ЎзА Ўзбек

02.11.2019 Чоп этиш версияси

Ўз юртимнинг тупроғи...

Ўз юртимнинг тупроғи...
Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!

Ёт элларнинг боғи билан боғчаси,
Ўз юртингнинг янтоғича бўлолмас.

Маҳтумқули

Ўзга юртнинг гуллар ўпган кўчаси.
Денгизлари, нилуфари, ғунчаси.
Дарёлари, юзлаб, минглаб қанчаси.
Кўкни қучган мўъжизаси, нечаси.
Ўз юртимнинг тупроғича бўлолмас.
Ёт элларда кўнглим яшнаб кулолмас.

Гарчи учдим, юлдузлар қанотида,
Насим бўлдим соғинчлар сиротида.
Мовий, алвон жилваларга мафтун бўлдим,
Руҳ бермадим руҳсизлар ҳаётига.
Менга ҳеч ким ўз элимдек бўлолмас.
Ёт элларда кўнглим яшнаб кулолмас.

Нурлар кўрдим, осмон билан бўйлашган,
Сирлар кўрдим, синоатдан сўйлашган,
Учаётган турналарни тингласам,
Ошиёнининг севгисидан куйлашган.
Ёт элларда кўнглим яшнаб кулолмас.
Дил дардимни марваридлар ололмас.

Янтоқгуллар- болалигим байроғи,
Хору хаси, ўланлари, япроғи.
Жонга малҳам қушларининг сайроғи.
Кўзларимга тўтиё итларининг тирноғи.
Ўз юртимда рақиб сочим силолмас
Ёт элларда кўнглим яшнаб кулолмас.

Эл ҳажрини ғарибалар билади...
Юрт ишқида сарғаяди, сўлади...

Кўкка боқсам юксаламан, ўсаман
Нафас олсам оламларим тўлади!
Юрагимни зебу зарлар ололмас,
Ёт элларда кўнглим яшнаб кулолмас.

Озода БЕКМУРОДОВА,
шоира

4 988
ЎзА