ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Янги мавсум "Уйланиш" билан бошланди

Янги мавсум "Уйланиш" билан бошланди

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон давлат сатира театри жамоасининг навбатдаги 33-ижодий мавсуми рус адиби Николай Гоголнинг "Уйланиш" асари асосидаги спектакль билан бошланди. 

Жаҳон мумтоз адабиётининг ёрқин намояндаси Николай Гоголнинг асарларини саҳнада талқин этиш ҳар бир театр жамоаси репертуарини безаши, унинг жозибадорлигини таъминлаши билан бирга ижодкорлардан катта масъулият, юксак ижро маҳорати, билим ва тажрибани талаб этиши шубҳасиз. 

Мазкур жамоада режиссёр Элмурод Йўлчиев Гоголнинг “Уйланиш” комедиясини ўзига хос талқинда, замон талабидан келиб чиқиб, ўзбекона руҳда саҳналаштиришга эътибор қаратгани билан аҳамиятлидир. Бу эса мутахассислар ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинишига сабаб бўлди.

Ёш режиссёр асар билан биргаликда, спектакль учун хос актёрларни танлашга, ҳар бир қаҳрамон учун ўзига хос характерлар яратишга ҳам алоҳида аҳамият қаратгани диққатга сазовор. Бу эса ўзбек театр саҳнасига яна бир ёш ва забардаст режиссёр кириб келаётганини англатади.

5 878
Н.УСМОНОВА, ЎзА