ЎзА Ўзбек

24.03.2019 Чоп этиш версияси

Ёш томошабинларга ҳам манзур ҳафталик

Ёш томошабинларга ҳам манзур ҳафталик

Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида биринчи марта мамлакатимиздаги барча театрларда 21-27 март кунлари “Театр томошалари ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида ҳам мазкур ҳафталик ғоят қизиқарли руҳда ўтмоқда.

Томоша бошланишига ҳали бир соат вақт бор бўлса-да, театр биноси олдида етмиш нафарга яқин чамаси кичкинтой ота-онаси билан тўпланиб турганининг гувоҳи бўлдик. Ниҳоят кутилган фурсат етди... Санъат маскани ёш томошабинларга ўз эшикларини очди. Софдиллиги сабаблими, болалар театрга ортиқча “ур-сур”ларсиз, тартиб-интизом билан, театрда ўзини тутиш одобига риоя этган ҳолда кириб кела бошлади. Ҳа, назаримизда, театрга муносабатда катталарнинг ҳали кичкинтойлардан ўрганиши керак бўлган жиҳатлари кўп эканига беихтиёр ўзимиз гувоҳ бўлдик.

Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри директорининг ўринбосари Улуғбек Рустамовнинг айтишича, ҳафталик доирасидаги спектакллар томошабинлар билан гавжум бўлмоқда. Масалан, машҳур “Қовоқвой билан Чаноқвой” спектаклига 260 нафар томошабин сиғадиган залга 300 нафарга яқин болажон келган. Улар учун қўшимча ўриндиқлар қўйиб берилган.

– Аслида бизда барча спектакллар аншлаг билан, яъни томошаларимизга чипталар сотилиб, зал томошабинларга тўла ҳолда ўтади, – дейди У.Рустамов. – Ҳафталик учун энг сара спектаклларни танлаб, болаларга тақдим этишга эътибор қаратилди. “Шум бола”, “Сеҳрли лайлак”, “Маликани ким қутқаради”, “Оловиддиннинг сеҳрли чироғи” ва бошқа саҳна асарлари шулар жумласидандир. Ушбу спектакллар ёш томошабинларнинг дидини ошириш, маънавиятини юксалтиришдек мақсадларни кўзлайди.

Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур ижодий жамоа фаолиятида хайрия спектакллар муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, онкология, сил хасталиги бўйича махсус диспансер рўйхатида турадиган кичкинтойлар учун доимий спектакллар намойиш этилиши анъанага айланган. Шу билан бирга ёзги таътил кунларида оромгоҳларда ҳам театр томошаларини болаларга тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилади.

...Қоронғу залда спектакль қаҳрамонлари намоён бўлади. Болаларга тақдим этилган ”Сеҳрли лайлак” эртак-томошасида яхшилик, ростгўйлик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик инсонга ҳамиша ҳақиқий зийнат бериши қизиқарли воқеалар ёрдамида очиб берилган.

3 650
Н.УСМОНОВА, ЎзА мухбири