ЎзА Ўзбек

03.12.2018 19:06 Чоп этиш версияси

Ёшларимизнинг хорижий адиблар орасида асарлари энг севилиб ўқиладиган ёзувчи

Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги олдидан Бухоро вилоятида ҳам қатор адабий-маърифий анжуман, давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Когон шаҳридаги “Темирйўлчилар” истироҳат боғининг маданият саройида ташкил этилди.

Шаҳар хотин -қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамғармаси ҳудудий бўлими ва халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ўтказилган адабий кечада адабиёт мухлислари, таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, балки, ўзбек халқи юрагидан ҳам жой олган севимли адиб бўлиб, ижоди, юксак бадиий маҳорати жаҳон адабиётида фавқулодда ҳодиса эканлиги эътироф этилди. Таъкидлаш жоиз, унинг деярли барча асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, кўплаб нусхаларда чоп қилинган.

– Чингиз Айтматов биз ёшларнинг хорижий адиблар орасида асарлари энг севилиб ўқиладиган ёзувчиларимиздан бири ҳисобланади, – дейди Когон шаҳридаги 17- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Сабина Қурбонова. – Унинг “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Оқ кема”, “Эрта қайтган турналар”, “Асрга татигулик кун” каби асарларини такрор- такрор ўқигинг келади.

Тадбир доирасида маданият саройида адибнинг турли жанрларда битилган асарлари кўргазмаси ташкил этилди. “Сарвқомат дилбарим” қиссаси асосида ўзбек ва қирғиз киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилган бадиий фильм намойиш этилди.



Эркин Ёдгоров, ЎзА
1 856