Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 16:06 Чоп этиш версияси

Юксак маънавиятли инсон икки дунё саодатига эришади

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов маънавий тикланиш ва янгиланиш ислоҳотларини улуғ аждодларимизнинг муборак номи, бой мероси ва хотирасини абадийлаштириш асосига қуриб, халқимизнинг ғурурини тиклаган, эртанги кунга ишончини уйғотган, одамларни янги марраларга руҳлантирган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 14 февралдаги «Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ана шундай улуғ ишлар силсиласининг янги босқичи сифатида тарихий аҳамиятга эга. ЎзА мухбирининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов билан суҳбати мазкур халқаро ташкилотнинг мақсад-вазифалари, буюк муҳаддис ватандошимиз меросининг башарият тамаддунидаги ўрни ва бугунги мураккаб глобаллашув шароитида инсон тарбиясидаги аҳамияти ҳақида бўлди.

– Муқаддас заминимиз азалдан улуғ алломаларга бешик бўлган, бу азиз зотларнинг инсоният тамаддуни, айниқса, ислом дини ва маданияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини жаҳон жамоатчилиги яхши билади, тан олади, – дейди У.Уватов. – Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 февралдаги қарори билан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдек улуғ мақсадларга хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 11 октябрда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам танишди. Мутасаддилар, қурувчилар, олимлар билан учрашди. Давлатимиз раҳбари бунда бир неча масалани кун тартибига қўйди. Аввало, ушбу зиёратгоҳнинг бугунги ҳолати буюк муҳаддис Имом Термизийнинг юксак мақомига мос эмаслигини, шу боис бу ерда тубдан таъмирлаш ишларини бажариш ҳамда замонавий яхлит ёдгорлик мажмуаси барпо этиш лозимлигини таъкидлади.

Президентимиз шу йил 10 февралда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида яна мазкур зиёратгоҳдаги бунёдкорлик ишлари билан танишиб, мажмуани обод масканга айлантириш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берди.

Собиқ тузум даврида ислом динига бўлган салбий муносабатларни эсласа, одамнинг эти увишади: масжиду мадрасаларимиз, улуғ алломаларимиз мангу қўним топган зиёратгоҳлар хароб аҳволда эди, ислом динидан фақат сохтадан сохта хурофий маънолар изланарди. Йиллар давомида даҳрийлик сафсатаси билан халқимизнинг бош-кўзини айлантиришга уринишлар бўлгани ҳали унутилгани йўқ.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов жасорати билан 1990 йили мамлакатимизда Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонлангани, Тошкентда «Имом ат-Термизий мероси ва ҳозирги замон» мавзуида халқаро конференция ўтказилгани тарихий воқеа бўлган. Энг муҳими, собиқ тузум раҳбарларининг қаршилигига қарамай Ислом Каримов мазкур халқаро илмий анжуман иштирокчиларига табрик йўллагани халқимизнинг руҳини кўтарган, ғурурини тиклашга хизмат қилган.

– Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий буюк муҳаддислардан бири. Ул зот қандай юксак фазилатлар эвазига бу улуғ даражага мушарраф бўлган?

– Ҳадис – сўзлашув ва хабар бериш маъносида келган нақл бўлиб, истилоҳ сифатида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг сўзлари, феъллари ёхуд бирор масаладаги кўрсатма ва йўл-йўриқларини англатади. Ҳадисшунослик VIII асрнинг иккинчи ярмидан ХI аср ўрталарига қадар асосий илм бўлган. IX аср ҳадис илмининг олтин даври саналади. Бу даврда юзлаб муҳаддислар орасида энг юқори мартабага эришган олти улуғ имом энг машҳур, ишончли ва мўътабар ҳадис китобларини ёзган. Бу асарлар Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манбалардир. Бизга ғурур бахш этадигани мазкур «кутуби ситта», яъни энг саҳиҳ (энг тўғри, ҳаққоний) олти ҳадис китобларининг икки мусаннифи буюк ватандошларимиз Имом ал-Бухорий ва Имом ат-Термизийдир.

Имом ат-Термизий ҳозирги Шеробод туманидаги Буғ қишлоғида милодий 824 йилда дунёга келиб, 892 йилда вафот этган. Ул зот Термиз, Самарқанд, Марв ва Хуросонда таълим олгач, 26 ёшида узоқ юртларга илм истаб йўлга тушади. Йигирма йиллик илмий сафарда Бағдод, Басра, Куфа, Макка, Мадина каби шаҳарларда бўлиб, кўплаб муҳаддису уламолар билан суҳбатда бўлади. Бирор ровийдан ҳадис эшитса, унинг асли, ровийлари ва далилини синчиклаб ўрганиб, қайта-қайта обдон текширади.

