ЎзА Ўзбек

09.11.2016 16:50 Чоп этиш версияси

“Ниҳол” мукофоти танловининг Фарғона вилояти босқичи бўлиб ўтди

“Ниҳол” мукофоти танловининг Фарғона вилояти босқичи бўлиб ўтди Ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофоти танловининг Фарғона вилояти босқичида 53 нафар иштирокчи эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

Санъат миллатни, мамлакатни дунёга танитувчи, инсонни олижанобликка етакловчи улуғ воситадир. Шу маънода бугунги ижодкор Ватан ва халқ тараннумини ўз қўшиқларида ифода эта олсагина, тингловчилар қалбидан жой олади. Танловда ёш истеъдод соҳибларининг профессионал маҳорати, саҳна маданияти, матннинг бадиий савияси ана шу мезонлар асосида баҳоланди.

– Фарғонада мумтоз қўшиқлар ижрочилиги йўналишида ўзига хос мактаб мавжуд, – дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Икром Жалилов. – Ўтган йилларда Шаҳло Рустамова, Гулсанам Мамазоитова, Анвар Ашуров, Гулруҳ Отақулова сингари ёш истеъдодлар "Ниҳол" мукофоти танловининг айнан мумтоз қўшиқчилик йўналишида ғолиб бўлгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Барча йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма берилди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
7 359