ЎзА Ўзбек

05.07.2020 Чоп этиш версияси

ЯНГИ ЛОЙИҲА: Китобхонлик маданияти ва маънавияти

ЯНГИ ЛОЙИҲА: Китобхонлик маданияти ва маънавияти

Сиз қайси китобни ўқияпсиз?

Эркинжон ТУРДИМОВ, Самарқанд вилояти ҳокими:

photo_2020-07-05_14-40-32.jpg

Мен ўқиётган китоб – «ХХI аср учун 21 дарс». Кўҳна, табаррук заминда, хусусан Эргаш Жуманбулбул ўғли яшаган қишлоқда туғилиб ўсганим, камол топганимдан ғурурланаман. Шунинг учун болалигимдан адабиётга меҳр қўйганман. Отам гарчи оддий ҳайдовчи бўлсада, газета-журналларни қолдирмасдан ўқир, биздан мутолаа қилган китобларимиз мазмунини сўрашдан эринмасди. Айниқса, халқ мақолларини, Эргаш шоир термаларини кўп ёдлатарди.

Ҳаётий тажрибамда бир нарсага ишонч ҳосил қилдимки, маърифат, маърифатли одамлар кишига, айниқса, раҳбарга жуда катта куч-қувват бағишлар экан. Улар элнинг талаб-эҳтиёжини, дардини бошқалардан кўра теранроқ англайди. Бундай инсонларнинг аксарияти ижодкорлар – шоир, ёзувчи, журналистлар, олимлардир. Бундай инсонлар билан мулоқотларда кўп фойдали таклифлар олганман. Уларнинг эркин ижод қилиши учун шароит яратишга, яхши асарларини рағбатлантиришга интиламан.

Кейинги икки йилда вилоятимизда буюк оқин, Қўрғон бахшичилик мактаби асосчиси Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳақида ёзувчи Раҳим Қодир ва «Зарафшон» газетаси ходимлари ёзган китобларни, шунингдек, Муҳайё Худойқулова, Нафас Дўсанов, Ғайрат Бобоқулов, Раъно Комилова, Зулфия Данаева, Равшан Мансуров каби ўндан зиёд ижодкорларнинг тўпламларини чоп этишга ёрдам бердик.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис ўтган йил вилоятда «Энг яхши китобхон маҳалла», «Энг яхши китобхон мактаб» ва «Энг яхши китобхон оила» кўрик-танловини эълон қилдик. Бу танловни энг қуйи тизимдан бошлаб, вилоят босқичигача ўтказдик ҳамда энг яхши китобхон мактаб деб эътироф этилган Тойлоқ туманидаги «Адас» маҳалла фуқаролар йиғини ва энг китобхон мактаб бўлган Каттақўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактабига 100 миллион сўмдан пул мукофоти бердик. Қўшработ туманидаги Мусурмоновлар оиласи эса «Энг яхши китобхон оила» деб эътироф этилиб, уларга «Спарк» автомашинаси совға қилдик.

Эътиборли томони, айнан шу оила фарзанди Камола Мусурмонова жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Пангат қишлоғидаги бу оиланинг 1,5 мингдан кўпроқ китобини ҳозир бутун маҳалла ўқияпти, яхшига ёндашиб, муродига етмоқчи бўлганлар кўпайяпти.

Уйда ҳам, ишхонамда ҳам столим устида доим икки-учта китоб туради. Бўш вақтим бўлганда ҳар куни бу китобларни ўқиб тураман. «Темур тузуклари» ана шундай – ҳар куни қўлга олинадиган китоб. Шунингдек, Конфуций ҳикматларига ҳам кўп мурожаат қиламан. Айни пайтда кўп вақт ажратиб ўқиётган китобим Ювал Ной Харарининг «ХХI аср учун 21 дарс» китобидир. Бу китоб бугунги глобаллашув даврида яқин ўтмиш, бугун ва келажак ҳақида муҳим фикрлар баён этилгани билан аҳамиятлидир. Инсониятнинг бугунги ҳаёти, эртанги тақдири давлатлар ва халқлар мисолида яхши таҳлил қилинган.

Китобхонларга мазкур китобларни мутолаа қилишни тавсия этардим.

Энахон СИДДИҚОВА, Сенатор, Ўзбекистон халқ шоири:

photo_2020-07-05_14-40-34.jpg

– Китоб ўқимаган, илм олмаган болалар бизнинг қурбонликка берган болаларимиздир, дейди донишмандлардан бири. Кейинги йилларда адабиётимизнинг сара асарлари қўлма-қўл ўқилаётгани қувончлидир. 2019 йилнинг ўзида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси «Ижод» фонди томонидан чоп этилган китобларни варақлаб шундай хулосага келдим. Шу кунларда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Ёлғиз» қиссасини ўқияпман. Мазкур қисса адабиётимиздаги воқелик деса бўлади. Асар ўзбекнинг буюк адиби Абдулла Қодирий ҳақида. 1926 йил... Ёзувчининг «Муштум» журналида босилган «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли адиб ҳаётида машъум, қора кўланкалар ўрмалай бошлади. Аслида адиб «одамлар мақолани ўқисалар, ўқиган сайин кўзлари очилса, дунёни буткул ўзгача нигоҳ билан кўрсалар, ҳаётлари ўзгарса, ўзбек халқи ҳам дунёда» мана биз бормиз дея ўзлигини намоён этиб, буюк маданият, маърифат, адолат издиҳомига қўшилиб кетса, деган муддаода ёзган эди.

Шўронинг қаттол қиличи ўзбек зиёлилари бошида ярқираган кунлар асарда чуқур, бор зиддияти билан очиб берилган. Ўқишни бошлаганингиз ҳамоно ўша замон руҳиятига шўнғиб кетасиз. Ёлғизлик гирдобида қолган ёзувчининг дил изтиробларидан эзиласиз. Замон сиртмоқларини бошингизда ҳис этасиз. Ёзувчининг руҳияти, сиймоси қалбингизда тирила боради. Асарнинг тили, бадияти сизни сеҳрлаб қўяди.

Умуман олганда «Ёлғиз»лик асари ўқувчини буюк адибнинг руҳи, шахсиятига яқинлаштиргани, яқиндан кашф этгани билан ҳам ғоят аҳамиятлидир. Асар китобхонлар учун тарихнинг катта сабоғидир.

PS: Буюк тамаддун китоб мутолааси билан уйғунлашади. Барча замонларда шундай бўлган. Бугун эса бу улуғ каҳкашон янада муҳташам қиёфага эга бўлди. Илм-фанга оид қўлланмалар ўқувчи билимини оширса, бадиий асарлар инсон маънавиятини шакллантиришга, бойитишга хизмат қилади. Ўқиш-ўрганишга қизиқиш ортса, китобхон аҳоли қанча кўп бўлса, ўша жамият, давлат ривожланиб, такомиллашиб бораверади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида ташкил этилаётган янги – «Китобхонлик маданияти ва маънавияти» лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадни кўзлайди.

Лойиҳада давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, вазирлар, ҳокимлар, сенаторлар, депутатлар, таниқли илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, жамоат арбоблари иштирок этади. Сизнинг китобга бўлган муносабатингиз бошқаларга ибрат бўлиши, уларда китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши мумкин.

Лойиҳамизда иштирок этинг. Ўзингиз ўқиган китоб ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телеграм: @UzA_pochta, @Ikrom_Avvalboyev
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37

Сайтимизни кузатиб боринг!

6 988
ЎзА