Бир тасаввур қилайлик: пайғамбаримиз (с.а.в) яшаган даврдан икки ярим аср ўтган, Расули акрамнинг сўзлари ҳали китоб кўринишида эмас, ровийдан ровийга оғзаки ўтиб юрган пайтда ҳадисларни йиғиш, саралаш, таҳлил қилиш, асл ва тўқималарни ажратиш – буларга шунчаки истеъдоднинг ўзи камлик қилади. Манбаларда Термизийнинг қувваи ҳофизаси шу қадар кучли бўлганидан минглаб ҳадисларни сўзма-сўз ёд олгани ҳақида маълумотлар кўп. Шарқнинг етук алломаларидан Абдулкарим ас-Самъоний «Имом Термизийнинг ҳадисларни ёдда сақлаши ва аниқ билиши борасида одамлар орасида зарбулмасаллар тарқалиб кетганди», деб ёзса, Ибн ал-Имод ал-Ҳанбалий «Ҳадис илмида ўз тенгқурларидан батамом устун, ҳадисларни ҳифзи (ёдда сақлаш)да ва уларни ҳар томонлама мукаммал билишда айни бир мўъжиза эди», деб эътироф этади.

864 йилда Нишопур шаҳрида тарихий бир воқеа юз беради: қирқ йиллик хориж сафарларидан юртига қайтаётган Имом Бухорий ва Нишопурдаги олти улуғ муҳаддиснинг яна бири – Имом Муслим сафига Имом Термизий ҳам қўшилади. Уч буюк муҳаддиснинг бу тарихий учрашуви, маънавий қувватларнинг бирлашуви, мана, ўн икки асрдан буён ислом олами учун энг ишончли манбалар сифатида эзгуликка ва инсон камолотига хизмат қилаётган саҳиҳ ҳадислар тўпламларининг яралишида беқиёс омил бўлган.

Абу Исо ат-Термизий Имом Бухорийга ҳам шогирд, ҳам сафдош бўлиб, янада камол топади. Бир неча йиллик самарали илмий ҳамкорлик, аввало, уларнинг ўзига, қолаверса, халқимизга, ислом оламига, умуман, бутун инсониятга фойдали бўлди. Имом ал-Бухорий шогирдининг мукаммал илми, маънавий салоҳияти ва бошқа кўплаб фазилатларига шундай юксак баҳо берган: «Мен Сиздан кўрган фойда Сиз мендан кўрган фойдадан кўпроқдир». Ўз навбатида Имом ат-Термизий ҳам бир умр устозига жуда юксак ҳурмат ва садоқатда яшаб ўтган. Айрим манбаларда келтирилишича, у айнан буюк устози вафотидан сўнг жуда оғир ғам-қайғу ва изтироблар туфайли кўз нурларидан айрилган.

– Улуғ ватандошимизнинг ислом дини ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси қайси жиҳатларда намоён бўлади?

– Имом ал-Бухорий фақат саҳиҳ ҳадисларни ўз асарларига киритган бўлса, унинг шогирди Имом ат-Термизий ислом оламида илк бора ҳадисларнинг даражаларини белгилаган: уларни саҳиҳ (энг тўғри), ҳасан (маъқул), заиф (ишончсиз), ғариб (ғалати) каби турларга ажратган. Ўз навбатида уларнинг ҳар бирида турли табақаларни белгилаган...

Имом ат-Термизий бунда устози изидан бориб, унинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқди. Энг ҳаққоний, саҳиҳ ҳадислар билан бирга, инсонларга фикр берадиган, йўл-йўриқ кўрсатадиган, турли масалаларда ечим топишга ёрдам бўладиган ҳадис ва ривоятларни ҳам авлодларга мерос қолдирди. Бу ҳам ул зотнинг инсон камолоти йўлида ақида чегараларини кенгроқ белгилагани ифодасидир.

Имом ат-Термизий ислом оламида илк бора қиёсий қонуншуносликка асос солган. Фиқҳ масалаларини қиёсий ўрганган. Улуғ алломанинг яна бир хизмати ҳадис иллатларини (ровийда ёки матнда бирор сўз ё ўзгартириш қўшилиб қолган-қолмаганини) чуқур ўрганиб, бу борада алоҳида китоблар ёзганидир.

Абу Исо Термизий ўндан ортиқ асар яратган. Улар орасида энг машҳури – «Сунани Термизий» («Саҳиҳи Термизий») китоби. Бу бошқа ҳадислар тўпламлари орасида тартиби энг ихчам, такрори энг оз асардир. Имом Термизий бошқа улуғ муҳаддислардан фарқли равишда ҳар бир бобнинг ҳадисини зикр қилгач, худди шу бобга тегишли ҳадис ривоят қилган саҳобаи киромларнинг исмларини санаб ўтган. Фиқҳ масалаларида фақиҳларнинг фикр-қарашларини кўп зикр қилган, далилларга ишорат этиб, худди ўша масалада бир-бирига зид ҳадисларни шарҳлаган. Ҳар бир ҳадиснинг сиҳҳат-соғломлик ва заифлик даражасини аниқлаб, ҳадиснинг иллатлари, ровийлар ҳақида батафсил изоҳлар берган.

