ЎзА Ўзбек

18.12.2019 Чоп этиш версияси

Япон деган битта юракдир

Япон деган битта юракдир
“Япон дафтари”дан


Японлар ўйнатса ҳам
Аҳли жаҳон кўзини.
Биргина гуруч билан
Таъминлайди ўзини.
Четдан келади сархил
Сабзи, пиёз, жўхори.
Лекин, гуручнинг нархи
Ҳаммасидан юқори.
Сабаб не, десанг агар,
Кулар кентлик аҳоли:
-Арзон бўлса не кечар,
Шоликорнинг аҳволи?
Деҳқонда ҳам орзу бор,
Бола-чақа, уйи бор.
Тўкис бахтдан умидвор,
Маъракаси, тўйи бор!
...Бутун эл бу миллатда
Бир жон - битта юракдир.
Бунинг учун, албатта.
Япон бўлмоқ керакдир...

ОНА ТИЛИ

Яна чиқди ҳақиқат ғолиб,
Суд ўқиди аччиқ ҳукумни.
Икки соқчи олдига солиб,
Ҳайдаб кетди қари маҳкумни.
Бир жумбоққа ахтариб ечим,
Битта сўзни қўллаб ножўя;
Она тилин бузгани учун
Икки йилга “кетди” қария...
Келтирилди бошқа гуноҳкор,
“Қулф” урилган икки қўлига.
Мажлис чоғи ушбу мансабдор,
Гапирмабди она тилида...
Қотилликка тенгдир бу ҳолат,
Тазарруга зарра йўқ ўрин. 
Бир кимсасиз оролга бу зот
Узоқ йилга қилинди сургун... 
Кам эсада бу нохуш иллат,
Эзар ҳар бир япон дилини.
Лафзин жондек суйган бу миллат,
Жондек асрар она тилини.

ДУО

(бир японнинг армони)

Дўстинг кўп бўлсин, деб қиларди дуо,
Болалик чоғимда, эркалаб бобом.
Чиндан-да, дўстларим мўл бўлди, аммо,
Улардан садоқат кўрдим камдан-кам.

Бугун кўп дўстлардан кўнгил заха еб,
Чўмилиб пушаймон – жолаларимга;
Дўст битта бўлса ҳам, содиқ бўлсин деб,
Дуолар қиламан болаларимга.

ШУЛАРНИ КЎРГАНДА...

Бадавлат икки юрт бўлса жаҳонда,
Уларнинг биттаси сўзсиз Япондир.
Бу миллат наъракор баҳри уммонда,
Салтанат яратган аҳли султондир.
Кўк ўпар бинолар тоғдек пурвиқор,
Учқур поездлари мисоли ўқдир.
Неники изласанг, бадастур, бисёр,
Ҳеч қайда “йўқ”, деган калима йўқдир.
Башанг дўконларда мевалар хол-хол,
Ҳатто, тил айланмас номин айтишга.
Битталаб сотилар, аммо, памидор,
Доналаб олинар сабзи, картошка.
Кексалар ҳар неда бир ҳикмат пинҳон
дейдилар, мен бунга гувоҳман ҳозир.
Бундай нарх-навони кўрганинг замон
Лабда учуқ тошар, пешонангда - тер.
Ё фалак! Бир дона пиёз пулига,
Ургутда бир хуржун олишинг аён.
Ярим коса буғдой ёки сулидан
Деновда икки қоп жўхори арзон.
Шуларни кўрганда, эй, она Юртим,
Иқболинг таобад ёр бўлсин, дейман. 
Жуда бой бўлмасак, бўлмайлик, лекин
Арзончиликларинг бор бўлсин, дейман.

Токио шаҳри.

ЯПОНЧА ИЗОҲ

Салгина қўпол-у, сал дағал инсон
Ҳалол, мард, покиза - тўғри бўлади.
Ҳадеб тўғриликдан лоф урган япон
Алдамчи, фирибгар, ўғри бўлади.

ЯПОНЛАРНИНГ ПОРАХЎРЛАРИ

Японялик порахўрлар ҳам
Тинмай чўнтак тўлдирар экан.
Фақат… айби ошкор бўлган дам
Ўз-ўзини ўлдирар экан...

