Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2017 17:07 Чоп этиш версияси

"Ёшлик баҳори": изланиш ва мулоқот майдони

"Ёшлик баҳори": изланиш ва мулоқот майдони Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишлаб "Ёшлик баҳори" ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивали ташкил этилди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида ушбу кўрик-фестиваль ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ва гала-концерт бўлиб ўтди. Унга турли вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари таклиф этилди.

Мамлакатимизда мусиқа санъатининг барча жанрларини ривожлантириш, ушбу йўналишдаги таълим тизимини замон руҳига уйғун тарзда такомиллаштириш, ёш авлод истеъдодини эрта аниқлаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масаласи доимий эътиборда. Бундай эътибор ёшларнинг мусиқа санъатининг бебаҳо намуналарини мактаб давриданоқ ўрганиши, истеъдодлар сафини кенгайтириш, уларнинг қобилиятини эрта ва тўғри шакллантириб боришда муҳим омил бўлмоқда.

Тўртинчи марта ўтказилган "Ёшлик баҳори" кўрик-фестивали опера мухлисларининг янада ортиши, мусиқанинг мазкур йўналишини тобора ривожлантиришдек мақсадларга хизмат қилмоқда.

– Ўзбекистон давлат консерваториясида академик хонандалик йўналиши бўйича таҳсил олаётган ёшлар билан бирга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги санъат коллежлари, ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейларининг ўқувчилари, мусиқа таълими бўйича эндигина фаолият бошлаган ёш педагоглар мазкур мусиқа анжуманида ўз маҳорат ва истеъдодини бирдек синаб кўриш имконига эга бўлди, – дейди Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги 41-умумтаълим мактабининг мусиқа фани ўқитувчиси Собирхўжа Ботиров. – "Ёшлик баҳори" кўрик-фестивали пойтахтимиздаги етакчи санъат масканларининг саҳналарида ўз ижодий изланишларимизни намойиш этиш, ёш операчилар ижроси билан танишиш учун мулоқот майдони вазифасини ўтади.

Кўрик-фестивалда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрининг стажёри Шуҳрат Чориев биринчи ўринни қўлга киритди. Сирдарёлик Собирхўжа Ботиров иккинчи ўринга сазовор бўлди. Ўзбекистон давлат консерваториясининг талабаси Бирдонахон Маткаримовага учинчи ўрин насиб этди. Бир гуруҳ ёш опера ижрочилари турли номинациялар бўйича ғолиб бўлди.

Гала-концертда мамлакатимиз ва халқаро танловларнинг совриндорлари ижросида Ўзбекистон ва жаҳон композиторларининг асарларидан намуналар ижро этилди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
2 984






Все о погоде - Pogoda.uz