ЎзА Ўзбек

22.04.2019 15:48:15 Чоп этиш версияси

Янги китоб: “Дейдиларки...”


Яқинда “Дейдиларки...” номли китоб нашрдан чиқди. Бу китобда умрини адабиётга бағишлаган таниқли олим Қозоқбой Йўлдош тўғрисида чоғдошларининг фикр-мулоҳазалари акс этган. Унда олимнинг шахсияти, ҳаёт йўли ва ижоди ҳақидаги самимий қарашлар ўрин олган. Ушбу китобдан жой олган “Сўз синчиси” номли муҳлоҳаза эътиборингизга ҳавола этилмоқда. 

1503201812.jpg

Ўткир РАҲМАТ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

СЎЗ СИНЧИСИ

Эсимда, мактабда ўқиб юрган кезларим радио ва ойнаи жаҳонда бадиий асарлар, фильмлар таҳлилига бағишланган кўрсатув ва эшиттиришлар тез-тез эфирга бериларди. Мен ана шу дастурларда чиқиш қилган таниқли одамларнинг фикрига таяниб, бу китобни ўқиса бўларкан, бу асар ёки фильм учун вақтни зое қилишим шарт эмас, деган тўхтамга келганман. 

Ўз даврининг “етук алломаси” сифатида кўриладиган ўша адабиётшуносу киношуноснинг ҳам фикрлари нисбий экани, улар ҳам адашиши мумкинлиги кимнинг хаёлига келибди дейсиз. Энг қизиғи, ўша пайтларда бундай фикрлар кўпчилик томонидан муайян асар ҳақидаги тугал ва якуний хулоса, ҳаттоки, ҳукм сифатида қабул қилинарди. Нутқи равон, сўзга чечан “...шунос”ларнинг мурувватидан баҳра олган асарлар машҳур бўлиб кетса, танқид тиғига дучор бўлганларининг “косаси оқариши” қийин кечарди. Шу боис аксарият ижодкорлар доим умид ва хавотир билан уларнинг оғзини пойлашар, газета-журналларда чоп этиладиган адабий мақолаларда асари ҳақида илиқ гап айтилишидан умидвор бўларди.

Аслида, ижодкорнинг асарига баҳо бериш жуда нозик масала. Бирон асарнинг маъно-мазмунини англаб етиш, аввало, китобхоннинг ўзига боғлиқ. Бу борада ўзгаларнинг фикрига эргашиш кўпам фойда бермайди. Зукко ўқувчи тинимсиз мутолаа, мушоҳада, мунозара, устозлар маслаҳати ёрдамида ўзи ўқиган асарнинг моҳиятини, унинг қатига сингдирилган инжа туйғу ва фикрларни чуқурроқ англаб етиши мумкин.

Бадиий асарни англаш завқини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Бундай кезларда кўнглингдан кечган ҳиссиётларни энг яқин дўстинг билан баҳам кўргинг келади. Сен ҳам оддий бир ўқувчи сифатида асар мутолаасидан олган таассуротларингни, унинг ютуқ ва камчиликлари ҳақидаги ўз шахсий муносабатингни билдиришга ошиқасан. Бироқ бу – фақатгина ўзингнинг шахсий фикринг эканини ҳам яхши биласан. “Ҳамма менга ўхшаб фикрласин, хулосаларимни қабул қилсин, бу асарни фақатгина мен чуқурроқ тушунаман, бу соҳада ҳаммадан устунман”, – деган даъво зинҳор-базинҳор хаёлингга келмайди... 

Камтарин ва самимий инсон, ростгўй олим Қозоқбой Йўлдошнинг адабиёт ҳақида биз кўникиб қолган қолипларга унчалик ҳам мос келавермайдиган нуқтаи назари, ўзига хос тарзда фикрлаши ва ҳеч қачон ўзгаларга ақл ўргатишга интилмаслиги эътиборимни тортган. У сўзни қунт билан ўрганади, сўзни эъзозлаб, уни кўкларга кўтаришга интилади. Ахир, Сўз – тилсим. Унинг ўз латофати, жилоси бор. Маъно қирралари турфа. Буни англаш ва ҳис қилиш учун одамга ақл-заковатдан ташқари, теран идрок ҳам керак бўлади. Шу маънода, чинакам етук бадиий асарлар яратиш қанчалик қийин бўлса, уларнинг эстетик жозибасини тўлақонли очиб бериш, бадиий савиясига холисона баҳо бериш ундан ҳам мураккабдир. 

Бундай дейишимиз учун асослар етарли. Аввало, истиқлол шарофати билан миллий адабиётимизнинг қиёфаси ўзгарди. Ижод эркинлиги шарофати билан соғлом тафаккур асосида яратилаётган бадиий асарлар китобхон қўлига етиб бормоқда. Ўз навбатида, адабий танқидчиликнинг олдига янги-янги вазифалар қўйилмоқда. 