КЎЧАДАГИ ҲАНГОМА

Японияда бундай ҳол
Содир бўлар камдан-кам.
Учраши амри маҳол
Ойлаб, йиллаб кутсанг ҳам.
Хуллас, ойдин - нимпушти,
Чарақлаган кечада;
Икки мошин туртишди,
Сочдай текис кўчада.
Ундай бўлса, киройи
Жанжал бўлгандир, дерсиз.
Бири қилич, бирови
Ханжар бўлгандир, дерсиз.
Э-э, биродар, қулоқни
Бошқачароқ “пишитинг”.
Воқеанинг давоми
Мана мундоқ, эшитинг:
Ёмғир майин ёғарди,
Бу ёқ – олди куз эди.
Шофёрларнинг бири эр,
Иккинчиси қиз эди.
Қиз мошиндан тушган он,
Мажнунтолдай эгилди.
Йигит ҳам камон бўлиб,
Қизга айбдор тикилди.
Улар майин-мулойим
Бир нималар дер эди.
Бир-бирига астойдил
“Сумимасан”*, дер эди.
Наздимда, мошинлар ҳам,
Чиққан эди эсидан.
Бир-бирига ёлвориб
Дердилар: “Сумимасан...”
Бу орада зипиллаб
Етиб келди полислар.
Уловларни ортдилар
Ва кетдилар олислаб.
Шундан сўнг йигит-қиз ҳам
Муродига етдилар.
Қўл ушлашиб, шод-хуррам
Метро томон кетдилар.
---------
*«Сумимасан» – японча “мени кечиринг”.

АЛАМЗАДАГА

Чўчима, зим-зиё, қоп-қоронғи тун
Ногаҳон дуч келсанг қашқир подага.
Деву дажжолдан ҳам ҳайиқма, лекин 
Асло, яқинлашма аламзадага.

ОГОҲЛИК

Гоҳ бироз эзилиб, чексангда озор, 
У қадар ҳайиқма, дангал, зўрлардан.
Аммо, тушингда ҳам жайрондек ҳушёр, 
Огоҳ бўл, муттаҳам ялоқхўрлардан.

ЭВРИЛИШ
(бир японнинг ҳазили)

Бир замонлар боболаримиз
Яшаш завқи - тотини билган.
Ҳар бирида уч-тўрт “таниш” қиз,
Учта-тўртта хотини бўлган.
Ҳаётнинг бу серзавқ хониши
Бугун аёл зотига ёрдир.
Ҳар аёлнинг уч-тўрт “таниши” 
Ва уч-тўртта “эр”лари бордир.

Киота шаҳри. 

ХУДО УРГАННИ...

Дейдиларки, Пайғамбар туртар
Ҳассаси-ла, Худо урганни.
Япон, пора олгандан аввал,
Жазолайди пора берганни.

МАСЛАҲАТ

ҳазил

Агар, қўлинг қичишиб, 
Сиғмай кетсанг чопонга;
Ёв излама ичикиб,
Японга чоп, японга.
Хоҳласанг - сўк, 
Хоҳла – турт,
Ҳеч ким қовоқ уймайди.
Қулоғингни остида
“Чой қайнатиб” қўймайди.
Сўксанг – боқар жилмайиб,
Туртсанг – аста букилар.
Урсанг – қилгандек айб,
Оёғингга йиқилар.
Ойдек равшан бўлса ҳам,
Турқинг – совуқ бичиминг;
Чин юракдан, чин дилдан:
-Кечиринг дер, кечиринг...
Айибдорман, дейди-ю,
Айибдорсан, демайди.
Сенинг ғаминг ейди-ю,
Ўз ғамини емайди.
Хуллас, қўлинг қичишиб,
Сиғмай кетсанг чопонга.
Ёв излама ичикиб,
Японга чоп, японга...

ТАРБИЯ

Йиқилсанг, ёрдамга чопар ўша дам,
Аммо, фарзандига бундан йўқ нишон.
Юз тубан йиқилиб, йиғлаб ётса ҳам,
Ҳеч қачон гўдагин турғизмас япон.
Болакай амаллаб қад ростлаган он,
Бошига кўтарар, эркалар мақтаб.
Бировга зор қолма, дейди ҳеч қачон,
Японча таълим бу - японча мактаб.

Осока шаҳри.
Абдусаид КЎЧИМОВ

4 881
ЎзА