Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.07.2017 15:53 Чоп этиш версияси

Юрт мадҳи ёшлар ижросида

Юрт мадҳи ёшлар ижросида Ўзбекистон давлат консерваториясида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб ташкил этилган "Ягонасан, муқаддас Ватан!" кўрик-танловининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги якуний босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Д.Набиев ва бошқалар ёшларнинг маънавий тарбиясини тўғри ташкил этиш, интилиши, орзу-мақсадларидан бохабар бўлиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.

"Ягонасан, муқаддас Ватан!" республика кўрик-танлови Ўзбекистонимизни тараннум этиш, навқирон авлодда ватанпарварлик, юртга садоқат, унинг тақдири учун масъулиятни теран ҳис қилиш каби туйғуларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 27 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига асосан Ватанни мадҳ этувчи бу йилги қўшиқ байрами "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўтказилмоқда.

Мазкур ижодий лойиҳанинг олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги дастлабки босқичларида 13 мингдан ортиқ талаба-ёш табаррук заминимизни улуғловчи қўшиқлари билан қатнашди. Якуний босқичга ижроси энг мукаммал деб топилган 14 та олий таълим масканининг вакиллари таклиф этилди.

– Бу танловда "Жаннат Ўзбекистоним" қўшиғи билан иштирок этдим, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Мирзуфар Шарипов. – Мазкур қўшиқ байрами ёшларнинг Ватанга, мустақиллигимизга, тинч ва осойишта ҳаётимизга бўлган муносабатини намоён этиши учун қулай имкониятдир.

Танлов якунида қўшиқлари энг яхши деб топилган олий таълим даргоҳларининг вакиллари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

* * *

Шу куни пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун таъсис этилган "Ниҳол" мукофотига номзодларни аниқлаш бўйича ўтказилаётган кўрик-танловнинг Тошкент шаҳар босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танловда иштирокчилар эстрада, мумтоз қўшиқ, мусиқа, опера ижрочилиги, рақс санъати каби йўналишлар бўйича ўз маҳоратини намойиш этди. Ғолиблар танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Назокат Усмонова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
2 724






Все о погоде - Pogoda.uz