Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.05.2018 19:50 Чоп этиш версияси

Янги аср истеъдодлари

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида шу номдаги республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ҳар йили анъанавий ўтказилаётган мазкур танлов архитектура, қурилиш, миллий ҳунармандчилик бўйича истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг илғор ғоя ва ташаббуслари, лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бу йилги танловда ҳам республикамиздаги архитектура-қурилиш йўналиши бўйича кадрлар тайёрловчи ва бошқа олий таълим муассасаларининг 400 нафарга яқин талабаси ўз лойиҳа ва ижодий ишлари билан қатнашди.

– Бугунги кунда юртимизда замонавий технологиялар ва халқаро мезонларга асосланган қурилиш ишлари кўлами кенгайиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи А.Қўлдошев. – Қурилаётган бино ва иншоотларнинг лойиҳалари асосан маҳаллий архитекторлар томонидан яратилмоқда. Мазкур танлов айни пайтда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган бўлажак мутахассисларнинг бу борадаги имкониятларини кенгайтириш, уларнинг янги инновацион ёндашув асосида яратган лойиҳаларини амалга оширишга ёрдам бериши шубҳасиз.

Танловда иштирокчилар “Энг яхши рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик асари”, “Энг яхши амалий санъат асари”, “Энг яхши архитектуравий инновацион лойиҳа ва макет”, “Энг яхши меъморий таъмирлаш ва қайта тиклаш лойиҳаси”, “Энг яхши муҳандислик лойиҳа ва ишланмалар”, “Энг яхши бизнес лойиҳа” каби ўнта номинация бўйича баҳслашди.

Якунда иштирокчилар муносиб рағбатлантирилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 874