ЎзА Ўзбек

19.07.2020 Чоп этиш версияси

Яёв кезганда...

Яёв кезганда...
   
 Ҳар бир сўзнинг умри бор, яшайди, кўпаяди, янгидан янги маъноларини очиб беради, магарки кўп ишлатилса. Сайқал топса. Нотиқнинг, сўз устасининг бисотини бойитиб боради, олтин каби жило беради. ( Сўз устаси деган сўзни асло қизиқчи ёки ҳажвчига нисбатан қўллаш жоиз эмас. Бу сўзни сўзамол, нотиққа нисбатан қўлланса, узукка кўз мисол ярашади.) 

Сўзнинг умрибоқий бўлиши, сўз эгаларига яъни элга боғлиқ. Орамизда шундай инсонлар бор, бир маротаба суҳбатида бўлсанг, хазина топасан. Унинг айтганлари таъсиридан кучланасан. Гапини билиб, сўзни жойига қўйиб гапиришидан баҳра оласан. Вақт топиб яна унга ҳамсуҳбат бўлиш иштиёқи дилга меҳмон бўлаверади. Ҳазрат Навоий айтганларидек: Ваъзхон шундай бўлиши керакки, унинг мажлисига бўш кирган одам тўлиб чиқсин...

***

Бир гал таржима назарияси ҳақида кўрсатув тайёрлаш жараёнида мутахассис айтган эди: “Тилимизда шундай сўзлар борки, уларни таржима қилиш жараёнида қойил қолиб бораверасан, чунки муқобилини топиш мушкул. Биз муомалада кўп қўллайдиган, инсон руҳиятини, қалб кечинмаларини ўзида мужассам этган сўзларни бошқа тилга таржима қилсанг айнан ўша маънони ола олмайсан. Мана биргина андиша сўзини олинг. Уни жўнгина қилиб уялиш, тортиниш каби сўзлар билан ифодалаб бўлмайди.

Профессор Карим Норматов бир мақоласида шундай ёзади: “...англадимки, андиша миллатимизнинг азалий қадриятларидан бири экан. Бу сўзнинг мағзини чаққан одам бировнинг нафсониятига тегмайди, уни обрўсизлантиришга ҳаракат қилмайди”. 
 
Андиша – бу узоқни кўзлаб, сабр ва босиқлик билан иш тутиш дегани. Шарм, ҳаёси бор юракда андиша бўлади.Таржима қилиш чоғида, буни бир сўз билан ифодалаб маъносини очиб бера олмайсиз...”.

***

- Қани, катта момоси бир дуо қилинг – дейди бир уй аёл Ойша аяга юзланиб.

Ая шундай “маъсулиятли вазифа”ни адо этмоқ учун астойдил шайланадилар.

- Омин, шу кенг катта чиройли уйда ёшлар туп қуйиб палак ёзсин, тўрт кўсттугал роҳатда яшасинлар, янги уйларда фақат тўйлар қилишсин. Дуога қўл очганларни барчаси фарзанд роҳатини кўришдек бахтга муяссар бўлаверсин...

- Айланай бу давлатдан, ҳукуматдан. Мана тайёр уй тўловини қилу кириб яшайвер. Қаранг катта катта, кенг уйлар, - гапни Назокат момо илиб кетади:

- Шароитини айтинг, қўл юваман, овқат қиламан деб кўчага чиқмайсан. Ҳаммаси уйнинг ичида. Бу барчаси аёлни асрашда. Иссиқ совуқ бўлмайди. Бари касалликни боши иссиқ совуқликни фарқига бормагандан келиб чиқади- да ўзи.

- Сиз билан мен бир умр уй қуриш ташвиши билан ўтибмиз. Ҳали ҳовлининг ками тугамаган. Уста чақир, унга ош овқат тайёрла, қурилиш материалини топиб бер... бу каби уйларнинг қурилиши мана шу каби югур югурларнинг олдини олди. Яна йиллар давомида пулини тўлайвераркансан, яшайверасан. Ана одил ҳукумат...

Касби туманининг Амир Темур кўчасида икки қаватли олтита намунавий уй жой қад ростлади. Хонадон эгалари ҳовли тўйлар қилишди. Тўйлар тўйга улашиб, кимдир ўғлининг суннат тўйини, бешик тўйини ўтказди. Янги уйларда тантана базм қилишнинг гашти бўлак. Момолар тили билан айтганда, ҳар бурчакдан “янги, оҳорлик”нинг ҳиди келиб туради. Онахонлар тинмай дуода. Бундайин пурмаъно дуоларни айтиш учун аввало юрак “ёниши керак” дейди бу кайвонилар. Яхшиларнниг яхши кунига ҳавас қилиш даркор экан. Юқади дейди улар маъноли қараб. Кўпни кўриб, ўрганиб, олиб олиб шундайин тили бийрон бўлармишда одам. Бу борада тажрибаси ортиб сўз бойлиги кенгайиб бораётган сўзамолгиналар сўз теришнинг кифтини келтиради. Суҳбатлар суҳбатларга улашади... Сўзни қадрлаб, қадр топиб давраларнинг файзи бўлиб юришибди. Кўз тегмасин...

