ЎзА Ўзбек

01.07.2020 Чоп этиш версияси

ЯНГИ ЛОЙИҲА: Китобхонлик маданияти ва маънавият

ЯНГИ ЛОЙИҲА: Китобхонлик маданияти ва маънавият

СИЗ ҚАЙСИ КИТОБНИ ЎҚИЯПСИЗ?

photo5463077931430555187.jpgТўра БОБОЛОВ,
Сурхондарё вилояти ҳокими:

– Китоб дунёда яратилган энг буюк кашфиётлардан биридир. Зеро, тунда чироқсиз ёруғлик бўлмаганидек, китобсиз қалбда нур, онгу шуурда тафаккур бўлмайди.

Мактабда ўқитувчиларимиз тез-тез биз, ўқувчиларига эслатиб турадиган бу сўзлар маъносини улғайиб, талаба бўлганимда янада чуқур англаб етганман. Ўқувчилик давримда ҳам аниқ фанлар билан бирга адабиётга қизиқишим баланд эди. Шунинг учун мактабимиз кутубхонасидан ўзбек ёзувчиларининг асарларни олиб, бўш вақтларимда мутолаа қилар эдим.

Мустақил иш бошлаган илк йилларимда ҳаётнинг ўзи мени вилоятда яшаб, ижод қилаётган ёзувчи ва шоирлар билан учраштирган. Ёшликдан адабиётга бўлган меҳрим улар билан эркин суҳбат қилишга ундаган. Бу гурунглар адабий жараён билан танишиб боришимга, китоб мутолаасидан узоқлашмаслигимга ҳам туртки бўлган.

Ўтган йилларда турли вазифаларда фаолият юритдим. Лекин, бадиий адабиёт билан алоқамни узиб қўйганим йўқ. Бўш вақтим бўлганида ёки ишдан толиқиб турганимда жаҳон ва ўзбек адабиётининг нодир асарларини қўлга олиб, бир пас китоб мутолааси билан машғул бўламан. Ўқувчилик йилларимда Эрнест Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» қиссасини ўқиган эдим. Ўшанда инсоннинг метин иродаси ва матонати, қатъиятлилик, доналик каби фазилатлари улуғланган асар қаҳрамонлари менда ўзгача таассурот уйғотган. Яқинда шу қиссани яна мутолаа қилиб чиқдим.

Аслида фарзандга болалигидан китоб ўқишни ўргатиш керак. Бадиий асар ўқиган кишининг маданияти, мушоҳадаси, фикрлаш доираси кенг бўлади. Давраларда ўз фикрини қимтинмай далил айта олади. Ёшлар билан ўтказаётган учрашувларимда ҳам бу фазилатни сезиб қоламан. Мутолаа билан машғул бўладиган йигит-қизлар дуч келаётган муаммосини, илгари сураётган ғоя ва таклифини оддий тил билан лўнда тушунтириб беради. Адабиётга меҳр қўймаган ёшлар ўз фикрини эркин баён этишда қийналади.

Ҳаётни теран англаш, маънавиятни юксалтириш ва муомала маданиятини ўрганишда, нотиқлик қобилиятини шакллантиришда бадиий асарларнинг ўрни беқиёс. Иккинчидан, яхши китобдан оладиган мутолаа ва мушоҳада гаштини баъзан яқин дўстингиз ҳам беролмаслиги мумкин. Шу кунларда Ўткир Ҳошимовнинг «Нур борки, соя бор» романини қўлга олганман. Асарда Шерзоднинг касалхонадаги кечмишлари, одамларнинг турли муносабатлари менда қизиқиш уйғотаётир. Бафуржа вақтим бўлганида кейинчалик ўқиб чиқарман, дея китобни четга суриб қўйишга журъатим етмаяпти. Тўғри, ҳозир иш жуда кўп. Вақт тиғиз. Бироқ, бу асар учун оз бўлсада, вақт ажратаяпманки, бундан асабларим тинчланиб, маънан дам оламан, руҳан тетиклашаман. Шу боис бўлса керакки, ўзим ҳам кўпларга бадиий асар ўқиб туришни тавсия этаман.

*   *   *

photo5460744153576091169.jpgАбира ҲУСEЙНОВА,
фалсафа фанлари доктори,
Бухоро давлат тиббиёт институти профессори,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси:

– Айни пайтда ўқиётган китобим Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асари. Бу китобни мен биринчи марта 10 синфда ўқиб юрган кезларим ўқиганман. Орадан 45 йил ўтиб яна шу китоб мени ўзига жалб этди. Китоб «Аросат» ва «Тақдир тақозоси» деб номланган икки қисмдан иборат. Ушбу китобда шоир, адиб ва давлат арбоби Бобур Мирзонинг мураккаб ҳаёт йўли муаллиф томонидан моҳирона акс эттирилган бўлиб, у 1979 йилда нашр этилган «Юлдузли тунлар» китобининг давоми ҳисобланади.

Бобур Мирзо Амир Темур асос солган темурийлар сулоласини ҳалокатдан қутқариб, асрдан-асрга, мамлакатдан-мамлакатга олиб ўтганлиги, бу улуғ сулола Ҳинд заминида яна уч юз йилдан ортиқроқ давр сурганлиги ҳайрат ва ифтихор туйғуларини уйғотиши шубҳасиз. Мусофир юртда Бобур Мирзонинг шоҳ бўлса ҳам доимо Ватан соғинчи, Ватан туйғуси билан яшаши инсонда ватанпарварлик туйғуларини янада жўш урдиради.

Бобур Мирзонинг қуйидаги мисралари доимо қулоғим остида:

Толеъ йўқи жонимга балолиғ бўлди.
Ҳар ишники бошладим хатолиғ бўлди,
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди!

Китобни ўқиб тугатар эканман ана шундай мард, оқил, қалби илмга ошуфта, аждодларига садоқатли, авлодларини гўзал хулқли қилиб тарбиялаган буюк инсоннинг авлодидан эканимдан қалбим фахру ифтихорга тўлди.

Ёшларга албатта ушбу нодир китобни ўқишни тавсия этаман.



PS: Буюк тамаддун китоб мутолааси билан уйғунлашади. Барча замонларда шундай бўлган. Бугун эса бу улуғ каҳкашон янада муҳташам қиёфага эга бўлди. Илм-фанга оид қўлланмалар ўқувчи билимини оширса, бадиий асарлар инсон маънавиятини шакллантиришга, бойитишга хизмат қилади. Ўқиш-ўрганишга қизиқиш ортса, китобхон аҳоли қанча кўп бўлса, ўша жамият, давлат ривожланиб, такомиллашиб бораверади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида ташкил этилаётган янги – «Китобхонлик маданияти ва маънавияти» лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадни кўзлайди.

Лойиҳада давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, вазирлар, ҳокимлар, сенаторлар, депутатлар, таниқли илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, жамоат арбоблари иштирок этади. Сизнинг китобга бўлган муносабатингиз бошқаларга ибрат бўлиши, уларда китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши мумкин.

Лойиҳамизда иштирок этинг. Ўзингиз ўқиган китоб ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телеграм: @UzA_pochta, @Ikrom_Avvalboyev
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37

Сайтимизни кузатиб боринг!

4 751
ЎзА