ЎзА Ўзбек

22.10.2012 20:38 Чоп этиш версияси

Япон мусаввирига эҳтиром

Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон, Япония: ҳаёти ва санъати. Буюк ипак йўли” мавзуида бадиий кўргазма бошланди. Япониялик олим ва мусаввир Икуо Хираяма ижодига бағишланган мазкур кўргазма “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ва бошқа қатор ижодий, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кўргазманинг очилишида турли вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёсихиса Курода ва бошқалар Ўзбекистон ва Япония билан сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Бунда ҳар икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар маданий-маърифий соҳаларда ҳам тобора равнақ топмоқда. Японияда Ўзбекистон маданияти ва санъати, кинематографияси кунлари муваффақиятли ўтказилмоқда. Япон ижодкорлари юртимиздаги халқаро кўргазмалар, санъат ҳафталиклари, мусиқа фестивалларида фаол қатнашмоқда.

Дўстона муносабатларимизнинг тобора мустаҳкамланишида кўп асрлик тарихий анъаналар, айниқса, Буюк ипак йўлининг аҳамияти беқиёс. Япон олими ва мусаввири Икуо Хираяма ҳам умрини Буюк ипак йўлининг қадимий тарихи, анъаналарини пухта тадқиқ этишга бағишлаган эди. Ҳаётлик чоғида юртимизга бир неча марта саёҳат қилган бу ижодкор суратларида Самарқанд, Бухоро каби кўҳна шаҳарларимиздаги ёдгорликлар, гавжум бозорларимиз, файзли қишлоқ ва шаҳарларимиз, самимий ва меҳнатсевар ҳамюртларимиз қиёфаси ёрқин бўёқларда ифодаланган.

– Маънавиятни юксалтиришга, ёшлар тарбиясига қаратилаётган улкан эътибор ҳар бир ўзбекистонликнинг ҳаётида яққол кўзга ташланади, – дейди япониялик олим Ватанабе Акиоши. – Устоз Хираяма ижодида ҳам ўзбек халқининг бебаҳо маънавий мероси, кўҳна обидаларига, меҳнатсевар халқига бўлган юксак меҳр-эҳтиром ўз ифодасини топган.

Мазкур кўргазмада И.Хираяманинг Ўзбекистон ва Япония ҳаётига оид расмлари намойиш этилмоқда.


ЎзА, Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат)
10 146