Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 21:31 Чоп этиш версияси

Юксалиш йўлларида

Юксалиш йўлларида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Владимир Жирнов фотография санъатининг етакчи намояндаларидан. Унинг ижодида классик усулда портретлар, манзаралар, этнографик лавҳалар ва байрам тантаналаридан тортиб, услублаштирилган ва мураккаб концептуал фотографиялар туркуми ҳамда лойиҳаларини гавдалантириш муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида Владимир Жирновнинг мухлислар эътиборига ҳавола этилаётган “Юксалиш” шахсий фотокўргазмасида бу янада ёрқинроқ намоён бўлган.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар В.Жирновнинг ижодий фаолияти ва ҳаётнинг барча жабҳасини акс эттирган лавҳалари фотография санъати равнақида муносиб ўрин эгаллаши ҳамда шу соҳага кириб келаётган ёшларга ижодий мактаб вазифасини ўтаётгани хусусида сўз юритди.

В.Жирнов 1955 йил Бухоро вилоятида туғилган. 1978 йили олий ўқув юртини физика мутахассислиги бўйича муваффақиятли тамомлайди. У болалигидан фотограф бўлишга қизиққан эди. Олий маълумотли физик бўлса-да, уни бу қизиқиш тинч қўймади. Қўлига фотоаппарат олиб юрт кезди. Ҳаёт ва одамлар унинг лавҳаларида муҳрланди. Шу тариқа фоторассом дўстлари ва мухлислари назарига тушиб, мамлакатимиз ва хорижда ўтказилган танловлар совриндорига айланди. "Ўзбекистон тасвирий санъат антологияси" ва 10 дан ортиқ альбомлардан унинг ижод намуналари жой олди. Тақдим этилаётган мазкур кўргазма фоторассомнинг 1984 йилдан 2016 йилгача бўлган ижодий фаолиятини ўз ичига олган.

– Владимир Жирнов ўз касбининг моҳир устаси, – дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси фотошўъбаси раиси Р.Шарипов. – Кўргазмага қўйилган ишлар муаллифнинг маҳорати ва ўз касбига бўлган меҳридан далолат бериб турибди. Бу суратларнинг ҳар бири бир олам. Уларда санъат, фалсафа, ҳаёт акси, юртимиз табиати ва одамларини кўрамиз. Бу бизга қувонч ва ҳайрат бағишлайди.

Экспозициядаги “Ўғлим портрети”, "Соғбон кўчаси", "Қизалоқ портрети", "Кўпкари", "Ҳақиқатга йўл", "Осмон ва ер", “Болтиқбўйи хотиралари”, “Бу ҳаммаси жаз”, “Соядан нурга парвоз” сингари лавҳаларда турли техник ва композицион усулларни қўллай олгани фоторассомнинг юксак маҳоратидан дарак беради.

Насиба Зиёдуллаева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
2 966






Все о погоде - Pogoda.uz