ЎзА Ўзбек

10.11.2016 19:40 Чоп этиш версияси

Ёшлар ижодида Ватан мавзуси

Ёшлар ижодида Ватан мавзуси Тошкент Фотосуратлар уйида Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида«Мустақиллик авлодлари: илҳомимсан, беқиёс Ватаним!» номли кўргазма ташкил этилди.

Кўргазманинг очилишида Тошкент Халқаро Вестминстер университети ректори К.Каримов, Бадиий академия раиси А.Нуриддинов ва бошқалар мазкур университет Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкентда 2002 йилда ташкил этилганини таъкидлади.

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртларидан саналади. Университетда талабаларга дунё стандартларига мос юқори сифатли таълим берилади. Талабалар бизнес бошқаруви, бизнесда ахборот технологиялари, иқтисодиёт ва ахборот соҳалари бўйича мутахассисликка эга бўлади.

Университетда талабаларнинг иқтидор ва қобилиятларини қўллаб-қувватлаш ва юзага чиқариш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилаётир. Бу ерда санъатнинг ўндан зиёд тури бўйича клублар фаолият кўрсатади. Клуб аъзолари – талаба ва ўқитувчилар иштирокида мунтазам турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Талаба-ёшларнинг миллий маданиятимиз ва санъатимизга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган кўргазмада университет талабалари ва ўқитувчиларининг 50 дан зиёд тасвирий, 40 дан ортиқ фотоасари намойиш этилмоқда.

– Университетимизда «WIUT Art club» студияси фаолият кўрсатади, – дейди университет талабаси Фотима Турғунбоева. – Кўргазмадаги асарлар мазкур клуб аъзолари томонидан яратилган ва суратга олинган. Намойишга қўйилган тасвирий асарларда Ватанга бўлган муҳаббатимизни акс эттиришга ҳаракат қилганмиз.

Моҳигул Қосимова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
5 364