ЎзА Ўзбек

11.08.2020 Чоп этиш версияси

Ёнимиздаги ёлғизлар

Ёнимиздаги ёлғизлар
ёхуд ўсмирликнинг портлаш даври

Бугуннинг боласи бир вақтнинг ўзида икки оламда яшаяпти. Ахборот олиш масаласида эса «точка доступлар»жуда кўп. Уларни нормал яшаши, энг муҳими ўзларини йўқотиб қўймасликлари ва биз уларни танимай қолиш даражасига етиб бормасимиздан аввал яхши маънода уларни эҳтиётлашимиз давр талаби бўлиб қолди.

Катта авлодга ҳам осон эмас. Ўсмир ва навқирон ёшдаги фарзандларимиз тугул бизни ҳам довдиратиб қўяётган бу ахборот оқимлари ичида тўғри йўлни топиб олиш ва у йўлни ёшларга кўрсатиш амри маҳол бўлиб қолмоқда.

Инсоният учун энг даҳшатли 10 та хавф ёхуд одамзот ақлига сиғдира олмайдиган келажак хатарлари ичида иккитаси технологик хавф деб таъкидланган. Эҳтимол деб қаралаётган хавфлар, ҳозир ақлга сиғмайди деб ўйлайдиган хатарлар бўлиши ҳам мумкин келажакда. Технологик ўзгаришлар ва ижтимоий динамика шунчалик тез суръатлар билан ривожланадики, жамият бу поездга чиқа олмайди ва содир бўлаётган барча нарсадан хабардор бўлмайди. Кимдир бу фикрлар тизимлар учун, бошқарув учун муҳимдир деса янглишади. Чунки бу жараёнлар ичига биз фарзандларимизни ёлғиз қўйиб юборамиз.

Ўзи ўсмир ёшида бўлган болага яна интернетдаги, ОАВдаги материаллар, рекламалар, тезкор ва глобаллашган муҳитидаги аралаш маълумотларни саралашда оила ва мактабдаги тарбия ҳимоя пардаси бўла олаяптими?

Боламиз билан жуда яқин турсада, у биз билан бир уйда яшасада,уни ёшлик максимализми билан исёнини ажрата оляпмизми?

Уни нима хоҳлаётганини биляпмизми?

Уни шахс сифатида шаклланишида унга ёрдам бера оладиган даражада қурбатга эгамизмикан?

Унга яқин турган-айнан биз қўрқаётган, биз сезаётган хавф кўланкасини кўраётган бўлсак, болани дахлсизлигини таъминлаган ҳолда, уни хатардан қандай асраймиз?

Бутун дунё бўйлаб изғиб юрган ҳудкушлик, терроризм, одам савдоси домига тушмаслик учун уни қандай ҳушёрлантиришимиз керак? Бу каби саволлар бугун ҳаммамизнинг олдимизда турган энг долзарб масала.

Бу саволлар бир-биримизга маслаҳат бериш учун эмас, биз ўзимиз бу масалалар ечимига қанчалик тайёрлигимиз борасидаги мулоҳазалардир.

5a1186cb254680a56c087d8ca68c2735.jpg

Ёшларнинг бу борада фикрлари қандай? Агар улар бизни қўрқувда қолдираётган фикрлар бераётган бўлишса, бу – биз берган билим маҳсули!

Барча ўқитувчиларга таъзим қилган ҳолда, бугунги мактабдаги муаммолардан ҳам кўз юма олмаймиз. Катта авлоднинг ўзидаги ҳаракат ва иммунитет пастлиги, ўша «вақт поезди»га чиқишга кўзи етмай ҳаракат ҳам қилинмаётганлиги, жараённи ўз инерцияси билан кетаётганлиги ёки ўқитувчига бугун яна ҳам ёрдамчи кучларни креатив усуллар билан ташлаш масаласи кўтарилиши кераклигини кўрсатади.

Ҳар бир инсон руҳиятида кунда кураш! Яхшилик ва ёмонлик. Агар у кураш сизнинг фарзандингиз ичида сизга нисбатан кетаётган бўлсачи? Биз масалага шунчалик дахлдорлик ҳисси билан қарашимиз керак.

Фарзандлар учун сиз – жамият, одамлар, у яшаб турган муҳит – дунёдир.

POY.main_.jpgЎтган йили «Time» журнали 16 ёшли мактаб ўқувчиси Грета Тунбергни «Йил одами» дея эътироф этди. Журналистларнинг қайд этишича, бу ўсмир қизнинг якка акцияси бутун жаҳон ёшлар ҳаракатига асос солди. Биз ҳозир бу ҳақда эмас, балки унинг катталарга қарата бонг урганини эслатмоқчимиз.

