Юраги ўзбекча урган шоир

Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг 1939 йилда Тошкентда таваллуд топган.
Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг 1939 йилда Тошкентда таваллуд топган. Ўндан ортиқ шеърий тўплами Тошкент, Москва ва Санкт-Петербургда чоп этилган. Шоир қаламига мансуб еттита бадиий фильм сценарийси ўзига хослиги ва ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Йигирмадан зиёд мультфильм ва кўплаб насрий асарлар муаллифи.
А. Файнберг моҳир таржимон ҳам эди. Русийзабон китобхонлар кўплаб ўзбек шоирлари ижодидан баҳраманд бўлишида унинг хизмати катта. Москвада Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” поэмаси, Тошкентда “Оққушлар галаси” номли ўзбек шоирлари ижодидан қилинган таржималар жамланмаси нашр этилган.
Ўзбекистон халқ шоири, Кинематография уюшмаси аъзоси Александр Файнберг Россия Президенти фармони билан Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларга муносиб ҳисса қўшганлиги учун Пушкин медали билан тақдирланган. Шоир 2009 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг қабрига зиёрат уюштирилди. Унда бир гуруҳ ижодкорлар, ёзувчи-шоир ва марҳумнинг яқин қариндошлари иштирок этди.

Зиёрат чоғида Александр Файнберг билан боғлиқ илиқ хотиралар ёдга олинди, нафис шеърлари эсланди, қабрига гулчамбар қўйилди.
– Александр Файнберг шеърлари равон ўқилади, – деди Қорақалпоғистон халқ шоири, таржимон Рустам Мусурмон.– Шеърларидан Ўзбекистонга чексиз муҳаббатини сезганман, Тошкентга бўлган тенгсиз меҳрни ҳис қилганман. Шунинг учун ҳам шеърларини таржима қилишда қийналмайман. Унинг мисраларидан шу аён бўлади, у русча ёзади, аммо юраги ўзбекча уради. Қалбида ўзбекни улуғлаш ҳисси бор. Бир шеърида “Лойсувоқ уйларда симирдим чалоб, Эшиксиз ҳовлилар очиқдир мудом” деган мисраси орқали халқ ичига кириб боргани, ўзбек урф-одатларини қалбига яқин олгани билинади.
Александр Файнберг шеърларини таржима қилиб “Чиғир” номи остида ўқувчиларга тақдим этганмиз. Унга шеърлари билан бир қаторда, беназир битилган насрий ва публицистик асарлари киритилган.