Ат-Термизийнинг «Аш-Шамоил ан-набавиййа» асарининг она тилимизда нашр қилиниши ҳам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи билан боғлиқ: 1992 йили Биринчи Президентимизнинг Саудия Арабистонига илк расмий ташрифида Саудия Арабистони Қироли юксак ҳурмат ифодаси сифатида каъбапўшдан катта бир қитъани, улуғ алломаларимизнинг қатор асарлари нусхаларини совға қилган. Улар орасида Имом ат-Термизийнинг «Аш-Шамоил ан-набавиййа» асари ҳам бор эди.

Мазкур китоб зудлик билан ўзбек тилига ўгирилиб, нашр қилинган. Бу асар пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг сувратлари ва сийратлари, фазилат ва одатларига доир 408 ҳадиси шарифдан иборат ғоят қимматли манбадир.

– Марказнинг асосий вазифалари нималардан иборат?

– Адлия вазирлиги шу йил 14 март куни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини давлат рўйхатидан ўтказди. Айни пайтда Термиз шаҳрида ташкилот биноси қад ростламоқда, тегишли мутахассисликдаги кадрлардан жамоа шакллантирилмоқда.

Президентимиз қарорида белгилаганидек, марказда ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳияти, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асослари, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар мероси ҳар томонлама чуқур ўрганилади, кенг тарғиб этилади. Бу борада юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган ёзма манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан доимий иш олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган. Бугун мамлакатимиздан ташқари Бирлашган Араб Амирлиги, Саудия Арабистони, Миср, Эрон, Туркия, Франция, Буюк Британия, Голландия, Германия ва бошқа давлатлардаги фонд ва кутубхоналарда Имом Термизий ва термизий алломаларнинг кўплаб асарлари қўлёзма ва тошбосма нусхаларда сақланмоқда. Уларни излаб топиш, тизимли ўрганиш, электрон нусхаларини мамлакатимизга келтириш, ўзбек тилига ўгириб, нашр қилиш вақти келган. Бу борада илмий-тадқиқот ва экспедиция ишларини кенгайтириш режалаштирилган.

2016 йил октябрда Тошкент шаҳрида «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзуида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтгани ҳам бу борада янги имкониятлар эшигини очди. Ушбу анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бу ғоя «Бешикдан қабргача илм изла» деган машҳур ҳадисга ҳамоҳангдир.

Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Чунки таълим ва маърифат инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўша сессияда «инсон маънавий олами, халқлар маданиятини белгилайдиган манбаларни асраб-авайлаш ва бойитиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим» эканини қатъий таъкидлади: «Азалий қадриятларимиз ва ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этган муқаддас динимизни асраш ва қадрлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир. Ислом – ҳақиқатни англаш демакдир, у одамзотни эзгу амалларни бажаришга ундайди, ҳар биримизни яхшилик ва тинчликка чорлайди, ҳақиқий инсон бўлишни ўргатади».

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифаларидан бири турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни, илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини янада кучайтиришдан иборат. Бу инсонларнинг ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаши, турли ақида масалаларида йўлдан озмаслигида ҳам катта аҳамиятга эга.

Абу Исо Муҳаммад Термизий ҳазратлари «отанинг ўз фарзандига берган тарбияси катта миқдорда пул садақа қилганидан кўра ҳам авлороқдир», деб таъкидлаган. Дарҳақиқат, бугун ёт оқимларга кириб, адашиб қолаётганлар кимлар? Аввало, оиласида етарлича тарбия кўрмаган кимсалардир.

Буюк муҳаддис бобомиз ўз асарларида ҳамиша инсон бу ҳаётнинг қадрига етиб, ўлчаб берилган умрини эзгу ишларга сарфлашини уқтиради, инсонга ахлоқ, дид, эътиқод, тасаввур ва тафаккурнинг энг эзгу ғояларидан сабоқ беради. Ёшларимиз улуғ алломаларимизнинг ана шу боқий меросини чуқур ўрганса, ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам юксак маънавиятга таянса, икки дунё саодатига эришади. Зотан, ўз қарашлари ва мезонларига эга, йўли ойдин, манзили ёруғ халқ карвонини ҳеч қандай куч чалғитолмайди.

Умид Ёқубов, ЎзА
3 552






Все о погоде - Pogoda.uz