Грета сентябрда БМТнинг иқлим бўйича саммитида иштирок этгач танилиб кетди. У ўз нутқида сиёсатчиларни уни болаликдан маҳрум этганликда айблаган, чунки улар инсониятда иқлим ўзгариши билан боғлиқ йиғилиб қолган муаммоларни келгуси авлодга «мерос қилиб қолдиришган» ва уларни ҳал қилишни ёшлар гарданига юклаётганларидан нолиган. Вақти келиб, шу қизчадек фарзандларимиз ё набираларимиз бизни ҳам қадриятларимиздан бебаҳра қолдирганликда айбласа уларга нима деб жавоб берамиз, деган хавотир ҳам йўқ эмас...

Катталар гаплашаётганда жим тур, катталарнинг суҳбатига аралашма, нарида ўйна... бизни оламимизни тушунмайсиз, ҳуқуқимиз бор бизни, ҳуқуқимиз... деган иддао орқасида – сиз нари туринг, суҳбатимизга халақит берманг... Уларга интернет (ижобий жиҳатларни эътироф этган ҳолда) тавсия қилаётган, болани «сифатини» бузадиган, палагимизни айнитадиган, лекин ёндашуви айёрона келаётган ғояларга альтернатив нимамиз бор? У оёғида «маккам»ми?

Аслида инсон энг қўрқадиган нарсаси ҳам ёлғизлик. Габриэль Гарсиа Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» романини илк бор ўқувчилик даврларимда мутолаа қилганман. Менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Аввалига қийналганман. Тушунмайман. Ё тушуняпману, ҳазм қила олмаяпман. Ниҳоят асар тугади. Ҳа, китобни ёпдим. Тўқ кўк рангдаги китоб! Ва бирдан ҳайрат нималигини илк бор ҳис қилдим...

Бир нима тушундим. Инсон фожиаси, ёлғизлик ҳамма ҳаммаси ёнимда содир бўлиб ўтгандек эди. Шу пайтигача бирорта асарни ўқиб ҳали ўшандек ичида туғён ҳайрат ва даҳшат аралаш нарса ҳис қайтиб бўлмади. Лекин эсласам ҳозир ҳам ўша ҳолатим бўй басти билан намоён бўлади.

I-HEART-street-art-shows-social-media-culture-through-graffiti-04-04_865.jpgХизмат сафари билан Европа давлатларига чиқдим. Ҳа, ҳақиқатан ҳам улуғворлик ва гўзаллик тимсоллари бўлган санъат асарларини кўрасиз. Чиройли, ҳашаматли бинолар, кенг ва ёруғ кўчалар. Ҳаммаси аъло. Айниқса саловатли қасрлар мени лол қолдирди. Ҳаммаси рисоладагидек. Лекин назаримда шундай маҳобатли бинолар орасидан ЁЛҒИЗЛИК кўланка ташлаб турарди. Кўчаларда ҳам одам гавжум. Лекин ҳамма ёлғиздек... Этим жунжикди. Иситгим келди бағримга олиб бутун шаҳарни. Назаримда ўша ёлғизлик гаджетларимиз ичига кириб олиб, фарзандларимиз қалбига ин қураётгандек; секин тортиб кетаётгандек.

Аҳамият берсангиз, йил ўн икки ой хориж олий ўқув юртлари менежерлари ёшларимизни хориждаги таълим даргоҳларида ўқишларига ташвиқот қилишади. Уларни ишонтириб, руҳлантириб, ёшлар қатламининг «қаймоқ»ини «илиб» кетиш пайида бўладилар. Бугун Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги маркетинг хизматидаги оқсашлар хорижликларга жуда асқатаяпти ва улар билим оламан деган, илмга ташна ёшларимизга руҳий қанот бўлиб, табиийки, уларнинг онгларини ўз «тарбия»лари билан суғоришмоқда. Рақобатбардош кадрларимизнинг кўпчилиги шу тариқа чет элларда қолишмоқда.

Балки, бежизга муҳташам шарқдан тарбия, таълим эса ғарбдан дейишмагандир уламоларимиз.

Tebiznjky1TQ2ZhDcdjLXxfj_pyCvSxj_medium.jpg

Нажот йўлимиз, бу – маърифат. Бу худди улуғ жадид алломамиз Абдулла Авлоний айтиб кетганидек: «Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат,ё саодат — ё фалокат масаласидир».

Биз катталар аллақачон виртуал олам ичида фарзандларимиз билан бирга яшашимиз керак. У ўша оламда адашиб қолмаслиги учун, виртуал оламда тўғри йўлида яшаб қолиши учун биз ўзимиз ўзгаришимиз ва моҳияти – яхшилик, илдизи – қадрият бўлган тарбия, меҳрни янгича шаклда бериш йўлларини излашимиз керак. Бугуноқ, ҳозироқ!

Маҳлиё МИРСОАТОВА,
Ўзбекистон Миллий университети
Журналистика факультети декани,
киношунос, журналист.

6 223
ЎзА