***

Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб интернатдаги музейни томоша қилган киши, қаҳрамон шоирнинг умр йўллари ҳақида кенг маълумотга эга бўлади. Анжомлар, асори атиқалар. Болаликка етакловчи хотиралар. Шоирни улғайтирган бешик ҳам бор. Китоблар, суратлар, шоир нафаси келиб турган овозли ёзувлар, мана... шоирнинг қўлёзмалари, унинг дастхати билан қораланган сон саноқсиз саҳифалар... Шеърнинг туғилишига гувоҳ бўласиз. Биргина сўз ёки ҳарфни ўз ўрнида қўллаш учун амалга оширилган курашувчанлик, ўзни қийнашнинг ҳосиласи намоён бўлади. То пишиб, маромига етгунига қадар ақлу шуурни чархлаб, амалга оширилган меҳнат – СЎЗга бўлган ардоқни ифода этувчи далиллар. Сўзга бўлган қадр, уни авайлаш ишқи...

- Давлатимиз мадҳиясини яратилишига шоҳид бўлганман, - деганди шоирнинг рафиқаси Ҳанифа ая, ўшанда, - Бастакор Мутал Бурҳонов иккалалари туни билан ижод қилишди. Тонг саҳар тайёр бўлди, деб мени чақиришди. Эшитгин деб ўқиб бердилар. Оламни ўзига қаратган диёр эди шу мисра. Маҳлиё айлаган диёр бўлиши учун яна соатлар меҳнат қилинди. Мадҳияни илк ижрочилари фарзандларим бўлган. Биргина сўз устида соатлаб ишланган. Абдулла ака жуда сўзга инжиқ эдилар ва юракка етиб бориши, маромига етиб қўлланиши учун ҳамиша изланардилар. Қаерда бўлмасин, шу беоромлик у кишига ҳамроҳ бўлган ва ҳаммага манзур бўладиган шеърият учун хизмат қилган. 

Абдулла Орипов шеърияти – унда сўздан яратилган ҳикмат мужассам. Оташ қалбнинг ҳарорати бор. Юрт, ватан ҳақида баралла куйлашнинг хосияти ўқувчига ҳам юқади. Юрак покланади, дил уйгонади. Ишонч кўприклари қурилади, қурилаверади... Ахир шоирнинг бахти хам шунда эмасми? Ўзи сезмай инсон қалбини мавҳ этиш, унга ён атрофда бўлаётган янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида дарак бериш ва шу орқали жамият ривожига ҳисса қўшиш... Замондош адиблардан бири: 

“Унинг шеъриятида Ойбекка хос нозик поэтик ташбех, Чўлпонга хос ҳиссиёт, Ҳамид Олимжонга хос жўшқинлик, Ғофур Ғуломга хос донишмандлик уйғунлашиб, ўзбек шеъриятини одам қалби билан баробарлашган поғонага кўтариб қуйди” деб ёзганида албатта ҳақ эди. Бу чапанилик, бу ҳақгўйликни у сўзга бўлган бўлган меҳр билан қориштириб, ўқувчига тортиқ этади ва миллат юкини енгил қилмоққа интилади. Уддасидан чиқади ҳам, сўзга бўлган меҳр тафтидан...

***

Деҳқонобод тумани Қизилча қишлоғидамиз. Ҳудуднинг табиати ўзгача. Тоғлар орасида жойлашган қишлоқда экин экилган майдон кам учрайди. Тоғли маскан эмасми, одамлари асосан чорвачилик, ҳунармандчилик билан шуғулланади. Қайси хонадонга кирманг, албатта, сизни табиий озиқ овқат маҳсулотлари билан қарши олишади. Сут, сариёғ, қаймоқ, кувида пишган мой, тухум, ҳатто равоч деган гиёҳ қўшиб тайёрлаган салат...

- Қани меҳмонжонлар тортингизлар. Дастурхонга қаранг. Марҳамат

- Эй, сутми бу кечирасиз, шуни сал нарироққа қўйиб турамиз энди. Мен шу сут билан унча келишмайманда. – дейди тасвирчи.