Заҳматкаш олимнинг фикрича, таҳлил, талқин ва тадқиқ – адабий танқидчиликнинг энг муҳим мезонлари саналади. Қ.Йўлдошнинг бу соҳадаги фаолияти ҳақида сўз кетганда, яна бир жиҳатни алоҳида кўрсатиш лозим. Бу – самимият!

Чиндан ҳам, қайсидир асарнинг камчиликларини бўрттириб кўрсатиш ёхуд аксинча, унинг ютуқларини ошириб-тошириб мақташ – кўпчиликнинг қўлидан келадиган иш. Аммо мунаққид бадиий асарни таҳлил қилишда ижодкорнинг қандай ижодий янгиликка қўл урганини илғай билиши, таъбир жоиз бўлса, ижодкорнинг қалбини теран англаб етиши лозим.

Ваҳоланки, яқин-яқингача адабий танқидчиликда асарга баҳо беришда асосан муаллиф илгари сурган ғоянинг долзарблигига, ижтимоий аҳамиятига бирламчи эътибор берилиб, бадиият масаласига панжа орасидан қаралгани ҳам сир эмас. Қозоқбой Йўлдош эса ҳар қандай асарни ғоявий юкига қараб эмас, бадиий қимматидан келиб чиқиб холис ва ҳаққоний баҳолашга интилади. Ўзининг илмий ёндашув ва қарашларини якуний хулоса сифатида эмас, балки шахсий фикр-мулоҳазалар тарзида, дўстона хайрихоҳлик ва босиқлик билан баён этади. У “фалон китобни ҳамма ўқиши шарт!” деб жар солмайди. Балки ана шу асарнинг жозибасию, муаллифнинг ижодий ютуқларини аниқ, лўнда тушунтириб бериш орқали бу асарни нима учун мутолаа қилиш кераклигини асослашга интилади. Бундай йўл тутишнинг аҳамиятини унинг қуйидаги сўзлари ҳам яққол тасдиқлайди: “Чинакам бадиий таҳлил бўлмаган жойда бадиий матн ўқувчининг туйғуларига таъсир этмайди, бинобарин, шахс маънавияти шаклланишига хизмат қилмайди”.

Кўпчилик бадиий адабиётдан асосан ҳаётий саволларга жавоб излашга одатланган. Адабиёт – инсонга тўғри яшашни ўргатувчи восита, деган қарашга кўникиб қолганимиз ҳам сир эмас. Қозоқбой Йўлдош бу ақидага қўшилмайди. Унинг таъкидлашича, бадиий адабиёт саволларга жавоб бермайди, балки китобхоннинг олдига саволларни кўндаланг қўйиш орқали унда воқеликка нисбатан маънавий-фикрий муносабатни шакллантиради. Пировардида англанган бадиият ўқувчини фикрлашга, ҳаётга теранроқ қарашга ўргатади. 

Қозоқбой Йўлдош нафақат адабиётшунос ва мунаққид, балки малакали методист олим, мураббий ва заҳматкаш педагог сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг ўзбек тилида таълим бериладиган мактабларга мўлжаллаб яратган дарслик ва қўлланмалари мамлакатимиздан ташқари қўшни республикалар, ҳатто МДҲ мамлакатлари миқёсида ҳам тилга тушиб улгурган. Педагогика фанининг методологик муаммоларини тадқиқ этиш йўлидаги жонбозлиги илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилган. Хуллас, кенг қиррали шахс. 

Адабиётшунос олимнинг илмий асарлари талайгина. Улар орасида кейинги йилларда яратилган “Ёниқ сўз” китобини алоҳида тилга олиш лозим. Чунки “Ёниқ сўз”– адабий жараённинг энг долзарб масалалари тадқиқига бағишланган етук фундаментал асар. Унда ҳар бир ижодкор шахсиятига эҳтиром билан ёндашилган. Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов сингари улкан адиблар, Миртемир, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи каби ҳассос шоирларимиз ижодидаги ноёб топилмалар илмий жиҳатдан асосланган. Бадиий матнлар замиридаги эстетик жозиба тўлақонли очиб берилган. Қолаверса, “Ёниқ сўз” самимий, содда ифода услубида ёзилгани билан ҳам ўқувчи диққатини тортади. 

Мухтасар айтганда, Қозоқбой Йўлдош – сўз синчиси. Шу билан бирга, у ёниқ сўз ва ёниқ қалб соҳибидир. Олимнинг машаққатли илмий изланишлари илм-фанимиз ривожига, бадиий ижод равнақи ва тилимиз софлигига хизмат қилаётгани билан янада қадрлидир.