ эҳроми харобалари орасида тамаддихона очмаган бўлсак, бунинг сабаби шундаки, харобалар қияликда жойлашган ва у ерда тижорат ишлари юришмайди.

Вактнинг ҳиди қанақа бўлади? Чангми, соатми, одамми? Бундоқ ўйлаб кўрганда бу вақт дегани ўзи қанақа бўлади? Эшитса бўладими? У бир қарасанг зим-зиё мағорада шилдираб тушаётган сув, бир қарасанг чорлаётган товуш, бир қарасанг бўш қути қопқоғига тўкилаётган тупроқнинг шувуллаши, бир қарасанг ёмғир.

- Нимага бунча тикилиб қараб қолдингиз, дада?

- Мен ер мантиғини, соғлом фикрни, оқилона ҳукмронликни, тинчлик ва масъулиятни қидираётган эдим.

- Хўш, топдингизми?

- Йўқ. Топмадим. Улар энди Ерда йўқ. Бундан кейин ҳам ҳеч қачон бўлмайди. Биз ўз-ўзимизни алдаб келган эканмиз, чамамда, аслида биз ўзи йўқ нарсани қидирар эканмиз.

Никоҳ ҳаттоки илгаридан таниш бўлган ёш йигит-қизларни ҳам кекса қилиб қўяди…

– Сизни, албатта, даволаб бўлмайди. Бахтиқаросиз, ғаройиб одамсиз! Сизни фақат ўлим қутқаради.

Дунё уруш ёки уруш ҳақидаги фикрлар гирдобида қолиб кетган эди.


2 357
ЎзА