ЎзА Ўзбек

16.04.2018 13:22 Чоп этиш версияси

Янги истеъдодлар кашф этилмоқда

Янги истеъдодлар кашф этилмоқда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган "Ёшлик баҳори" ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивали ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан мазкур санъат масканига турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотларнинг вакиллари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг мутасаддилари, талаба-ёшлар, опера мухлислари таклиф этилди.

5.JPG

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков ва бошқалар мамлакатимизда ижодкор ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, янги-янги марралар сари руҳлантириш масаласи Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда устувор ўрин эгаллашини таъкидлади.

Мамлакатимизда тизимли тарзда ўтказилаётган санъат фестиваллари, ижодий танловлар Женисбек Пиязов, Самандар Алимов, Абдулла Ширинов, Раҳим Мирзакамолов, Рустам Алимардонов, Маъсума Болтабоева, Барно Исматуллаева, Ширин Маматова сингари опера соҳасида изланаётган истеъдод соҳибларини кашф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

15.JPG

20.JPG

– Ушбу кўрик-фестиваль юртимизда опера санъатига астойдил қизиқаётган ёшларнинг сафи тобора кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда, – дейди кўрик-фестиваль ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов. – Бир пайтлар опера бўйича атиги 5-6 талаба таҳсил олган бўлса, ушбу ижодий лойиҳада қатнашган 70 нафардан ортиқ иштирокчининг 50 нафардан зиёди Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаларидир.

Кўрик-фестиваль якунига кўра, эркин ижодкор Дамир Раҳмонов ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Камолиддин Муҳаммадиев биринчи ўринга муносиб топилди. Барча ғолиб ва совриндорларга диплом ва мукофотлар топширилди.

Опера юлдузлари ҳамда фестиваль ғолиб ва совриндорлари иштирокидаги гала-концертда юртимиз, жаҳон композиторларининг энг сара асарларидан намуналар янгради.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
8 992