- Меҳмонжон бу сут эмас, мони қоранг, қўйнинг сутидан тайёрланган қотиқ, бу. Косани тескари қиламанинг қони агар ағдарилса. Сиз шаҳарликларди офтобда товлаб мана шуйтиб табиий нарсалар билан боғиш керакда ўзи. Эт об қоласизлар, рангларинг очилиб...

Чин дилдан айтилаётган бу гурунглар юракни катта қилади, бир тозалик кириб келади. Қир адирларга чиқдик.

- Хушвақт бобо бу қараяпмиз кўряпмиз қишлоқдаги бирон бир уйнинг ҳовли девори йўқ. Қулфи калит ҳам учратмадик. Бу нимадан дарак...

- Бизда авваларданам ҳовли девор бўмаған. Биргина чизиқма ёки кўз қирима белги қуйиб кетаверганмиз. Бозорларда сотиладиған қулпи калитни ўзи бўмаган. У ёғини сўрасангиз қишлоғимизда бегонанинг ўзи жўқда, қизим. Агар бирон бир киши тўйға айтилмай қолса борма, нима мен элдан чиқдимма деб қилади тўполонди. Мундай бармоқ минан санаса ўзи уйтиб кўп одам чиқмайди, аммо ҳамма элу халқ. Шуйтиб қизим мони жашаб журибпизда. 

- Қишлоқдан бошқа жойларгаям борганмисиз момо – дейман Жонгул момога.

- Ҳеййа, бурноғи йил улим мени Қоршига обпорған. Уйиға кўчганда ўзимизди қотти гиламди мошинга босиб борибидек. Бее шаҳарди уйлари торда бизлар учун. Зўрға икки кун чидадиқ. Ўзимизнинг “Қизилча”миздан қўймасин, қизим.

Ҳа, юртга муҳаббатини бежамай, сайқалламай бор бўйича айтаётган бу инсонлардан фақатгина ўргандик. Топдик. Тоғли ҳудуднинг шарт шароитларига, борига чидаб яшаётган, меҳнатидан завқ олаётган, муҳими қадр топаётган ҳамюртларимиздан шукур қилишни юқтирасан. Шаҳарда яшаб, қўлини совуқ сувга урмайдиган, “берсанг ейман, урсанг ўламан” дейдиган шаҳарлик “коталар”нинг иши кулгули туюлади. Сал муаммо бўлса, “порталга ёзаман” дегувчиларнинг беистиҳолалик қилаётгани тобора аён бўлади. Бир гал сайёр қабул “дард”ини айтган аёл “мениям, кам таъминланганни рўйхатига қўш, уй олишим керак, 12 сотих участканинг икки ўғлимга бердим, энди ўзимга уй керак” дея “нола” қилгани ёдимга тушди, уялиб кетдим. Бу каби “хийла”лардан йироқ бўлган қизилчаликларнинг фазилатларини очиб бериш учун куну узоғи гуруҳимиз билан меҳнат қилдик. Кўрсатув эфирга кетди. “Бундай яхши одамларнинг ёритибсан”, дейгандилар, ўшанда раҳматли онагинам. Яхшига дунё фақат яхшиликларини очади, деганлари шуда...

***

Оила даврасида ота-онамиз билан қилинган гурунг чоғида қулоғимизга синггиган шундай бетакрор сўзлар бор. Лафз, барака, қадр, сухан, оқил, доно, закий, ҳалол, покиза, хушвақт, виждон...

- Қани келинглар. Дамлигинамисизлар, димоғингиз чоғми?

- Ёмонам соғинган эканманей, кўриб кўнглим очилди.

- Етказганига шукур. Ҳамиша дили равшанлик бўлсин, болам.

...дили равшанлик. Сўзлашув орасида бу сўзни дадам оддийгина айтдилар- қўйдилар. Аммо ундаги ёруғлик бир пасда юракларни ёритди. Мана сўзнинг сеҳри. Шукур Холмирзаев юрт одамлари ҳақида ёзар экан, жануб томонларда “ёмон” сўзини яхшига айлантириб гапириш одати борлигини таъкидлайди. Ёмонам яхши кўраман, ёмонам соғиндим... кимнидир ошиғи билан мақташ керак бўлса, албатта ёмонам абжир экана дейди икки аёл ўзаро суҳбатда. Демак у яхшиларданда яхши хислатга эга эканини очиб бериш, бўрттириш учун мана шу ташбеҳ керак. Ёмонни-яхшига айлантиришдаги маҳоратни қаранг. Мана сизга элдошларнинг юзи, чеҳраси. Бу бутунлик – тилга бўлган ҳурмат, эътибор ва қадр фазилатларини ҳам ошкор қилади. 

Зиёда АМИНОВА,
журналист

10 370
ЎзА