ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

“Ёр-ёр” бадиий фильми 55 ёшда

“Ёр-ёр” бадиий фильми 55 ёшда

Пойтахтимиздаги “Зарафшон” концерт залида “Ёр-ёр” бадиий филми суратга олинганлигининг 55 йиллиги муносабати билан бадиий кеча ўтказилди.

Элимиз ардоғидаги санъаткорлар, хорижий меҳмонлар, кино ихлосмандлари иштирокидаги тадбирда “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Али Ҳамроев, Ўзбекистон халқ артисти Баҳтиёр Ихтиёров ва бошқалар нодир картинага айланган “Ёр-ёр” фильми ва унинг суратга олиш жараёни ҳақида гапирди. 

12.JPG

11 (1).JPG

Инсонлар ана шундай самимий руҳдаги фильмларни соғингани, томошабинлар учун фан ва техника тараққий этган даврда ҳам инсоний пок туйғулар, бачканаликдан ҳоли, ҳазил-мутойибага бой фильмларни кўришга иштиёқ бўлиши таъкидланди.

– Ўша даврлар инсонлар янги фильмни оламшумул кашфиёт деб билишарди, – деди Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров. –Аслида ҳам фильмлар ана шундай кашфиётдек яраларди. Актёрлар эса касбга шунчалар меҳр берардики, ҳатто ижро этиши керак бўлган образларида яшарди. Мен ҳам “Ёр-ёр” филмидаги образимда анча вақт яшаганман. Картина мени томошабинга янада яқинроқ танитган, истеъдодимни намоён қилишга кенгроқ имкон берган. Устоз Сойиб Хўжаевдан кўп нарса ўрганганман. Фильм яралиши жараёнида аҳил ва талабчан жамоа шаклланганди. Ҳамма ўз ишини билиб-билиб бажарарди. Суратга олиш жараёнларидаги дуч келинган барча қийинчиликлар яхши фильм олинишига тўсқинлик қилолмаган.


5 (1).JPG

13.JPG
“Ёр-ёр“ бадиий фильми режиссёр Али Ҳамроев томонидан “Ўзбекфильм“ киностудиясида 1964 йил суратга олинган. Фильмда бош ролларни халқимиз суйган актёрлар Сойиб Хўжаев ҳамда Бахтиёр Ихтиёровлар ижро этган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969), Ҳамза номидаги давлат мукофоти лауреати Али Ҳамроев “Ёр-ёр”, “Водиллик келин”, “Дилором”, “Еттинчи ўқ”, “Соқчи”, “Фавқулодда комиссар”, “Кобулдаги жазирама”, “Бо Ба Бу”сингари 50 дан ортиқ фильмларнинг сценарий муаллифи ва режиссёри.

Тадбирда картинадан лавҳалар намойиш этилди.

1 811
Дилобар Маматова, ЎзА